Кириш Регистрация
29/04 00:00 Марсель 2-1 Ланс
29/04 00:00 Бетис 1-1 Севилья
29/04 23:45 Женоа - Кальяри
30/04 00:00 Барселона - Валенсия
30/04 05:00 Боруссия Д - ПСЖ
30/04 05:00 Боруссия Д - ПСЖ
01/05 00:00 Бавария - Реал Мадрид
01/05 00:00 Бавария - Реал Мадрид

Терма жамоасини ўзгартирган футболчилар

Баҳо:
+ | -

Узоқ йиллик фаолияти давомида футболчилар бир нечта клубларда тўп суришлари мумкин.

Терма жамоаларни ўзгартириш - нисбатан кам рўй берадиган ҳодиса. Лекин оз бўлсада, бор. Шунингдек, мусофирликнинг ўзига яраша сабаблари ҳам йўқ эмас, албатта. Ҳикоямиз миллий жамоасини ўзгартирган афсоналар ва эришган натижалари ҳақида.

Уилфрид ЗАХА

Бу футболчи ҳозир Кот-Д'Ивуар терма жамоаси таркибида АМК турнирининг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилаётган бўлиши мумкин эди. Уни миллий терма жамоага таклиф этиш режасидан воз кечган мураббийлар штаби афсусланган бўлса, ажабмас. Ахир Заха Ивуар термаси манфаатини кўзлаб, Англияни рад этганди. Тўғри, Уилфрид инглизларнинг ёшлар жамоасида тўп сурди, кейин Рой Хожсоннинг асосий жамоасида Бельгия ва Швеция терма жамоаларига қарши ўртоқлик учрашувларида майдонга тушди. Бироқ 2016 йилда Кот-Д~Ивуар фуқароси ФИФАдан ўз миллий жамоасида ўйнашга рухсат олди. «Уч шерлар» бош мураббийи Гарет Саутгейт уни олиб қолишга уринган бўлсада, Заха ивуарликлар сафига қўшилди. Лекин ёрқин ўйинлар кўрсата олмади.

Альфредо ДИ СТЕФАНО

Футбол оламининг буюк намояндаларидан бири бўлган футболчи асосан клуб миқёсидаги фаолияти билан танилган. 1956-60 йилларда у «Реал» билан қаторасига 5 мавсумда ЕЧК турнирида ғолиб чиққан. Лекин терма жамоадаги натижалари билан мақтана олмайди. Аргентинада таваллуд топган Ди Стефано миллий жамоа таркибидаги 6та ўйинда 6та гол урганди. Кейин ўша пайтда ФИФАга аъзо бўлмаган Колумбия сафида ўйнагани учун дисквалификация билан жазоланганди. Шундан кейин Альфредо 1956 йилда Испания фуқаролигини қабул қилган ва терма жамоа либосида 31 марта майдонга тушиб, 23та голни расмийлаштирган. Лекин жаҳон чемпионатида майдонга туширилмагани сабабли, 1962 йилда терма жамоадаги фаолиятига нуқта қўйган.

Ференц ПУШКАШ

Венгриялик афсона миллий терма жамоани ЖЧ-1954 финалига олиб чиққанди. 2 йилдан кейин Пушкаш бир қатор футболчилар билан тил бириктириб, халқаро турнега йўл олганди. Кейин 2 йиллик дисквалификация муддатини ўтагач, «Реал» билан шартнома имзолаган ва Испания терма жамоа­си сафида 4 марта майдонга тушган. Қизиғи, ўша учрашувларнинг 3тасини ЖЧ-1962да ўтказганди. Ҳужумчи ўз ватанига 1981 йилда қайтган.

Деклан РАЙС

«Арсенал» ярим ҳимоячиси Лондонда туғилган бўлсада, бобоси ва бувиси ирландиялик бўлганлари учун аввал ёшлар терма жамоасида тўп сурган, кейин асосий жамоада 3 марта майдонга тушганди. Бироқ 2019 йилда у «уч шерлар» таклифини қабул қилиб, ҳозир фаолиятини давом эттирмоқда.

