Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

«Динамо» мавсумни нега омадли бошлай олмади?

Баҳо:
+ | -

 

Ёхуд ҳимояси мустаҳкам, ҳужуми эса оқсаётган жамоа ҳақида

Самарқанд жамоаси жорий мавсумни омадсиз бошлади, дейишдан йироқмиз. Ҳар ҳолда чемпионатнинг дастлабки тўрт учрашувида учта дуранг қайд этган, ягона мағлубиятни эса футбол қоидаларидан ҳоли белгиланган пенальти эвазига қабул қилишга маҳкум этилган жамоани Олий лига стартида муваффақиятсизликка учради, дея бонг уриш бироз бўрттирилган бўларди.

Қизиғи, 4-турдан кейин турнир жадвалига назар ташлар экансиз, футболда кам учрайдиган воқеаликка дуч келасиз. Дастлабки, тўрт учрашувда ғалаба тугул, гол ҳам ура олмаган жамоанинг ҳисобида уч очко мавжуд бўлиб, бу жамоа ҳаттоки ҳар бир ўйинда ўртача биттадан гол урган жамоадан ҳам юқори ўринда турибди. Яъни, сўнгги уч учрашувда дарвоза дахлсизлигини сақлаб келаётган, шу билан бирга ҳозирча миллий чемпионатимизда голлари ҳисобини очишга улгурмаган ягона жамоа бўлиб турган «Динамо» турнир жадвалининг 9-поғонасидан жой олган. Албатта, ҳимоя қўрғонининг мустаҳкамлиги мухлисларни ҳар қанча қувонтирса, ҳужум чизиғидаги муаммолар ҳар бир «Динамо» мухлисини ўйлантириши бор гап. Куни кеча ўзимизни қизиқтирган бир қатор саволлар билан «Динамо» клуби бош мураббийи вазифасини бажарувчи Камо Газаровга мурожаат этдик.

- Чемпионатни ўзимиз кутганчалик бошлай олмадик. Дастлаб Фарғонада йўқ жойдан ҳакамлар пенальти ўйлаб топишиб, мағлубиятимизга сабабчи бўлишди. Сўнгги уч баҳсда эса нурсиз дуранглар қайд этдик. Бекободдаги дурангни айтмаганда, уй учрашувимиздаги дуранг натижалар бизни қониқтирмасди. «Олмалиқ» жамоаси таркиб жиҳатдан ҳозирда бизнинг таркибимиздан кучли бўлсада, йигитларимизнинг ғалабага бўлган иштиёқи кучлилиги ёрдамида мухлисларимизни қувонтиришни истагандик. Аммо, олмалиқликлар билан ҳам дуранг қайд этилди. Бунга бир қатор сабаблар бор. Жамоамиз заҳира ўриндиғи тор эканлиги устига-устак, бу ўйиндан олдин Тимур Дадашев ва асосий ҳужумчимиз Тўлқин Мирзаевларнинг жароҳатлари бор эди. Бунга қарамай, ҳужум чизиғидаги муаммолар туфайли Мирзаевни жароҳати тўлиқ тузалмай майдонга туширишга мажбур эдим. Қолаверса, эътибор берган бўлсангиз «Олмалиқ» билан ўйинда иккита ёш футболчи «Динамо» сафида Олий лигада дебьют учрашувини ўтказди. Олдинги сафар Нодир Санақулов, Юнус Суюнов сингари ёшларни асосий таркибга туширган бўлсак, энди Фирдавс Абдусаломов, Комил Шарофутдинов каби ҳали 20 ёшни қарши олмаган маҳаллий ёшлар жамоамиз таркибидан ўрин олишмоқда. Маҳаллий ёшларни асосий жамоага киритиш бу жамоамизнинг мақсадларидан бири. Аммо, мухлисларимиз тушунишларини истардим, мен ўзимдан келиб чиқиб ҳали тажрибасиз бўлган ёшларни таркибга киритаётганим йўқ, бу бир томондан имконсизликдан. Заҳира ўриндиғимизда тажриба футболчилар йўқ. Ёшларнинг ўз кучига ишонишлари учун эса маълум муддат талаб этилади, дейди бош мураббий Камо Газаров.

Мавсум бошланишидан олдин жамоага келиб қўшилган, аммо ҳозирда негадир тўп сурмаётган легионер футболчилар Руслан Бидненко ва Сердарали Атаевлар ҳақида мураббий қуйдагича фикр билдирди.

