Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Спортчилар сулоласи совғаси

Баҳо:
+ | -

Мазкур муваффақиятда оила муҳим роль ўйнади. Хабининг отаси - собиқ топ-футболчи. Унинг 3 нафар ўғлони миллионлар ўйинига чексиз муҳаббат муҳитида улғайиб, унга меҳр қўйдилар. 

Хабининг отаси 24 ёшида Ла Лигада дебют қилган, қудратли «Сосьедад»нинг муҳим ўйинчиси бўлган, Марадона билан тўп сурган

«Ҳимоявий йўналишдаги жанговар ярим ҳимоячи. Ажойиб зарба соҳиби бўлгани боис, анчагина гол уришга ҳам улгурган», - Cadena Ser катта Алонсога шундай таъриф берганди.

Перико Алонсо ўзининг футболчилик фаолиятини маҳаллий «Толоса» клубида бошлаган, 1974 йилда уни «Реал Сосьедад» ўз тизимига таклиф этганди. Перико дастлабки бир неча мавсумни ўринбосарлар жамоасида ўтказиб, 1977 йилда Ла Лигада илк марта майдонга тушди. Лекин дебютни анча кеч нишонлаган 24 ёшли Перико қисқа вақт ичида 1981 ва 1982 йилларда Испания чемпиони бўлган буюк жамоанинг етакчи ўйинчисига айланди. Ўшанда у Луис Арконада, Хесус Мария Самора, Роберто Лопес Уфарте, Хесус Мария Сатрустеги каби афсоналар билан тўп сурганди.

«Сосьедад»даги самарали иштирок эвазига катта Алонсо Испания терма жамоаси сафида ЖЧ-1982га йўл олиб, 5та ўйинда тўлиқ тўп сурди ва Сан-Себастьян клуби учун рекорд трансфер - 70 млн. песет (тахминан, 420 000 евро) эвазига «Барса» аъзосига айланди. Айнан ўша йили Каталония гранди Марадонани харид қилган, Бернд Шустер аввалроқ таркибдан жой олганди. Шу тариқа ажойиб учлик шаклланди: Диего - ижодкор, Бернд - атлет, Перико - донишманд.

Дастлабки икки мавсумни асосий таркибда ўтказган катта Алонсо «Барса» билан Испания Кубоги ва Суперкубогини қўлга киритган. 1984 йилда бош мураббийликка келган Терри Венейблс эса уни захирада қолдирди. 1985 йилда ҳам у чемпионликка эришган, бироқ атиги 2та ўйинда майдонга тушганди. Қизиғи, жамоанинг 6000-голини айнан Перико амалга оширган.

Футболчилик фаолиятини камтарин «Сабадела» клубида якунлаган Перико кейинчалик 10 йил мураббий мақомида ишлади. Таажжубки, унинг сўнгги клуби бўлган «Сосьедад»ни тарк этиши ўғлининг асосий таркибдаги дебютидан сал аввалроқ юз берганди.

Отаси Хабига кўп кўмак берган - ибрат ва маслаҳат билан

Кичик Алонсо доимо отаси ўйинларининг таъсири остида бўлган: унга самарали зарбалардан кўра сифатли   узатмалар кўпроқ ёқарди. Шу сабабли Хаби болалигида таянч ярим ҳимоячиси ихтисосини танлаганди. «Мен акам билан отамнинг машғулотларига борардик ва майдоннинг бошқа қисмида машқ қилардик. Бошқа болакайлар мен каби тўп узатишни билмасликларини 5-6 ёшли пайтимда билиб олганман. Отамнинг узатмалари ёқиб қолгач, машғулотларда кўпроқ тўп узатишни машқ қилганман» , - дейди Хаби.

Тарбия - долзарб мавзу

Деярли балоғат ёшига етгунига қадар Хабига футбол ҳақида ўйлаш имкониятини ҳам беришмаган. Сабаби, мактабда болакай бир марта испан тили бўйича тестдан ўта олмай қолган ва бир ойни футболсиз ўтказганди.

