Кириш Регистрация
02/12 00:45 Лечче - Ювентус
02/12 01:00 Реал Сосьедад 2-0 Бетис
03/12 00:45 Рома - Аталанта
03/12 01:00 Севилья 1-1 Осасуна
03/12 23:00 Мальорка - Барселона
04/12 00:30 Ипсвич - Кристал Пэлас
04/12 01:15 Лестер - Вест Хэм

Кичик дўстлар учун катта ишлар

Баҳо:
+ | -

Спорт клублари ҳайвонларга қандай ёрдам беради?

Биз спорт фақат кишилар учун, деган ақидага кўникиб қолганмиз. Бироқ ўзгача фикрлайдиган клублар ва компаниялар ҳам борки, ўз ёндашувлари билан янада кўпроқ мухлислар эътиборини жалб этадилар. Уларга инсоннинг яқин дўсти бўлмиш жониворларга бўлган муносабат кўмак беради. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Россия аҳолисининг 61 фоизи уй ҳайвонларига эга. Демак, спорт ташкилотларида жониворларга нисбатан ижодий ташаббус билан ёндашув орқали миллионлаб мухлислар қалбини забт этиш имконияти бор. Муҳими - жониворларга меҳр-оқибатли бўлиш. Бу борада ветеринария клиникаси бош қа бир қатор муассасалар ҳамкорлик қилишлари мумкин. Қуйидаги ҳикоямиз ҳар қандай киши қалбини эритиб юборадиган самарали ҳамкорликлар ҳақида.

«Жирона» ўйинларига жониворлар билан келиш мумкин

Жорий мавсумда Испаниянинг «Жирона» клуби ўзининг ёрқин ўйинлари билан кўпчиликни лол қолдирмоқда. Бундан икки йил аввал жамоа жониворларни парвариш қилишга ихтисослашган «Gosbi» компанияси билан ҳамкорлиги орқали танилганди. Мисол учун, «Жирона»нинг уй стадионида кучук билан келадиган мухлисларга алоҳида ҳудуд ажратилган!

Шунингдек, клуб рамзи бўлмиш қўғирчоқ ёнида ҳақиқий ва ўта ёқимтой тумор - Канья исмли лабрадор ҳам бор. Узун думли жонивор жамоанинг кўплаб тадбирларида иштирок этади. Лекин энг асосийси, «Жирона» - «Gasbi» ҳамкорлигининг сезиларли қисми жониворлар парваришига, озиқ-овқат ва дори-дармонларга сарфланади.

«Овьедо» клуби эса «Жирона»даги касбдошларидан ўрнак олган ҳолда, ветеринария клиникаси билан ҳамкорликда ўзининг жониворпарвар мухлислари учун чегирмали дастурни жорий этди.

Кучуклар учун ВИП-ложа

MLS вакили бўлмиш «Сент-Луис» клуби «Purina» бренди билан биргаликда кенг кўламли юмушни амалга оширди: кучуксевар ишқибозлар энди ўйинларни томоша қилишаётган паллада, уларнинг суюкли жониворлари махсус ҳудудда чопиб ўйнашлари, турли егуликларни тамадди қиладилар.

«Остин»нинг ҳар ўйинида - янги бароқ кучукча

Сент-Луисдан ортиқча узоқлашмаган ҳолда, Остинга назар ташлаймиз. У ердаги шаҳарга номдош жамоа Austin Pets Alive кўмагида 61та кучукчага бошпана топди. Ўз майдонидаги учрашувлар арафасида ўз уйи­ни излаётган бароқ кучукча клуб тумори вазифасини адо этади. Қаранг-а, эмоция умидида келиб, узоқ йиллик дўстини топиб олди. Бундан яхшироқ яна нима бўлиши мумкин?!

Кучуклар ташриф бўйича  рекордларни янгилашмоқда

«Кливленд Монстерз»нинг ўйинига 505та кучуклар келганига нима дейсиз? Биз ҳам у ерда ўтирган ишқибозлар учун майдонда кечган беллашувда нималар юз берганининг умуман аҳамияти йўқ, деган қарорга келдик: уларнинг бутун диққат-эътиборини трибуналардаги бароқ жониворлар банд этишганди.

Аргентинада кучуклар учун танишув хизмати ташкил этилди

Аргентина Примерасида барча клублар иштирокидаги антиқа тадбир - жониворлар билан юрувчи мухлисларнинг танишув маросими ўтказилди. Унда янги дўстларга эга бўлишади ва ҳайвонларга мўлжалланган тадбирларда иштирок этадилар. Бундан таш­қари, ҳар бир жонивор севимли клубининг рамзи туширилган бўйинбоғ билан тақдирланади.

Хоккейдаги жарима дақиқалари  +10 кг. озуқа

Эътиборли жиҳати шундаки, Россия спортида жониворлар парваришига кўмак кўрсатиш ва клубларнинг хайрихоҳлик тадбирларидаги иштироки тобора фаоллашиб бормоқда. Масалан, «Трактор» хоккей клуби ўз ўйинчиларининг ўйиндан четлатилган ҳар бир дақиқаси учун 10 кг.дан озуқа ажратиб, жониворлар питомнигига жўнатади. Рақиб дарвозасига имкон қадар кўпроқ шайба уриш истагидан воз кечиб, майдондан четлатишларини кутиш - камдан-кам учрайдиган ҳолат. Бироқ уй ҳайвонларига кўрсатилаётган мурувватни инобатга олганда, Челябинск клубига доимо фақат ғалаба тилаш мумкин.

Кучукчалар хоккейда

Жониворларга мурувват кўрсатишда «Сибирь» хоккей клуби ҳам бефарқ эмас. Унинг «Амурь»га қарши беллашуви 4 оёқли мухлислари гувоҳлигида ўтди. Хоккейчилар улар билан суратларга тушиб, эркалаб ардоқлашди.

Баскетболда озуқа жамғариш удуми

«Руна» баскетбол клуби Викинг («Викинг» - жамоа лақаби) лақабли кучукчани ўз қарамоғига олган ва уй учрашувлари арафасида у учун озуқа йиғарди. Тез орада мухлислар ҳам ташаббусни қўллаб-қувватлашга киришдилар: битта ўйинда тўпланган емиш 100 кг.дан ошиб кетди. Клуб эса уларни «Хаски хелп» номли ҳайвонлар питомнигига топширишга одатланди.

«Кучукларга уйда мазза»: «Зенит»нинг хайрия тадбири

«Зенит» клуби томонидан намойиш этилган тадбир Россия спортидаги энг ёрқин ташаббус сифатида эътироф этилди. Унда футболчилар майдонга кучукчаларни кўтариб олган ҳолда чиқиб, мухлислар эътиборини бошпанасиз жониворларга жалб этдилар. Тадбирнинг овозаси қарийб бутун дунёни забт этди: 433 ва ESPNдан тортиб, ижтимоий тармоқлару Вьетнамнинг VTV телеканалигача уни ёритишда бош-қош бўлдилар.

Зикр этилган ажойиб воқеалар мухлислар аудиториясини янада кенгайтириш билан биргаликда, муҳим инсоний фазилатни ҳаётга татбиқ этишга чорлайди. Мажозий маънода айтганда: барчани қутқаришнинг иложи йўқ, лекин асраб қолишнинг доимо иложи бор!

Р.ИБРОҲИМОВ тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 23:47, 26.04.2024.
Ўқилди: 1114 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.