Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия - Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР - Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн - Хитой
14/11 19:00 Кувайт - Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон - Фаластин
14/11 21:15 Ироқ - Иордания
14/11 21:15 Қатар - Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА - Қирғизистон
15/11 02:00 Венесуэла - Бразилия
15/11 04:30 Парагвай - Аргентина
15/11 05:00 Эквадор - Боливия
15/11 17:00 Индонезия - Япония

Жарлик ёқасидаги номдор жамоа

Баҳо:
+ | -

Ҳозирда «Шальке» клуби улкан муаммолар гирдобида: ўтган мавсумда жамоа охирги 5 йил ичида иккинчи марта 2-Бундеслигага тушиб кетганди.

Жорий мавсумда янада пастроққа шўнғишга яқин турибди - аутсайдерлар гуруҳидан атиги 3 очко кўпроқ тўплаган ҳолда 14-ўринда бормоқда. Мабодо клуб 2-лигадаги ўрнини сақлай олмаса, молиявий муаммолар туфайли фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлиши мумкин. Мазкур ҳалокатга бир қатор хатоликлар шодаси сабаб бўлди, коронавирус пандемияси эса «Шальке»ни тиклана олмайдиган ҳолатга тушириб қўйди.

Мураббийлар тизимидаги бошбошдоқлик ва  стратегик беқарорлик

2010-йилларда «Шальке»нинг ишлари рисоладагидек эди: жамоа мунтазам равишда Бундеслига топлари сафида юрган ва ЕЧЛда иштирок этарди. Бироқ 2014/15 йиллар мавсумида жамоага «кўз тегди» - турнир жадвалида 6-ўринга тушиб қолди, Германия Кубоги турнирини дастлабки босқичда тарк этди, ЕЧЛ йўлланмасидан, кейин бош мураббийидан жудо бўлди. Кейинги мавсумда ҳам сезиларли силжиш бўлмади: 5-ўрин, ЕЧЛ ўрнига ЕЛ. 2016 йил ёзида «Шальке»да қайта қуриш жараёни бошланди: спорт директори лавозимига «Майнц»да Клопп билан, кейин Тухель билан ишлаган Кристиан Хайдель тайинланди. Бош мураббий лавозими эса Маркус Вайнцирлга топширилди. Гарчи клуб трансфер бозорида шов-шув кўтарган бўлсада, натижа пасайиб кетди - 10-ўрин ва мураббий истеъфоси.

2017 йил ёзида мураббийликка келган Доменико Тедеско «Шальке»га тоза ҳаво бағишлагандек бўлди: унинг раҳбарлигида жамоа 2-ўринни эгаллади ва 4 йил ичида илк бор ЕЧЛ йўлланмасига эга бўлди. Бироқ кейинги мавсумда муаммолар яна бош кўтарди: жамоа ЕЧЛнинг 1/8 финалида «Сити»дан 7та жавобсиз гол қабул қилди, ички чемпионатда боши мағлубиятдан чиқмай қолгач, 2019 йил мартида Тедеско истеъфога чиқарилди. Ундан сал аввалроқ спорт директори ҳам клубни тарк этганди. Бироқ барча чора-тадбирлар «Шальке»ни ҳалокатдан қутқара олмади - мавсумни жамоа 14-поғонада якунлади.

Давид Вагнер раҳбарлигидаги 2019/20 йиллар мавсумида «Шальке»даги парчаланиш давом этди: 1-даврани яхши ўтказган жамоа 2-даврада 16 ўйиндан иборат ғалабасиз серияни қайд этиб, маррага 12-ўринда етиб келди. Клубнинг барбод бўлишига чидамаган мухлислар эътирози кучайиб кетди, улар клуб назорат кенгашининг раиси Клеменс Тённиснинг истеъфога чиқарилишини талаб қилдилар. Исён ўз самарасини берди - 2020 йил июнида Тённис 26 йиллик фаолиятидан кейин клубни тарк этди.

Бироқ бу ўзгариш ҳам вазиятни ўнглай олмади: янги мавсумда «Шальке» ўта салбий натижаларни қайд этди. Биринчидан, жамоа билан 5 нафар турли мураббийлар шуғулланишди. Табиийки, бу жамоанинг ўйин савиясига таъсир этди. Иккинчидан, паст савиядаги ўйинлар туфайли жамоа бир қатор антирекорд­ларни ўрнатди: Бундеслигада ғалаба учун 3 очко бериш бошланганидан кейинги давр ичидаги энг ёмон натижани қайд этди, 18та учрашувда бирорта гол ура олмади, ўз майдонида 11 марта мағлубиятга учради, 13 марта йирик ҳисобдаги мағлубиятни тан олди, якунда Иккинчи лигага тушиб кетди. Мана шу жамоа­даги емирилишнинг бошланиши эди.

2011 йилдан ҳозирга қадар «Шальке»да 14 нафар мураббий фаолият юритди. Улар орасида Тедеско бошқа касбдошларидан узоқроқ - 1 йилу 278 кун ишлади. Мунтазам равишда қўлма,қўл бўлган жамоанинг натижалари табиийки, пасайиб кетди. Бу клуб даромадининг пасайишига олиб келди: ЕЧЛда иштирок этмасдан кун кўриш қийин эканлиги менежерлар ўйлаганларидан қийинроқ эканлиги ойдинлашди. Дарвоқе, менежерлар ўртасидаги қўнимсизлик ҳам «Шальке»га салбий таъсир этди - пухта стратегияга асосланган ривожланиш ўрнини хатоларга тўлиб-тошган бошқарувдаги тартибсизлик эгаллади. Бу эса клубни биринчи бор Бундеслигани тарк этишга олиб келди, тез орада омадсизлик яна такрорланди.

