Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Бахтиёр Ашурматов: «Бу йил чемпионлик пойтахтдан четга чиқади»

Баҳо:
+ | -

«Навбаҳор» мухлислари томонидан ташкил этилган «Телеграм» тармоғидаги махсус каналда футболчи ва мураббийлар, турли йўналишлар бўйича мутахассислар билан жонли мулоқот уюштириш йўлга қўйилди яқинда.

Жумладан, жамоанинг собиқ бош мураббийи Бахтиёр Ашурматов ҳам янги лойиҳа меҳмони бўлиб, мухлислардан тушган саволларга батафсил, асосийси, дангал жавоб қайтарди.

- Бахтиёр ака, аввало, кўпчиликни қизиқтираётган савол: айни пайт нималар билан машғулсиз?

- Яқиндагина Тошкентда «Ашурматов Жуниор» футбол мактабига асос солдик. Ўзи анчадан буён шу мақсад йўлида ҳаракат қилаётгандик. Мана, насиб экан, иш бошлаб олдик. Келажакда Фарғона ва Наманганда ҳам мактаб филиалини очиш ниятимиз бор. Ҳозирда тарбияланувчиларни жияним Нодир Ашурматов ёрдамида шахсан ўзим шуғуллантириб турибман. Келгусида мактабни ривожлантириб, бир қатор мураббийларни ишга таклиф этмоқчимиз. Бу борада айримлар билан келишув ҳам бор.

- Мавсум аввалида «Навбаҳор»га ёрдамчи мураббий сифатида қайтишингиз мумкинлиги ҳақида эшитгандик...

- Йўқ, аниқроғи, мени олдинроқ таклиф этишганди. Яъни жияним Рустам Ашурматов хориждан жиддий таклиф олгач, масалани муҳокама қилиш учун Наманганга борганимда, раҳбарлар у жамоага кераклиги, мени ҳам ишга чорламоқчи эканликларини айтишганди. Ўшанда қандай ролда бўлсада, ишлашга тайёрлигимни билдиргандим. Чунки «Навбаҳор»га ҳурматим баланд, клубни бошқарганимда, мухлислар билан ҳам яхши чиқишганман. Лекин насиб эмас экан, қайтиш амалга ошмади.

- Орада Рустам Ашурматовнинг ҳам «Навбаҳор»га қайтиши эҳтимоли ҳақида гап-сўзлар урчиди. Буниси ҳақиқатга  қанчалик яқин эди?

- Рустамнинг Россиядаги фаолияти бир текис кечаётгани йўқ. «Рубин»да мураббийлар алмашиши кўп нарсани ўзгартириб юборяпти. Рустам бир мураббий ишончига кирган паллада унинг ўрнига бошқаси келяпти ва ҳаммаси бошидан бошланяпти. Яширмайман, мавсум аввалида Рустам олдида бир қатор яхши таклифлар бор эди. Жумладан, «Навбаҳор»­ники ҳам. Фақат «Рубин» бош мураббийи жиянимда асосий таркибга кириш имконияти катталигини айтиб, уни қўйиб юбормади.

- Сизнингча, Рустам қачондир яна «Навбаҳор»да тўп суриши мумкинми?

- Эҳтимол. Зеро, у Намангандаги фаолияти давомида илиқ хотиралар қолдирди. Яъни «Навбаҳор»да олдинги даражасига чиқди, мухлислар меҳрини қозонди ва шу орқали миллий жамоадан қайта чақирув ола бошлади. 

- «Навбаҳор» бир неча йиллардан буён юқори ўрин учун курашмоқда, аммо... Агар ҳозирги жамоа сизга ишониб топширилганида, чемпионлик имкония­тини неча фоиз даражасида баҳолардингиз?

- Суперлига баҳсларини катта қизиқиш билан кузатиб бораман. Айниқса, «Навбаҳор» ўйинларини. Назаримда, бу йил чемпионлик пойтахтдан ташқарига чиқади. Биласизми, мен ишлаган вақт «Навбаҳор»да ҳозирги имконият ва эътиборнинг 10 фоизи ҳам йўқ эди. Айни дамда жамоа бюджет бўйича Суперлигада олд қаторлар футболчилар ҳам анча савияли. Хуллас, ҳозирги жамоа билан чемпион бўлиш имкониятини 90 фоиз баҳолайман. Очиғини айтаман, «Навбаҳор» бу йил ҳам олтин медаль ютолмаса, бу катта муваффақиятсизлик саналади.

- «Навбаҳор»нинг бугунги етакчилари бошқа вилоятлар футболи тарбияланувчилари ҳисобланишади. Келинг, «рангли қоғозга» ўралган профессионаллик тушунчасини бир четга суриб, саволни дангал қўяйлик: турли шаҳарлардан келганлар маҳаллий футболчилардек эффект бера олишадими?

- Ҳа, футболда профессио­наллик муҳим. Аммо яширишга ҳожат йўқ, агар «Навба­ҳор»да пулдан муаммо туғилса, ҳозирги футболчилардан 90 фоизи жамоадан кетади. Маҳаллий йигитлар эса ҳар қандай шароитда ҳам ўйнаб беришади.

- Дейлик, «Навбаҳор» бош мураббийи лавозимига тайинлансангиз ва жамоа олдига юқори вазифалар қўйилса, қандай йўл тутардингиз: тажрибали футболчиларга таянармидингиз ёки маҳаллий ёшларга?

