"Бунёдкор" стадионида бўлиб ўтган ўйиндан кейинги матбуот анжуманининг биринчи қисмида "Гулистон" бош мураббийи Бахтиёр Ашурматов иштирок этди.
Бахтиёр Ашурматов:
— Бугунги учрашув қийин бўлишини аввалдан билардик. Шунга қарамасдан, йигитларга ҳар қандай жамоа билан ўйнаш мумкинлигини, улар ҳам ўзимизга ўхшаган йигитлар эканини тушунтириб, қўрқмасдан ўйнаш лозимлигини тушунтиргандим. "Бунёдкор" сафида маҳоратли йигитлар тўпланган, улар узоқ муддатдан бери бирга ўйнаб келишади. Бугун тезкор гол ўтказиб юборишдан эҳтиёт бўлишимиз керак эди. Шунинг учун ўз жарима майдончамиз атрофида ўйнадик. Биринчи бўлимда йигитлар чиройли ўйин кўрсата олишмаганинг сабаби шунда. Иккинчи бўлимда эса ҳисоб 0:1 бўладими ёки 0:3ми фарқи йўқлигини айтдим, агар 0:1 ҳисоби учун яримта очко берганида, шу натижани сақлаб қолиш учун ўйнардик. Иккинчи бўлимда гол уриш учун олдинга интилдик. Қолаверса, мураббийлик соҳасида Миржалол акага қарши ўйнаш мен учун қизиқ эди. Миржалол акани ўзимга устоз деб биламан. У билан кўп вақт бирга ўйнаганмиз. Бугунги ғалаба билан "Бунёдкор" жамоаси ва унинг мухлисларини ғалаба билан табриклайман.
— Жамоангиз ҳужумда янада ўткирроқ ўйнаши учун уларга нима етишмади?
— Биринчи бўлимда йигитлар эҳтиёткор ўйнашганини айтиб ўтдим. Иккинчи бўлимда иккинчи ҳужумчи Шоғуломовни туширдик. У иқтидорли футболчи. Унда бир вазият бўлдию, аммо ундан фойдалана олмади. Бошқа вазиятларда эса "Бунёдкор" ҳимоячилари вазият яратиш учун имкон бермади. Мен йигитларга ўйин давомида 1-2тагина вазият бўлиши мумкинлигини ва улардан фойдаланиш кераклигини таъкидлагандим. Аммо бугун бу ишни фтуболчиларимиз эплай олишмади.
— Собир Усмонхўжаев Олий лигада ўйнаган футболчи ҳисобланади. Назаримизда, у бугун ўз савиясида ўйнай олмади. Бунга рақибнинг кучлигига сабабми ёки унинг ҳозирги савияси шундайми?
— Биринчи бўлимда барча футболчиларда ҳаяжон кучли бўлди. Собир Усмонхўжаев жамоамизга қўшилганидан бери асосий таркибда тушяпти. "Бунёдкор" ярим ҳимоячилари — Мусаев, Тўраев, Иброҳимов майдон марказида унга ва бошқа ярим ҳимоячиларимизга эркин ўйнаш имконини беришмади. Кейинги ўйинларда яхши ўйин кўрсатишади, деб ўйлайман. Мен бу йигитларга ишонаман. Бугун ўйнаган таркибимиздаги 8 нафар футболчи ўтган йили ҳам шарафимизни ҳимоя қилганди.
— Жамоа мавсумни яхши бошлади. "Гулистон" мавсум сўнгига қадар ушбу темпни сақлаб қолиш салоҳиятига эгами?
— Менга "Гулистон"ни бошқариш таклифи тушганида, асосий мақсадим маҳаллий йигитларни ўйнатишдан иборат эди. Агар жамоамиздан Ўзбекистон терма жамоасига номзод футболчилар етишиб чиқса, менинг асосий ютуғим шу бўлади. Мен давралар оралиғида таркибни фақат олий лигада ўйнаган футболчилар билан шакллантиришим мумкин эди. Бундай қилсам, гулистонликларга нисбатан ноҳақлик қилган бўлардим. Сафимизга фақат 2-3 нафар тажрибали фтуболчилар қўшдик. Шунга қарамай, мавсум давомида бир хил темпда ўйнашимизга ишонаман. Биз 4та турдан кейин ҳақида ўйламаймиз. Олдимизда турган ҳар бир ўйинга алоҳида тайёргарлик кўрамиз ва ўша ўйинда 100 фоиз кучимизни майдонда қолдиришни истаймиз. Футбочлилар бор кучлари билан ўйнаб, мураббийлар томонидан қўйилган талабларни тўлиқ бажаришса, мусобақа жадвалида муносиб ўринни эгаллаймиз деган умиддаман.