Мамлакатимизда жисмонан ва маънан соғлом, ҳеч кимдан кам бўлмаган авлодни тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Фарзандларимизни юксак билимли, жисмонан бақувват инсонлар этиб камолга етказишнинг бош омили – бу болалар спортини ривожлантириш масаласи давлатимиз ва жамиятимизнинг доимий диққат марказида бўлиб келмоқда.
Қорақалпоғистонда ҳам болалар спортига, айниқса, болалар футболига катта эътибор қаратилмоқда. Бунга мисол, Қорақалпоғистон футбол федерацияси билан ҳамкорликда Қорақалпоғистон «Ёшлик» жисмоний тарбия ва спорт жамиятининг қўшма қарорига мувофиқ Нукус шаҳридаги «Турон» стадионида 1998-1999 йилларда тўғилган болалар ўртасида Қорақалпоғистон футбол федерацияси Кубоги мусобақаси ташкиллаштирилди. Бу мусобақага ўн иккита жамоа қатнашди. Уч кун давом этган мусобақа финалида Нукус шаҳрининг «Бойтерак» жамоаси Хўжайли туманининг «Хўжа-эли» жамоаси билан куч синашди. Финалда Хўжайли тумани 1-сонли болалар ва ўсмирлар футбол спорт мактабининг ёш футболчиларидан ташкил топган «Хўжа-эли» жамоаси ўз рақибини 1-0 ҳисобида мағлубиятга учратиб, Қорақалпоғистон футбол федерацияси Кубогини қўлга киритди.
«Бундай мусобақани ўтказишдан асосий мақсадимиз болалар футболини ривожлантириш ҳамда ёш ўйинчилар ичидан иқтидорли ўйинчиларни танлаб олиш ва келажакда ана шу болаларни босқичма-босқич ўсмирлар, ёшлар жамоасига номзодлар етказиб беришдан иборат», дейди мен билан суҳбатда бўлган Қорақалпоғистон футбол федерацияси болалар футбол бўлимининг селекционер-мураббийи Қаллибек Садиров.
Дарҳақиқат, мана шу болалар ичидан келажакда мамлакатимизнинг ўсмирлар, ёшлар ва қолаверса, миллий терма жамоамизга номзод ўйинчилар чиқаверишига тилакдош бўлиб қоламиз.
Абдумажид Қодиров
(UZBEKISTONIM никли мухлис)