«Мен футболчи бўлиш ҳақида умуман, ўйлаган эмасдим. 16 ёшгача ўқиш билан машғул бўлиб, спорт билан қўшимча тарзда шуғулланганман. қайсидир маънода, бу мен учун фойдали бўлди. Футбол мукаммал билим олишимга халал бермади. Агар болалигимдан профессионал футболда бўлганимда, ҳаётдаги муҳим жиҳатлардан бехабар қолардим» , - дейди мураббий. Перико ҳам ўғлини бирон-бир йўналишга мажбурламаганини тасдиқлади: «Футболчи бўлишни истасанг, шуғуллан, истамасанг, йўқ». Хаби эса отасининг насиҳатларини қуйидагича хотирлайди: «Отам аввало, оёқда маҳкам туриш кераклигини таъкидларди. Ўйин яхши чиқса, ҳамма хурсанд. Агар ёмон чиқса, айбдорларни излаш бошланади. Бола учун энг муҳими, тушкунликка тушмаслик. Отам мактаб хусусида маслаҳатлар берарди, футбол ҳақида эмас».

Акаси билан «Сосьедад»да тўп сурган, энди у фалсафа магистри

2001-2004 йилларда Хаби акаси Микель билан биргаликда «Реал Сосьедад» таркибида савияли тўп сурди, кейин «Ливерпул»га ўтиб кетди. Микель кейинроқ ижара асосида АПЛга йўл олиб, «Болтон»­да ўзини синаб кўришга киришди. Бироқ ишлари юришмади, Гари Мегсон унга захира ўриндиғидан жой берди. Шунингдек, жароҳат ва инглиз футболи муҳитига мослашиш тўсиқ бўлди.

Қисқаси, футболчи мақомида Микель қандайдир совринга ёки терма жамоа чорловига эга бўлмади. Унинг фикрича, салоҳиятини юзага чиқаришига руҳияти имкон бермаган: «Ўйиндан завқ олиш ўрнига, мен кўпроқ азият чекардим. Зиммага олган юмушлар туфайли, менда қандайдир қўрқув пайдо бўлганди. Жуда кўп ўйинлар мен учун қийноқ бўларди. Майдонда жилмайиб тўп суришни истасамда, масъулият ҳисси туфайли асабий юрардим».

Хабининг акаси - ажойиб инсон. «Болтон»га келганида, ўта қисқа вақт ичида инглиз тилини ўзлаштириб олди: «Хорижий тилларни хуш кўраман. Инглизлар билан тиллашиш баҳонасида адабиётга қизиқиб қолдим. Ҳатто Манчестер университетида хитой тилини ўрганиш курсига қатнай бошладим. Хуллас, вақтимни қувноқ ўтказдим. Яқинда фалсафа бўйича магистр унвонини олдим. Ҳозир имо,ишоралар тилини ўрганяпман. Шунингдек, ёзишни ёқтираман» , - деганди Микель 2015 йилда. Футболчиликдан кейин файласуф қисқа муддат «Сосьедад» тизимида мураббийлик билан шуғулланди, энди Хабининг ёрдамчиси мақомида ишламоқда.

Бошқа акаси ҳакам бўлди. Акаси шарафига Хаби ўз ўғлига унинг номини берди

Сўнгги қаҳрамонимиз Хабининг иккинчи акаси - Йон ҳақида унинг 18 ёшдаги интервьюсидан бошқа маълумот йўқ. Ўшанда Йон пляжда тўп сурганлиги, лекин асабий бўлгани учун севган касбини эгаллай олмаганини баён этганди.

Ўсмирлик даврида у илк марта пляж футболида арбитр мақомида иштироқ этиб, шу касбга қизиқиб қолди. Шундан кейин Йон маълум муддат минтақавий турнирлар ва ўсмирлар жамоалари учрашувларини бошқариб юрди. «Ҳакам учун ҳар бир ўйин - синов. Барча учрашувларда нимагадир дуч келасан ва уни ҳал қилишга мажбурсан. У ҳаётга ўхшайди , яхши ва ёмон воқеалар бўлиб туради. Лекин завқи шунга арзийди», - деганди Йон. Ҳакамлик соҳасида узоқроқ фаолият юритиш Йонга насиб этмади. Ҳозир нима билан машғул эканлиги номаълум.

Лекин катта Алонсо билан кичик Алонсолар ўртасидаги самимий алоқалар давом этмоқда, Хабининг ўғли ҳам Йон, митти Йон. Ўтган йил октябрида Йон отаси билан «Байер»нинг ЕЛдаги учрашувига ташриф буюришди. Хабининг жамоаси ўша ўйинни 5:1 ҳисобида ўз фойдасига ҳал қилди. Табиийки, ўшанда яқинлари юзларидан табассум аримаганди. Уларнинг рекорд мақомидаги чемпионликдан кейинги бахтиёрлигини бир тасаввур қилинг! 

Хўжа АБДУЛАҲАД тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 06:11, 06.05.2024.
Ўқилди: 514 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.