Ўтган мавсумда "Пахтакор" Чемпионлар лигасининг 2та ўйинида сўнгги дақиқаларда гол ўтказиб юбориб, муҳим бўлган бир нечта очколардан маҳрум бўлганди. Албатта, бир йил аввалги ўйинларда футболчиларга тажриба етишмаганди. Жамоа бир ёшга улғайган бўлса-да, таркибдаги футболчилар янада ёшариб кетишди. Козак, Искандаров, Сергеев, Махсталиев... "Пахтакор"ни деярли Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси десак бўлади. Аммо 20 ёшли бу йигитлар халқаро тажрибага эга ва улар амалда ўйин тақдирини ҳал қилишди.
Шундоқ ҳам таркиб борасида муаммога эга бўлган "Пахтакор" (йўқотишлар — Миладинович, Андреев, Каримов)нинг жиддий рақибга қарши ўйини олдидан деярли барча эҳтиёткорлик билан гапираётганди. Аммо ўйин бошида Жора Оганесян ва Александр Мерзляковларнинг дарвоза томон берган аниқ зарбалари голга айланмаган бўлса-да, бу ҳолат футболчиларга ишонч бағишлади. Демак, ўйнаса, ҳужум қилса, керак бўлса, гол урса ҳам бўлади!
Тўғри, Амирлик футболчилари биринчи бўлимнинг иккинчи ярмида ташаббусни ўз қўлларига ола бошлашди. Техник жиҳатдан устун ҳисобланган футболчиларга озгина бўшлиқ тақдим этилса, уларнинг ҳар бири бемалол 2 нафар ҳимоячини ўзи алдаб ўтиши ёки "девор" услуби мудофаа вакилларини доғда қолдиришлари ҳеч гап эмас. Буни Мурод Исмоилов шогирдларига тўғри тушунтириб бера олди шекилли, пахтакорчилар ҳеч қачон "Шабоб" футболчисига қаршисида ёлғиз қолишмади. Ҳимоячиларга Махарадзе, Шарофетдинов ва Қиличев ёрдам бериб туришди.
Дарвоқе, Қиличевнинг ҳимоядаги қалтис ҳаракати — керак бўлмаган жойда рақиб футболчисини алдашга уриниши оқибатида тўп йўқотилди ва у гол билан якунланишига бир баҳя қолди. Тўпни эгаллаб олган Луис Энрике бир нафар футболчимизни алдаб, жарима майдончамизга кириб келди ва ўткир бурчак остида дарвоза томон зарба берди. Лобанов тўпга ташландию, аммо уни ушлаб қола олмади. Дарвозагача 3-4 метр масофадан сакраб турган тўпни Эсса Обайд бош билан тўғри йўллай олмади.
Иккинчи бўлимда мезбонлар майдонда ҳукмронлик ўрнатишди. Улар деярли тўпни тошкентликларга беришмади. Вакилларимиз эса фақатгина тўпни қайтариб туришдан бошқа иложлари қолмаганди. Дубайликлар арабларга хос бўлган тарзда "Пахтакор" мудофаасини ёриб ўтишни уддалай олишмаганидан кейин, улар олис масофадан дарвозани ўққа тута бошлашди. Зарбаларнинг айримлари ноаниқ кетган бўлса, тўғри йўлланган зарбалар пайтида эса Лобанов хушёрликни йўқотмади. Фақатгина бир вазиятда (67-дақиқа) тўп Лобанов қўриқлаётган дарвоза тўсинига тегиб қайтди.
Таъкидлаш лозим, иккинчи бўлимдаги Ҳайдаров жамоадошларининг босими ёш пахтакорчиларнинг иродасини синовдан ўтказди. "Пахтакор" ушбу синовдан аъло даражада ўтиш билан биргаликда, ўзининг характерини ҳам намойиш қилди. Иккинчи бўлим ўрталарида майдонга тушган Темурхўжа Абдухолиқов рақиб ҳимоя чизиғини хавотирга сола бошлади. Ушбу огоҳлик қўнғироғи ҳақида мезбон жамоа вакиллари ўйлашмади, аксинча уларга олдинга интилаверишди. Ўйин тугашига 5 дақиқа қолганида Мурод Исмоилов шогирдларида қарши ҳужум учун ажойиб имконият пайдо бўлди. Абдухолиқов жарима майдончаси яқинигача келиб, тўпни ўнг томондан очилаётган Ғулом Ўруновга узатиб, қайта қабул қилиб олди. Ҳужумчи бир ҳимоячини чалғитиб зарба берганди, аммо иккинчи ҳужумчи унинг зарбасини қайтаришга муваффақ бўлди. Тўп эса Жамшид Искандаровнинг чап оёғига келиб тушди ва яқин масофадан дарвоза тўрини силкитди!
Шарҳнинг бошини ўтган йилги мавсумда муҳим очколар йўқотилгани ҳақида айтиб ўтгандик. Бугунги ўйинда "Пахтакор" дуранг ўйнаса, жамоадан ҳеч ким хафа бўлмасди. Тошкентликлар эса БААдан нақд 3 очко билан қайтадиган бўлди ва "В" гуруҳида яққол пешқадам бўлиб олди.
ОЧЛ-2013. "В" ГУРУҲИ. 2-ТУР.
"АШ-ШАБОБ" (БАА) - "ПАХТАКОР" (Ўзбекистон) - 0:1 (0:0)
Гол: Ж.Искандаров (85)
Огроҳлантиришлар: Александр Мерзляков (46), Ғулом Ўрунов (90+1)
"Аш-Шабоб": Салим Ҳаммадий, Муҳаммад Марзуқ, Волид Аббос, Эсам Дахий, Азиз Ҳайдаров, Луис Энрике, Сами Ҳамадий (Маҳмуд Қосим 68), Иса Широқ (Довуд ал-Блуший 72), Ҳасан Иброҳим, Эдгар, Сиэл
"Пахтакор": Александр Лобанов, Александр Мерзляков, Владимир Козак, Акбар Исматуллаев, Даврон Ҳошимов, Кахи Махарадзе, Дилшод Шарофетдинов, Жамшид Искандаров (Аббосбек Махсталиев 87), Жора Оганесян (Ғулом Ўрунов 74), Ойбек Қиличев (Темурхўжа Абдухолиқов 64), Игорь Сергеев