2004 ва 2006-йилларда Россия федерациясининг энг ободонлашган шахарлари танловида фахрли ўринларни қўлга киритган Хабаровск шаҳрининг марказий майдонида мени икки нафар полиция ходимлари тўхтатиб, ҳужжатларимни кўрсатишимни сўрашди. Ҳужжатларимни олиши билан миршаблар мени ўз хоналарига таклиф қилишиб, чўнтак ва сумкадаги нарсаларингни кўрсат деб туриб олишди.
Нарсаларим ва телефонимни стол устига қўйишим биланоқ улардан бири қўл телефоним маркаси ва код номерларини бошқа бир бўлимга текшириш учун (ўғирланмаганлиги аниқлаш учун) юборди. Орадан саккиз-ўн дақиқа вақт ўтар-ўтмас ҳаммаси “тоза” экани ҳақида маълумот келди. Бу орада менинг ҳужжатларимда камчилик йўқ экани ҳам уларни ранжитди чоғи, бири иккинчисига қарата “Коля, отдай у его вещи”, деди. Казино қиморхонасидан ютуғини икки қўли билан тортқилаган одамдек буюмларимни жойлай кетдим. Уларни иккинчиси эса қўл телефонимни ковлай кетди. Бирдан "бу ким, анови футболчими, нимайди", деб Ривалдо билан тушган суратимни ва бошқа номдор элликка яқин футбол кишилари тасвирланган суратларини томоша қилишга тушиб кетди.
Суратлар орасида Африкадан келтирилган вувузела, Нодирбек Тўйчиевнинг машҳур футболчи «Бавария» ҳимоячиси Филипп Лам билан тушган сурати, ФИФА ҳаками Равшан Эрматов ва болалар футболи, стадионларимиз ҳақида чиройли суратлар мавжуд эди. Илёс Зейтуллаевнинг Италиядаги фаолияти, Одил Ахмедовнинг эса «Анжи»да кимсан Хиддинк қўл остида Это'О билан елкама-елка тўп суриши билан бирга бошқа ютуқларимизни айтиб берсам, “қўйсангчи, шулар ростми”, дейишдан бошқа сўз топа олмади. Қисқаси рус вакилларига футболимиз ҳақида бироз “понятка” бервордим. Бошида бир-биримизга ёвқараш қилган бўлсак, суҳбатимиз охирида миршаблар билан дўстона хайрлашдик.
Насиб қилиб, яна улар билан йўлларим кесишгудек бўлса, энди уларга мен бугунги Андижоннинг гўзаллигини, шаҳримизда фаолият кўрсатаётган элликка яқин мини футбол майдонлари ва уларда мириқиб ўзларини севимли спорт тури бўлмиш футбол билан шуғулланаётган ёшлар хақида айтаман. Негаки, бугунги кунда Андижонни кечки бир оқшомини ўз кўзингиз билан кўрсангиз эди, албатта сўзларимга қўшилган бўласиз. Кўзни қамаштирадиган сон-саноқсиз футбол майдонлари доимо ёшлар билан банд. Сафар юзасидан бугунгача Болгария, Руминия, Урумчи ва Россиянинг кўплаб шаҳарларида бўлиш насиб этди. Аммо уларни бирортасида ҳам бугун Андижонда яратилган мини футбол майдонлари ва ундаги такрорланмас жиҳатларни кўрганимча йўқ.
Дилшодбек Жўраев