«Металлург» - «Динамо» (0:1) ўйинидан кейинги матбуот анжуманида журналистлар Вадим Абрамовдан Суперлигадаги майдонлар ҳолати, жамоаларнинг ўз уйида эмас, бошқа шаҳарлардаги стадионларда тўп суришга мажбур бўлаётгани ҳақида сўрашди.
- Стадионлар масаласида бераётган саволингиз бўйича кўпчилик мураббийлар гапиришди, бу борада биринчи эмасман. Аксарият стадионларни ёпиб, 2-3та жамоани битта майдонда қандай ўйнатиш мумкин? Буни қайси майдон кўтара олади? Келинг, Самарқанддаги ўзимизни майдон мисолида гапирсам. Янгиланган майдонимизга жуда кўп зарур кимёвий ўғитларини бериб бориш, алоҳида парваришлаш керак. Бу майдонга қараш, парваришлаш учун катта маблағ талаб этилади. Ҳозирча майдонни янгилаган фирма ишчилари парваришламоқда, ўз вақтида уруғи, кимёвий қўшимчаларини беришмоқда. Аммо улар кетгач нима бўлади? Буни сақлаб туришнинг ўзи бўлмайди. Ўзи бизда кўркам майдон бор эди. Шунчаки олиб ташладилар. Ҳозирги майдон қанча вақт талабга жавоб бериши ўйлантиради. Кейинги мавсумда бу масалага тўхталса бўлади. Бу фақат биздаги майдон билан боғлиқ эмаслигини кўряпмиз. Майдонларга чим ётқизилаётганда, маҳаллий иқлим шароитини ҳам ҳисобга олиш керак. Ҳар ҳолда Нукусдаги иқлим Тошкентдагидан фарқ қилади ёки айтайлик, Қарши учун яхши бўлган майдон Самарқандда ҳам яхши бўлади, дегани эмас. Шу боис майдон масаласида ҳамма ўз иши билан шуғулланса, ҳаммаси яхши бўлади. Аммо ҳозир кўриб турибсиз, аксарият жамоалар қаерда ўйнашни билишмаяпти. Ниманидир яхши қилишни истаяпмиз, аммо якунда ундай бўлмаяпти.
- Энди миллий жамоалар ўйинлари сабабли Суперлигада катта танаффус юзага келади. «Динамо»нинг ҳозирги таркибидан кимларни миллий жамоага тўп суришга муносиб дея оласиз?
- Бу масалада гапиришни истамасдим. Миллий жамоамизда бош мураббий бор. Улар кимни таклиф этишни, қаерда ўйнатишни яхши билишади. Шу боис бу савол менга эмас.
- «Динамо»нинг етакчи ўйинчилари билан кейинги мавсум учун шартномани ҳозирдан узайтириш масаласи кўриб чиқиляптими?
- Кўрамиз, ҳали мавсумни якунлаб олишимиз керак. Бу масалага ҳали тўхталамиз.