Нотўғри трансфер  қарорлари

«Шальке»даги вазиятни бирон-бир ҳаётий воқеага таққосласак, у чорраҳада қайта-қайта такрорланадиган нотўғри бурилишни эслатади. 2016 йилда жамоага келган Хайдель баҳоси арзонроқ бўлган футболчиларни танлашда уста бўлсада, қимматбаҳо трансферларда хатога йўл қўярди. Ҳанузгача клубнинг рекорд хариди бўлиб турган Эмболо жамоага сариқ чақалик манфаат келтирмай туриб жароҳат олди. Бентолиб инжиқ табиатли футболчи бўлгани учун жамоадошлари билан тил топиша олмади. Матондо ноёб иқтидор соҳиби, лекин унга барқарорлик етишмайди. Руди эса шунчаки, Тедесконинг услубига мослаша олмади. Оқибатда, ана шу хатоликлар «Шальке» учун қимматга тушди. Агар жамоанинг омадсиз харидлардан фориғ бўлиш йўлидаги олди, сотдиларини ҳисобласак, 100 млн. еврога яқинлашиб қолади. Уларга сарфланган харажатлар эса 140 миллион! Демак, номақбул трансферлар клубга 240 млн. камомад келтирди.

Бундан ташқари, «Шальке» молиявий имкониятларига мос келмайдиган ўйинчиларни харид қилди, ўзининг асосий ўйинчиларини эса сотиб юборди - шунчаки, янги шартномалар бўйича келиша олмагани сабабли.

2016 йилда клуб академиясининг тарбияланувчиси Жоэль Матип 23 ёшида жамоани тарк этди: ваҳоланки, у жамоа сафида 258та учрашув ўтказган ва 20 млн. еврога баҳоланганди. Бироқ «Ливерпул»га эркин агент мақомида ўтиб кетди. Бир йилдан кейин Колошинац шу усулда «Арсенал»га кетди. Ўз вақтида Германиянинг ноёб иқтидорларидан бири бўлган 20 миллионли Макс Майер 2018 йилда «Кристал Пэлас» аъзосига айланди, Леон Горецкани эса «Бавария» илиб кетди.

Коронавирус пандемияси ва молиявий жарлик

Узоқ муддатга чўзилган уқувсиз бошқарув оқибатида хонавайрон бўлган «Шальке»ни коронавирус бутунлай йиқитди. Томошабинларсиз ўтган ҳар бир учрашувда клуб 2 млн. еврога яқин маблағдан маҳрум бўлди. Боз устига ҳомийлик ва маркетингдан келадиган даромад ҳам пасайиб кетди. 2020 йилдаги тушум 275 млн.дан 175 млн.га тушиб қолди. Маошлар эса атиги 13 фоизга қисқартирилди. Натижада бюджетдаги танқислик 18 млн.дан 71 млн.га кўтарилди. Бундан ташқари, мухлисларнинг қайтишидан умидвор бўлган мутасаддилар олишган 35 млн. евролик кредит ўз вақтида қайтарилмади. Чунки пандемия даври чўзилиб кетди. Охир-оқибат, қарз миқдори 2021 йилда 183,5 млн.га етди. Бу чинакам ҳалокат эди.

2020/21 йиллар мавсумида жамоа элитани тарк этгач, раҳбарият Кристина Рюль-Хаммерсни молиявий директор лавозимига тайинлади. Янги мутахассис ишни кенг қамровли иқтисод режимини эълон қилиш билан бошлади. Тўлов ведомостлари ҳажми қисқартирилди, киберспорт жамоасининг лицензиялари сотувга чиқарилди ва қарз облигациялари чоп этилди. Қисқа вақт ичида клуб ғазнаси 8,9 млн. еврога эга бўлди. Бироқ энди бошқа муаммо бош кўтарди: 2022 йилда жамоа асосий ҳомийси - «Газпром» билан ҳамкорликни тўхтатди. Россия компанияси ҳар йили 20 млн. евро даромад келтирарди. Шу сабабли, клуб қарзлари 3,5 млн.га камайди, холос. Рюль-Хаммерснинг фикрича, клубнинг элитага қайтиши ҳомийларнинг кўпайишига ва қарзлардан халос бўлишга ёрдам берарди. Лекин «Шальке» ўтган мавсумда яна 2-лигага тушиб кетди.

Айнан ҳозир клуб ўта мураккаб вазиятда - у 3-лигага тушиб кетиш хавфи остида. Зиммасидаги 179 «лимон»ли қарз эса у ерда лицензия олиш имкониятини йўққа чиқаради. У ҳолда, клуб фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлади. Агар бу ҳалокат рўй берса, малакатнинг номдор жамоаларидан бири бўлган «Шальке» ношудларча қабул қилинган қарорлар, мураббийлар қўнимсизлиги ва самарасиз молиявий бошқарув қурбонига айланади.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 22:45, 08.03.2024.
Ўқилди: 1799 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.