Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Серхио Каналес: «Мексика – ҳақиқий футбол мамлакати»

Баҳо:
+ | -

Ла Лиганинг гранд клубларидаги ўйинлари билан танилган испаниялик ҳужумкор ярим ҳимоячи Серхио Каналес ўтган йили ўзи учун қулай ҳудуддан чиқиб, салоҳиятини янги чемпио­натда синаб кўришни маъқул кўрди.

Аниқроқ айтсак, Испания элит дивизионида нақ 15 йил фаолият юритган 33 ёшли футболчи Мексиканинг «Монтеррей» клуби таклифини қабул қилди. Айтиш ўринли, Каналес трансфери бутун Мексика футболида катта шов-шув келтириб чиқарди. Серхио шунга яраша Клублар ўртасидаги ЖЧ-2025 йўлланмасини кафолатлашга улгурган «Монтеррей»да асосий «фигура»лар қаторига қўшилди ва яқинда КОНКАКАФ Чемпионлар кубоги чорак финалида Лионель Мессиси бор «Интер Майами» ҳар икки ўйинда ҳам «тиз чўктирилиши»га муносиб ҳисса қўшди. Каналес турнирнинг ярим финал баҳслари олдидан эса ФИФA расмий сайтининг интервью масаласидаги сўровига ижобий жавоб берди. Суҳбат жараёнида фахрий футболчининг Мексикага йўл олиши ва мамлакат футболи даражаси ҳақида гап борди. Серхио шунинг баробарида Лионель Месси билан учрашувига ҳам тўхталди.

- Мексикадаги илк мавсум ўзингизга нечоғли ёқди?

- Ҳар бир ўйин ва турнирда фақат ғалабага интиладиган «Монтеррей»дек клубда тўп сураётганимдан бахтиёрман. Жамоада ўсишга қаратилган иштиёқ катта эканлиги кайфият бағишламоқда ва астойдил ишлаяпман. Қайтараман, «Монтеррей»да янги тарих яратиш, ривожланиш ва ажойиб натижаларга эришиш стратегияси бор - бу буюк клубларга хос ёндашув. Футболчи учун асосийси нима? Ўзи иштирок этаётган ҳар бир турнирда бош совринга даъвогар бўлиш, албатта. Хуллас, «Монтеррей» кучли истак ва ғалаба менталитетига эга жамоа. Демак, қониқиш ҳисси бор.

- Ўзи Мексика футболи қандай?

- Гап ҳақиқий футбол мамлакати ҳақида кетмоқда. Ҳа, маҳаллий лига Европада унча машҳур эмасдир, аммо бу ерда умумий стандартлар жуда юқори. Қолаверса, чемпионат савияси тобора ошмоқда. Мисол учун, уй ўйинларида ҳар сафар мухлислар билан деярли тўлган трибуналар остида ўйнаймиз. Демоқчиманки, Мексика футболида мухлислик даражаси - космос! Стадион ўз жамоасини 90 дақиқа давомида тинимсиз равишда қўллаб-қувватлайди. Хусусан, «Монтеррей» фанатларига гап йўқ, улар ҳамиша иштиёққа тўла ҳолда, бизни олға бошлашади. Дейлик, сафар ўйинларида ҳам жамоа­ни сира ёлғизлатиб қўйишмайди.

- Футбол савиясини олсак, Европа лигаларига нисбатан қанчалик фарқ сезилмоқда?

- Европа жамоаси Мексика лигасига қўйилса, қандай каромат кўрсатиши мумкинлигини айтиш мушкул. Ҳар ҳолда, маҳаллий клублар осонгина таслим бўлмаслиги аниқ. Умуман, фикримча, Мексика футболи мутлақо бошқача. Ҳаттоки, деярли бошқа спорт туридек... Мексика ва Европа футболини ўзаро таққослаш - бу худди АПЛни Ла Лига билан солиштиришга уринишдек гап. Қайтараман, маҳаллий лигада деярли барча жамоалар ўзгача ўйнашга мойил. Ҳа, дейлик, Испанияда ўйинлар жуда юқори суръатда ўтади, жамоалар тўпга 2 ёки 3 марта тегиниш билан рақиб дарвозаси олдида хавфли вазият яратиши мумкин. Шунингдек, ҳаракат кўп, жамоалар анча йиғинчоқ тўп суради. Мексикада эса асосий мезон - жисмоний тайёргарлик. Яна тўқнашувлар кўп, тўғридан-тўғри ҳужумлар тез-тез кузатилади. Ҳар бир жамоа тўпни қайтариб олгани заҳоти дарҳол олға боришга, тезкор ҳужум бошлашга ҳаракат қилади. Испанияда аксинча, агар очиқ ҳудудлар бўлмаса, жамоалар тўпни сақлаб туриб, позицион ҳужум ташкил этишга мойил. Оддий айт­ганда, Ла Лигада ҳаммаси чизма асосида амалга оширилса, бу ерда эҳтимолки, таваккалчиликка йўғрилган ҳаракатларни кўпроқ кўрасиз.