Мишель ПЛАТИНИ

Франциялик футбол афсонасини танимайдиган мухлис бўлмаса керак. Мишель миллий терма жамоа шарафини 1976 йилдан 1987 йилгача ҳимоя қилиб, 72та учрашувда 41та гол урган. Лекин унинг фаолиятида кўпчилик билмайдиган воқеа ҳам бор. 1988 йилда Қувайт амири Платинидан амирлик терма жамоаси билан хайрлашув учрашуви ўтказишни илтимос қилган, Мишель розилик билдирган ва Қувайтнинг СССР терма жамоасига қарши беллашувида иштирок этганди.

Диего КОСТА

Ўз уйида бўлиб ўтган 2014 йил мудиали арафасида Бразилия терма жамоасининг эътиборини қозона олмаган ҳужумчи Испания таклифини қабул қилди. Ваҳоланки, 2013 йилда Диего «пентакампеонлар» сафида 2та учрашув ўтказганди. Тўғри, испанлар жамоасида муваффақиятга эриша олмади, лекин 24та ўйинда 10та гол уришга муваффақ бўлди.

Иньяки УИЛЬЯМС

Испания ёшлар терма жамоасининг аъзоси Евро-2016 турнири арафасида асосий жамоанинг Босния ва Герцеговинага қарши беллашувида майдонга тушганди. Бироқ шундан кейин уни чақиришмади. ЖЧ-2022да Иньяки ота-онасининг юрти бўлмиш Гана терма жамоасига йўл олди. Унинг укаси Нико эса ўша турнирда Испания таркибида тўп сурди.

Амир РРАҲМАНИ

Бу ҳимоячи 2014 ва 2015 йилда 2 марта Албания терма жамоаси сафида майдонга тушганди. Кейин УЕФА ва ФИФА томонидан тан олинган Косово байроғи остига ўтди. Гап шундаки, Амир Приштина шаҳрида туғилган ва юртига қайтиш ҳуқуқига эга эди. Янги терма жамоада у етакчилар сафидан жой олди.

Тиаго МОТТА

2003 йилда Бразилияда туғилган Мотта «Барселона»да тўп сураётган даврида 2 марта миллий терма жамоа сафида майдонга тушди. Ўшанда уммон орти вакилларини КОНКАКАФ Олтин Кубоги турнирига таклиф этишганди. Лекин бразилияликлар Италия фуқаролигига эга бўлган ярим ҳимоячини чақирмай қўйишди. Мотта эса ФИФАнинг ижозати билан «Скуадра Адзурра» аъзолигини қабул қилди ва 30та учрашувда майдонга тушди.

Дензел ДУМФРИС

Мазкур қанот ҳимоячиси ҳозирда Нидерландия терма жамоасининг ажралмас қисмига айланган. Лекин аввалроқ экзотик давлат шарафини ҳимоя қилишга улгурганди. Роттердам шаҳрида дунё юзини кўрган футболчи 2014 йилда Аруба терма жамоаси билан Гуамга қарши 2та учрашувда майдонга тушган. 2016 йилда эса Нидерландияга ўтиб, аввал ёшлар жамоасида, кейин асосий жамоада тўп сура бошлади. Дензел ота томондан Аруба, она томондан эса Суринам терма жамоаларида тўп суриш ҳуқуқига эга.

Жоффри КОНДОГБИА

2013-2015 йиллар оралиғида ярим ҳимоячи Франция терма жамоасининг 5та ўртоқлик учрашувларида иштирок этганди. Кейинчалик французлардан чорлов бўлмагач, терма жамоани алмаштириш тараддудини кўра бошлади. Жоффри Францияда туғилган бўлсада, ота-онаси МАР фуқаролари эдилар. Футболчи бу имкониятдан фойдаланиб, 2018 йилда шу мамлакат терма жамоасида дебютини нишонлади.

Уссем АУАР

Болалик чоғларида Франциянинг турли ёш тоифасидаги ўсмирлар терма жамоаларида самарали тўп сурган ярим ҳимоячи 2020 йилда «уч ранглилар» асосий жамоасидан таклиф олганди. Бироқ тез орада мураббийлар штаби билан келиша олмай қолди. Шу сабабли ишсиз қолган Уссем 2023 йилда ота-онасининг ватани ҳисобланган Жазоир сари йўл олишга қарор қилди ва французлар таркибида майдонга тушганидан афсусда эканлигини таъкидлаб ўтди.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 23:50, 25.02.2024.
Ўқилди: 1755 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.