Кеча Париждаги Паралимпия ўйинларининг навбатдаги кунида ҳамюртимиз Бобур Омонов ядро улоқтириш баҳсларида олтин медални қўлга киритди. Бугун спортчимиз билан Президент Шавкат Мирзиёев телефон орқали мулоқот қилди.
Давлатимиз раҳбари Бобур Омоновни икки карра паралимпия чемпионидек шарафли номга сазовор бўлгани ҳамда 2021 йилда ўзи ўрнатган Паралимпиада рекордини янгилагани билан дилдан қутлаб, ушбу натижа Ўзбекистон паралимпия ҳаракати тарихида муҳим воқеа бўлганини қайд этди. Бу галги ўйинларда ҳам юксак маҳоратини яна бир бор тасдиқлаш йўлида унга кўмакдош бўлган мураббийлари ва яқинларига раҳмат айтди.
Чемпион халқимиз ишончини оқлаганидан хурсандлигини билдириб, терма жамоамизнинг, шу жумладан ўзининг муваффақиятли чиқишлари Ўзбекистонда Президентимиз раҳбарлигида спортга қаратилаётган алоҳида эътибор ва яратилаётган шароитлар туфайли эканини таъкидлади.
Фурсатдан фойдаланиб, Президент кеча совриндор бўлган спортчиларимизни табриклаб, бугунги беллашувларда қатнашадиган ҳамюртларимизга омад тилади.