- Жамоа олдига катта вазифалар қўйилса, мураббий хоҳласа-хоҳламаса, тажрибали ва кучли футболчиларга эътибор қаратади. Оддий айт­ганда, мураббийдан натижа талаб қилинган вақтда у тайёр футболчилар хизматидан фойдаланади. Ҳозирда мураббийга узоқ муддат имконият берадиган клублар жуда кам. Ёшларга эътибор қаратиш ва улар билан натижа кўрсатиш эса вақт талаб этади. Афсуски, ҳозир аксарият жамоалар раҳбарларига тезкор натижа зарур. Шунинг учун кўплаб мураббийлар бугунги кун билан яшашга мажбурлар. 

- Сиз ишлаган даврда «Навбаҳор»нинг молиявий имконияти юқори эмасди. Айтишларича, баъзан футболчиларга ўз ёнингиздан мукофот пули берган экансиз...

- Ҳа, шунақаси ҳам бўлганди. Аниқроғи, 3та ўйинга белгиланган мукофот пулини топиб беришимга тўғри келганди. Лекин клубда молиявий муаммолар бартараф этилгач, пулни қайтариб олиш шарти билан. Ўша вақт 1та ўйин учун чамаси 10 минг доллар мукофот пули белгиланарди. Афсуски, 3та ўйин мукофотини қоплаган пулни қайтариб ололмадим, жамоада қолиб кетди. Майли, розиман, хафагарчилик йўқ.

- «Навбаҳор» молиявий инқироз  ортидан оғир аҳволга тушиб қолганида, ЎФФ­нинг ўша вақтдаги президенти, раҳматли Мираброр Усмонов ҳомий топиб берганди. Аммо бу айримлар томонидан нотўғри талқин қилинган экан...

- Яхши эслайман, «Пахта­кор»га қарши сафар учрашувидаги аламли мағлубиятдан кейин Мираброр ака Наманганда раҳбарлар билан йиғилиш ўтказган, жамоага меҳри тушганини таъкидлаб, ҳомий топиб беришини айтганди. Шундан кейин ҳомий ҳам бириктирилди, бироқ айримлар «Нав­баҳор»га ажратилган пул жамоага тўлиқ етиб келмагани ҳақида гап тарқатишган. Мираброр Зуфарович шундан сўнг мени ўз олдига чақириб, бундай гап-сўзлар ортиқча эканлиги ва ҳомийлик ёрдами тўхтатиб қўйилишини айтганди...

- ОКМКдаги фаолиятингиз ёрқин чиққанди: кубок финалида «Пахтакор» устидан ғалаба, ОЧЛ гуруҳ босқичи йўлланмаси. Аммо мавсум якунида клуб раҳбарияти сизни ишдан бўшатганди.

- Ҳа, ўша мавсум ғоят омадли келганди. Аммо «Пахтакор»­га қарши финалдаги ғалабамиз кўпчилик томонидан бошқача талқин қилинган. Чемпионлик «Пахтакор» ва кубок ОКМКга олиб берилгани ҳақида ассосиз фикрлар ҳам тар­қалганди. Шуниси аниқ, финалга юқори кайфиятда тайёргарлик кўрган ва ўз кучимиз билан ғалаба қозонган эдик. Бироқ шундан сўнг нимадир бўлди-ю, чемпионатда кетма-кет ўйинларда очко йўқотдик. Бундан эса ўрнимга кўз тикканлар фойдаланиб қолишди: улар турли иғволар билан раҳбарият фикрини ўзгартиришган. Раҳбарлардан истеъфо сабабини сўраганимда, ОЧЛда натижа қайд этишни кўзлашаётгани, бунинг учун тажрибалироқ мураббий хизматидан фойдаланишларини айтишган. Ўтган йилги 0:9дан кейин ўша инсонларга қўнғироқ қилиб, ҳол-аҳвол сўрагим келди-ю, буни ўзимга эп кўрмадим...

- Ўзбекистон миллий жамоасининг бугунги даражаси ва Осиё кубогидаги иштироки ҳақида нима дейсиз?

- Жамоамизнинг Осиё чемпионатидаги иштирокидан кўнглим тўлмади. Агар чорак финалда Қатар термасини енгиб, ярим финалга чиққанимизда, унда бирламчи вазифа бажарилганини таъкидлаш мумкин бўларди. Амалда мезбонлар тўсиғидан ўтолмадик. Ўша мағлубиятдан кейин Сречко Катанецнинг тушунарсиз қарорларидан шу даражада қаттиқ таъсирландимки, кайфият тушиб кетганидан ярим финал ва финал ўйинларини умуман кўрмадим. Пенальтилар сериясига тайёр бўлмаган ҳолда, ўйинни шу нуқтага олиб бордик. Ваҳоланки, жамоамиз Қатар термасини асосий вақтда мағлуб этиш салоҳиятига эга эди. Ўйлашимча, учрашувларнинг катта қисмини ҳужумчисиз ўтказганимиз якунда панд берди. Қолаверса, пенальтилар сериясига тайёргарлик кўрилмагани, кимлар тепишларини футболчиларнинг ўзларига ҳавола қилингани мен учун катта тушунарсизлик бўлди. Бу мураббий томонидан мутлақо нотўғри ёндашув, менимча. 

- Хўш, миллий жамоамиз бу сафар узоқ кутилган мундиал йўлланмасига эга чиқармикан?

- Ҳа, бу сафар ЖЧга борамиз, албатта. Ҳар ҳолда, сифатли ижрочилар сафи кенгаймоқда, савияли чемпионатларда ўйнаётган легионерларимиз кўпайишмоқда. Шундан экан, бу якунда натижа келтириши керак. Муҳими, айни пайт яхшигина рақобатбардош жамоа шаклланди. Назаримда, бу сафар имкониятдан тўлиқ фойдаланамиз.

Хуршид ЮСУПОВ тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 20:30, 02.04.2024.
Ўқилди: 813 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.