Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Футболдаги фириблар

Баҳо:
+ | -

Руминия ўзининг сервиқор тоғлари, улкан кўршапалаклари ва ғайритабиий ҳодисалари билан танилган, кўпчилик тасаввурига нисбатан анчайин ривожланган замонавий ўлка.

Бироқ маҳаллий футболи бадавлат эмас, Георги Ҳаджидан кейинги энг ёрқин юлдузи бўлмиш Адриан Муту эса майдон ташқарисидаги айш-ишратлари, наркотик моддаларга ўчлиги ва криминал оламининг етакчисининг қизига уйлангани билан машҳур.

Муту Руминиянинг номдор клуби - Бухарестнинг «Динамо» клубида тўп сурган. Ҳозирда жамоа жиддий можарони бошдан кечирмоқда - ақл бовар қилмайдиган ёлғончи футболчини қўлга олинди.

Уч ой муқаддам «қизил кўппаклар» 30 ёшли ҳимоячи Эдгарни харид қилишганди. Португалия терма жамоаси таркибида Рио-де-Жанейро-2016 Олимпиадасида тўп сурган футболчи Гвинея-Бисауда туғилган, ўтган йилдан бери шу мамлакат шарафини ҳимоя қилмоқда. Бироқ аслида ким ўйнаган?

Эдгар Ие иқтидорли йигит эди. Ўсмирлик чоғида у «Спортинг» мактабида таҳсил олган, кейин «Барселона»га ўтиб, Испания Кубоги баҳсида Жереми Матьё ўрнига захирадан майдонга тушганди. Испанияда ишлари юришмагач, Португалияга қайтди ва Европа бўйлаб саёҳатга отланди, Франция, Туркия, Нидерландия жамоаларида тўп сурди. Старт чакки бўлмади, лекин тараққиёт борасида сезиларли ўзгариш бўлмади. Шундан кейин футболчи аждодлари юртига йўл олди.

Бухарестнинг «Динамо»сида пайдо бўлган қаҳрамонимиз энди можаро марказида. Ўзини Эдгар деб таништирган футболчи гвинеялик касбдоши Эделинонинг эгизаги бўлиши мумкин. Акасидан фарқли равишда, у вингер. Фарқи - нисбатан, бир оз заифроқ. «Спортинг» мактабидан кейин сабоқ олишни тўхтатди, эркин агент мақомида клубдан клубга кўчиб юрди, ўтган йили Польшада талаб даражасида тўп сура олмай, ишсиз қолди.

Ҳаммаси тўғри чиқмоқда. Эдгар «Динамо» билан контрактга имзо чекди, эгизаги эса ишсиз. Бироқ Хўш, Иенинг ўзи қаерда? Рақамлар оламидаги даҳшатли ҳодиса. Испания ва Францияда тўп сурган футболчи у ердаги халқлар тилида бирорта сўзни билмаслиги руминияликларни ажаблантириб қўйди. Шунингдек, ўзини Эдгар деб таништирган шахс бунинг исботи сифатида ҳайдовчилик гувоҳномаси ёки бошқа бирорта расмий ҳужжатни кўрсатишдан бош тортганлиги шубҳани кучайтириб юборди. Энди ундан ДНК тестини талаб қилишмоқда.

Агар Эделино эгизак укасининг ўрнига ўйнаган бўлса, унинг иштирокидаги барча учрашувларда бусиз ҳам аутсайдерлар гуруҳида турган «Динамо»га техник мағлубият эълон қилинади. Янги хариднинг клубга келтирган «манфаати» ҳозирча шу.

«Эдгар» жуда ёмон ўйнади, дастлабки сабаб - нима учун унинг «Барселона» мактаби ва Португалия ўсмирлар терма жамоасидан келганига ишонмаганликлари. Энди ундан майдонга савияси паст акаси тушмаганлигини исботлаш талаб этилади.

