Ўзбекистон олимпия терма жамоаси бош мураббий Темур Кападзе Осиё кубоги гуруҳ босқичи 3-тури доирасида бўлиб ўтадиган Вьетнамга қарши ўйин олдидан ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Тайёргарлик ҳақида
Эртанги ўйин олдидан бугун охирги машғулотни ўтказдик. Энг асосийси — барча ўйинчилар соғ-саломат. Футболчилар эртанги баҳсга тайёр. Эртага ҳам осон ўйин бўлмайди. Чунки Вьетнам ҳам яхши жамоа. Ишлар режа асосида давом этяпти. Эртага ҳам керакли натижа учун майдонга тушамиз.
Легионерлар ҳақида
Легионер футболчиларимиз жамоа сафига етиб келишганидан албатта хурсандмиз. Улар жамоага янада куч бағишлашади. Олдимизга қўйилган мақсадга эришишда улар ҳам ўз ҳиссасини қўшади, деб ўйлайман. Энг асосийси, улар Қатарга соғ-саломат етиб келишди. Бугун тўлиқ таркиб билан машғулот ўтказдик. Асосий ўйинларимиз ҳам олдинда. Йигитларда кайфият яхши. Легионерларимиз келмаганида ҳам мақсадимиз ўзгармасди. Улар билан эса таркибимиз янада кучаяди.
Ротация ҳақида
Абдуқодирни эртага майдонга туширсам керак. Сўнгги пайтларда унда ўйин амалиёти бироз камайди. Аббосни эса вазиятга қариб иккинчи бўлимда майдонга туширишим мумкин. Улар эртанги баҳсда майдонга тушишса, жамоага тезроқ киришиб кетишади. Таркибда ротация бўлади. Ҳар бир ўйинда кучга тўла футболчилар билан иштирок этишга интиламиз.