Франция чемпионатида гегемон чемпионнинг тасодифий даъвогари пайдо бўлди.
Ҳа, айни паллада турнир жадвалининг 2-поғонасини 12 ўйинли мағлубиятсиз серияни амалга оширган «Брест» банд этган. ЕЧЛ ҳудудида бораётган Эрик Руа жамоаси «Монако»дан 2 очкога олдинда. Тўғри, Лига 1да ҳар йили қайсидир жамоа кўпчилик кутмаган натижага эришишига кўникиб қолганмиз. Мана, ўтган мавсум ўзининг шиддатли парвози билан ЕЧЛда иштирок этмоқда. Энди «Брест» ҳаммани ўзига қаратмоқда.
Агар мавсум бошланиши арафасида кимдир «Ҳатто тилга олишга ҳам арзимайдиган жамоа» номинациясини ўйлаб топганида, «Брест» нафақат Лига 1, балки топ-лигалар бешлигининг энг ношуд жамоаси бўларди. Дарҳақиқат, ҳозир бу клубдаги улкан силжишдан таъсирчанроқ тараққиётни топишнинг иложи йўқ. Элитага қайтган бретонлар сўнгги 4 мавсумда бор куч-маҳоратларини Лига 2га қайтмасликка сарфладилар. Маррага 14-17-ўринларда етиб келишди, бир марта 11-поғонага кўтарилишди. Боз устига, «Брест» шу пайтгача бирорта совринни қўлга кирита олмаган, Лига 1да 8-ўриндан (1987) кўтарила олган эмас.
Хуллас, бу «митти» жамоанинг фаворитлар гуруҳида юриши ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келган эмасди. «Брест»нинг бюджети ўта камтарин - 48 млн. евро атрофида, таркиби 79,3 млн. фақат «Гавр», «Клермон» ва «Метц»нинг таркиблари сал арзонроқ. Шундай таркиб ва чекланган имкониятларга эга жамоа пешқадамни таъқиб этишни эмас, биринчи навбатда элитадаги ўрнини сақлаб қолишни ўйлаши керак. Бироқ баъзан мўъжизалар ҳам рўй бериб туради.
«Брест»даги муваффақиятнинг бош ижодкори - бош мураббий Эрик Руа. Кўпчиликка нотаниш бўлган 56 ёшли мутахассис жамоага ўтган йил январида келганди. У келган пайтда жамоа сўнгги ўринда эди, Руа уни маррага 6 поғонага кўтарган ҳолда олиб келди. Энди у етакчилар сафида. «Қароқчилар» Эрик раҳбарлигида 44 учрашувда 20та ғалабага эришдилар.
Футболчи сифатида «Ницца», «Лион», «Марсель», Англияда «Сандерленд» ва Испанияда «Райо Вальекано» клубларида талаб даражасида тўп сурган Эрик мураббий мақомида ҳозирча, ўзини кўрсата олмаган. Сабаби, тажрибаси жуда оз. Уни 2010 йилда илк бор «Ницца»га таклиф этишди. Бунга қадар Руа клуб тизимидаги бошқа лавозимларда ишлаб келганди. У 17-ўриндаги жамоани қуйи лигага тушиб кетишдан қутқариб қолди, кейин Франция Кубогининг ярим финалига олиб чиқди. Лекин натижадан қониқмаган мутасаддилар 2017 ноябрида бош мураббийлик, 2012 йилда спорт директори лавозимларидан озод этишди. Шундан кейин «Брест»гача ҳеч қайси жамоани бошқармади.
«Ницца»дан кетганимдан кейин лицензияга эга эмаслигим мен учун муаммо бўлди. Ўқиш даври 3 йил. Мураббийликка бевақт келганимдан афсусландим. Бироқ бу соҳада масалани президент ёки спорт директори ҳал қилади», - деганди Эрик куюниб.
