Эйфель минораси, Лувр музейи, Александр III кўприги... Дунёнинг диққатга сазовор бу масканлари ҳақида сўз кетганда беихтиёр кўз олдимизда кўҳна қитъанинг энг қадимий шаҳарларидан бири — гўзал Париж гавдаланади.
Илк бор эрамиздан аввалги 52 йилда Юлий Цезарь қайдномаларида тилга олинган бу қадимий кент шу кунларда бутун дунё диққат марказида. Боиси бугун бу ерда тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақаси — XXXIII ёзги Олимпия ўйинлари очилади.
Жорий йилнинг 26 июль – 11 август кунлари бўлиб ўтадиган мазкур йирик спорт анжуманида жаҳоннинг 206 та мамлакатидан 10 минг нафардан ортиқ спортчи иштирок этади. Қувонарлиси, улар сафида юртимизнинг 90 нафар энг моҳир атлети 19 та спорт турининг 75 та йўлланмаси доирасида “Париж-2024” медаллари учун кураш олиб боради.
Аҳамиятлиси, олимпиячиларимизнинг 36 фоизи хотин-қизлардан иборат бўлиб, бу йил анъанавий спорт турларидан ташқари илк бор футбол, сувга сакраш, камондан отиш, аёллар кураши баҳсларида иштирок этмоқдамиз.
Спортчиларимиз таркибида 4 нафар Олимпиада чемпионлари — Улуғбек Рашитов (таэквандо), Акбар Жўраев (оғир атлетика), Баҳодир Жалолов (бокс), Ҳасанбой Дўсматов (бокс) иштирок этади.
Делегациямиз байроқдорлари — Абдумалик Халоков (бокс) ва Зайнаб Дайибекова (қиличбозлик).
Атлетларимизнинг энг ёши катта аъзоси Ольга Забелинская (44 ёш, велоспорт) ҳисобланса, энг ёши кичкинаси — Амалия Мамедова (15 ёш, бадиий гимнастика)дир.
Қувонарлиси, Темур Кападзе бошчилигидаги Ўзбекистон олимпия терма жамоаси футболимиз тарихида илк бор бундай нуфузли мусобақада иштирок этмоқда. Вакилларимизга гуруҳ баҳсларида Европа гранди — Испания, Эҳромлар юрти — Миср ҳамда Доминикан Республикаси футболчилари рақиблик қиляпти.
Таъкидлаш лозимки, Олимпиада олдидан барча терма жамоаларимиз ушбу нуфузли мусобақага юқори даражада ҳозирлик кўрди. Бунинг учун Президентимиз томонидан атлетларимизга барча шарт-шароитлар яратилиб, ҳар бир спортчи бўйича индивидуал стратегия қабул қилинди ва уларнинг саралаш мусобақалари, маҳаллий ва хорижий ўқув-машғулотлардаги иштироки таъминланди.
15 та олимпия ва паралимпия марказида ҳамда вилоятлардаги спорт базаларида тайёргарлик учун зарур шароитлар яратилди. Шунингдек, спортчилар мунтазам чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, тиббий-биологик таъминот ва фармакология йўналишларида тизимли чоралар кўрилди.
Эътиборлиси, бу йилги Олимпия ўйинларининг очилиш маросими биринчи марта стадион ташқарисида ўтказилади. Тадбирда 10 минг 500 нафар спортчи Сена дарёси бўйлаб қайиқларда Париж марказидан сузиб ўтади.
Ушбу очиқ ҳаво концепцияси “Париж-2024”ни томошабинлар сони ва географик қамрови жиҳатидан энг катта очилиш маросимига айлантириши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Япония пойтахти Токио шаҳрида бўлиб ўтган сўнгги ёзги Олимпия ўйинларида ўзбекистонлик спортчилар 3 та олтин, 2 та бронза медалини қўлга киритган эди.