- Ўйин услубининг кескин ўзгаришидан қийналмадингизми, мексикача футболга қандай мослашдингиз?

- Ҳаммаси жойида, ишларим яхши. Тўғри, миллий чемпионатга мослашиш жараёни ҳали якунлангани йўқ. Муҳими, ўз ўйинимдан қониқяпман. Унутмаслик керак, бу ерга бутунлай бошқача футбол маданияти, ритмидан келдим. Ҳозирда жисмоний жиҳатдан қандайдир муаммо сезмаяпман. Фақат мавсум бошида орттирилган жароҳат бироз қийнади, ҳозир эса яхшиман. Асосийси, бу ерда ўйинга бош­қача ракурсдан қарашни ўргандим. Умуман олганда, мослашиш масаласида тўғри йўлдаман, менимча.

- Сизнингча, Лионель Мессининг «Интер Майами» сафига қўшилгани минтақа футболи ривожига кутилган даражада туртки бердими? 

- Лео Месси тарихдаги энг яхши футболчи, шубҳасиз. Ҳар ҳолда, шахсан мен учун шундай. «Олтин тўп»нинг кўп карра соҳиби саналган футболчининг «Интер Майами»да ўйнаши бутун MLS учун жуда муҳим. Бу чемпионат иштирокчилари учун ҳам катта воқеликдир. Мексика мисолида айтсам, ҳар бир клуб тобора ўсиш ҳаракатида. «Монтеррей»га келганимдан буён бунга бевосита гувоҳ бўляпман. Мана, келаси йили минтақада Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Менимча, янги форматдаги турнир - КОНКАКАФ вакиллари учун энг кучли рақиблар билан юқори даражада рақобатлашишга қодир эканликларини исботлашга яхши имконият. Бинобарин, MLS ҳам МХ (Мексика лигаси) ҳам сезиларли даражада тез ўсмоқда.

- Хўш, профессионал футболчи сифатида Мессининг айнан қайси хусусиятини кўпроқ қадрлайсиз?

- Уни бошқа барча футболчилардан ажратиб турадиган бир жиҳати - бу барқарорлик. Ишонинг, 15-20 йил давомида энг юқори даражада қолишнинг деярли имкони йўқ. Бунақаси саноқли футболчилар қўлидан келади. Дейлик, Лео­дан ташқари, биргина Криштиану Роналдуни тилга олиш мумкин. Иккиси шунча вақт элит даражани сақлаб қолгани, соврин ортидан соврин ютгани, ҳар йили энг яхши бўлишга даъво қилгани, тинмай гол ургани ёки ассистент ролини бажаргани - шунчаки, фантастика! Футбол тарихида ўз жамоаларини шунча узоқ вақт совринлар сари етаклаган бошқа юлдуз бўлмаса керак. Айниқса, замонавий футболда. Месси ва Роналдуга хос хотиржамлик ва индивидуаллик, техник ва жисмоний сифатлар ақлга сиғмайди, шунчаки. Ҳар иккиси керакли вақт керакли жойда бўлишни гўёки, сув каби ичиб олган ва бу ўз нав­батида жамоадошларига хотиржамлик бағишлайди. Умуман, Мессига ҳамиша барча даврларнинг энг зўр футболчиси сифатида қарайман. Қайтараман, 15-20 йил давомида бундай даража ва иштиёқни сақлаб қолиш мумкин эмас!

Манба: fifa.com, М.ПЎЛАТОВ тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 23:38, 23.04.2024.
Ўқилди: 1072 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.