Ниҳоят, 2016 йилда Руа Зидан ва бошқа талабалар қатори керакли ҳужжатга эга бўлди. Кейин ТВдаги экспертлик вазифасини давом эттирди, 2 йил «Ланс»да спорт директори вазифасини бажарди, ярим йил «Уотфорд» тизимида ишлади. 2020 йилда Англияни тарк этгач, ўзи учун мақбул бўладиган таклифни кутди ва ниҳоят, «Брест»ни қабул қилди.
Руа новатор ёки уникум мақомидаги мутахассис эмас, унинг жамоаси ўта шиддатли ўйинни намойиш этмайди. Эрик шунчаки, бор имкониятлардан самарали фойдаланишга интилади. «Қароқчилар» кўпинча 4-3-3 ёки 4-2-3-1 тактик схемасини қўллайдилар. Жамоа аниқ кроссларн амалга ошириш бобида Лига 1да етакчилик қилмоқда. Шунингдек, сермаҳсуллик бўйича тўртинчи (34), гол ўтказиб юбориш бўйича иккинчи (18) натижани қайд этмоқда.
«Брест» таркибида юлдузлар йўқ - у Лига 1нинг юлдуз жамоаси. Клубнинг энг қиммат ўйинчилари - 8 млн. еврога баҳоланаётган Лилиан Брассье ва жамоа сардори Брендан Шардонне (7 млн.). Шунингдек, Брэдли Локо, Пьерр Лис-Мелу, жамоанинг энг яхши тўпурари ва ассистенти Ромен дель Кастильоларнинг (5та гол, 5та ассист) баҳолари ҳам 7 млн. евро. 30 ёшли Лис-Мелу - зарбалар сони (45) ва рақиб узатмаларини илиб олиш (37) бобида «Брест» етакчиси, Лига 1да 3-ўринда. Кастильо эса рақибларни алдаб ўтиш (60), жарима майдончасига узатмалар йўллаш (295) ва тўпни рақибдан олиб қўйиш (73) ва яккакурашлардаги устунлик (56 фоиз) бўйича яққол етакчи. Шунингдек, рақибларини қўполлик ишлатишга мажбур этиб, жарима зарбалари ишлашда ҳам биринчи.
Трансфер бозорида 24 ёшли Брассье жуда харидоргир. «Милан», «Монако» клублари унга қизиқиш билдиришган. Жорий мавсумда ҳимоячи «ПСЖ»га қарши беллашувда (Франция Кубоги, 1Ғ8 финал) Килиан Мбаппени қўполлик билан тўхтатиб қолган ва 2-сариқ карточка туфайли майдонни тарк этганди. Кейин ижтимоий тармоқлар орқали аччиқ танқидларни қабул қилишга мажбур бўлганди.
Умуман, негадир Мбаппе жорий мавсумда «Брест»га нисбатан муносабатларини изга сола олмаяпти. Кузда у «қароқчилар» дарвозасини ишғол этгач, голни айнан рақиб жамоа мухлислари рўпарасида нишонлаган ва табиийки, уларнинг ғазабини қўзғаганди. Бу қитмир ҳаракатини ҳужумчи ўша дарғазаб мухлислар Ашраф Ҳакимини ҳақорат қилганликлари учун амалга оширганлигини айтганди. Қизиғи, ўша беллашувда «Брест» 0:2ни 2:2га айлантирган ва пешқадамни муҳим 2 очкодан маҳрум этишга яқин келганди. Лекин Килиан барибир, 89-дақиқада ғалаба голини уришга муваффақ бўлганди. «Парк де Пренс»да бўлиб ўтган январдаги учрашувда Руа шогирдлари яна 2та тўп фарқини йўққа чиқаришди. Бироқ бу гал жанговар (2:2) дурангни сақлаб қолишди.
«Очиғини айтганда, шундай имкониятдан фойдаланмай, бошқа юмуш билан шуғулланган, мураббийликдан воз кечганимда, бир неча йилдан кейин ўзимни кечира олмаган бўлардим. Чунки ўз жамоамни жуда севаман», - деганди Эрик интервьюларидан бирида.
Содиқ СОБИР тайёрлади