Эгизаклар томоша кўрсатишни ёқтиришади

Ўхшаш эгизаклар атрофдагилар билан ҳазиллашишни хуш кўрадилар. Аввалига улар ота-оналарига ўзларини Ҳасан ўрнига Ҳусан ёки Фотима ўрнига Зуҳра бўлиб кўринишга уринадилар. Бироқ бу алдовни фош этиш қийин эмас, ота ёки она ўз зурриётини жуда осон ва аниқ фарқ­лай олади. Мактабнинг йўриғи бошқа, у ерда ҳазил кутилган самарани бериши мумкин. Тарихда эгизаклар ўз ўқитувчиларини алдаган ҳолатлар йўқ эмас. Ҳатто турмуш ўртоқлари билан ҳазиллашадиганлар ҳам учраб туради. Булар кундалик турмуш учун янгилик бўлмасада, катта футбол учун ноодатий ҳодиса. Нотанишлар билан ҳазиллашиш янада осонроқ. Чунки уларни бир неча йилдан бери биладиган яқинлари ҳам баъзан адашиб қоладилар. Ҳатто пачоқ бўлган бурун ҳам мухлисларга Василий Березуцкийни укаси Алексейдан фарқлаб олишларида кўмак бера олмайди. Бир пайтлар Василий Уткин уларнинг бармен бўлиб ишлайдиган Иван исмли укаси борлигини тўқиб чиқарганида, телетомошабинлар бунга ишонишган, Березуцкийлар яқинлари эса нима учун улар укаларини яшириб юрганликлари ҳақида савол йўллагандилар.

Нидерландиялик де Бурларни ажратиб олиш қийинчилик туғдирмайди. Сабаби, уларнинг юз тузилишлари бир-бирига ўхшамайди. Лекин бир пайтлар «МЮ»да тўп сурган Фабио ва Рафаэль да Силваларни фарқлаб олишнинг деярли иложи йўқ. Уларнинг кўриниши ҳам, вазни ҳам, ҳатто кексалик аломатлари ҳам деярли бир хил.

Ака-ука Миранчукларни фарқлай олмайдиган мухлислар ҳам жуда кўп. Умид қиламизки, Италия Кубогининг финалида фирибгарликка йўл қўйилмайди. Ака-ука Олтинтопларда Халилнинг бичими Ҳамидникидан нозикроқ бўлсада, мураббийлар ва жамоа­дошлари кўпинча уларни фарқлашда янглишадилар.

Ҳа, эгизаклар насибаси шунақа. Бироқ айрим мухлислар футболчининг эгизи борлигидан тамоман бехабар бўладилар масалан, бир пайтлар «Реал» ва «Наполи»да ўйнаган испаниялик Хосе Кальехонни яхши биладилар. Лекин у билан бир кунда туғилган Хуанмини танимайдилар. «Гранада» ҳужумчисининг эгизи «Реал» савиясига кўтарила олмай, камтарин клубларда тўп сурди, ҳозир 3- дивизион жамоасида ўйнамоқда.

ЖЧ-1966даги алмашиб олиш

Футболчиларнинг алмашиб олишларига оид энг шов-шувли воқеа Англия мезбонлигида ўтган ЖЧ-1966 турнирида кузатилган. Ўшанда Шимолий Корея терма жамоаси Италия­га қарши майдонга тушган, барча мухлислар номдор европаликлар Осиё вакилларини осонликча маҳв этишларини тахмин қилишганди. Бироқ беллашув яққол аутсайдернинг 1:0 ҳисобидаги ғалабаси билан ниҳоясига етганди. Ўйиндан кейин италияликлар кореяликларни танаффусда икки нафар ўйинчини янги футболчи билан алмаштирганликда айблашганди.

У даврда ЖЧнинг финал босқичида ҳозиргидек ўйинчи алмаштиришлар йўқ эди. Агар осиёликлар чиндан ҳам фокус ишлатган бўлсалар, у ўйин натижасига таъсир этиши лозим эди. Бироқ бу мухлислар ўртасида 10 йиллар давомида такрорланиб юрган чўпчак, холос. Шимолий кореялик футболчилар уйга қайтганларидан кейин муаммоларга дуч келишгани эса - ҳақиқат. Уларни ёппасига ўлим лагерига жўнатишгани эса ўша даврга хос бўлган уйдирма.

Плей-офф босқичида Шимолий Корея Португалиядан мағлубиятга учрагач, қаҳрамонлик унвонидан маҳрум бўлди. Лекин Италияни енггани ва Португалияни 3 марта ўз дарвозасидан тўп олиб чиқишга мажбур этгани тарихий факт бўлиб қолди. тўғри, кейин афсонавий Эйсебио ишга киришиб, унинг жамоаси 5та гол урди. Шимолий Корея ўйинчи алмаштирган бўлса ҳам, барибир мағлуб бўлди.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 23:01, 28.05.2024.
Ўқилди: 1998 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.