- Украиналик яримҳимоячи Руслан Бидненкодан умидимиз катта эди. Аммо, у биз билан бўлсада бизга майдонда ёрдам бера олмаяпти. Сабаби тушунарсиз. ПФЛ қошидаги «Футбол Мед» тиббий текширув маркази футболчининг соғлиғида туфайли «заявка» қилдирмаяпти. Биз Самарқандда, Тошкентда уни барча текширувлардан бир неча маротаба ўтказдик, соғлом дейишмоқда. Аммо, тиббий текширув марказига келганимизда улар Бидненкони "касал" деб аташмокда. Мана, «Олмалиқ» ҳимоячиси Дарко Станоевич ҳам шундай муаммо боис ўйнай олмаётганди, биз билан ўйинда майдонга тушди. Умид қиламанки, бизда ҳам шундай бўлади. Яна бир легионер ҳужумчи туркманистонлик Сердарали Атаев эса йиғин давомида ўзини кўрсатди, аммо чемпионат бошланишидан олдин унинг оиласида муамо юзага келди. Отаси оғир ҳасталикка учради. Афсуски, бу футболчилар ҳали ҳам ёрдам бера олишмаяпти, дея таъкидлайди мураббий.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам жамоа ҳужум чизиғидаги муаммолар чемпионат аввалидан кўриниб турганлиги ҳақида фикримизни олға сурарканмиз, Камо Газаров мавсум олдидан бир қатор тажрибали ҳужумчилар билан музокаралар олиб борилганлиги ва қай тарзда келишув амалга оширилмай қолингани ҳақида сўзлаб берди.

- Рўзим Аҳмедов борасида муаммо юзага келганди. Рўзимни олиб қолмоқчи бўлганимизда у эркин агент эканлигини энди у «Пахтакор» клубига тегишли эмаслигини билдирганди. Аммо, шартнома тузишдан олдин «Пахтакор» клуби вице-президенти Самвел Бабаян Рўзим Аҳмедовнинг «Пахтакор» билан шартномаси борлигини ва агар «Динамо» уни яна бир йил олмоқчи бўлса, ижара пулини тўлаши кераклигини уқтирди. Бизни эса ҳам футболчига катта пул, унинг клубига эса ижара тўловини бериш қониқтирмасди. Шундан сўнг, «Динамо»да тўп суриб танилган, самарқандлик мухлислар ёқимтойи бўлган Фарҳод Тожиев варианти пайдо бўлди. У билан гаплашганимда, Самарқандда тўп суришни истаётганлигини айтди ва биз ҳам музокарага киришиб унинг талабларини қондиришимизни айтдик. Деярли масала ҳал этилганди. Аммо, кўп ўтмай, Фарход «Локомотив» машғулотларига қўшилибди. Шунингдек, Шаҳбоз Эркинов, Зафар Полвонов, Санъат Шихов сингари ҳужумчилар билан ҳам музокаралар ўтказдик, аммо улар жуда катта маблағни сўрашди. «Динамо»га биринчи бўлиб таклиф қилмоқчи бўлган футболчиларим рўйхатидан самарқандлик футболчилар «Насаф»дан Илҳом Юнусов, Эркин Бойдуллаев ва «Олмалиқ»дан Зоҳир Пиримов, Достон Абдураҳмоновлар жой олганди. Аммо, улар билан келишишга улгурмадик. Албатта, мен ҳам жамоамизда ўзим ва мухлислар истаган кучли футболчиларимиз қайтишини истайман аммо бу фақат менга боғлиқ масала эмас.

Мураббий сўзида давом этаркан, давралар оралиғида жамоанинг кучайиши учун ҳозирдан таркиб борасида ишлар олиб борилаётганлигини айтиб ўтди.

- Селекция масаласида ишлар олиб борилмоқда. Бироқ, афсуски ҳозир сафимизга янги футболчи қўша олмаймиз. Музокара олиб бораётган футболчилар ҳақида ҳали ҳеч нарса аниқ эмаслиги боис уларни айта олмайман. Легионерлардан фақат бир футболчини айтишим мумкин. Бу ўтган йили «Пахтакор»да фаолият олиб борган, аслида «Анжи»га тегишли бўлган грузиялик футболчи Ираклий Климиашвилидир. Уни ҳозирда Россияда фаолият олиб бораётган самарқандлик собиқ футболчи Илҳом Шарипов таклиф этмоқда. Ёзги трансферларгача ҳали вақт бор, унгача келиша олсак у сафимизни кучайтириши мумкин. Ҳозирча эса бор таркибдан бор куч ва шижоатни сарфлаб мухлисларни қувонтириш учун ҳаракат қиламиз. Бу йўлда ишқибозларимиз жамоамизни қўллаб-қувватлаб туришса бас, дея сўзини якунлади «Динамо» бош мураббийи вазифасини бажарувчи Камо Александрович Газаров.

Усмон Ибодов.

«Динамо» клуби Матбуот котиби.

 

Манба: www.fcdinamo.uz
Киритилди: 22:46, 07.04.2013.
Ўқилди: 4390 марта.
Фикрлар: 6 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.