Олий лиганинг 7-тур ўйинида мамлакат чемпиони Жиззахга сафар уюштиради. "Сўғдиёна" ушбу турда "Пахтакор"ни қабул қилади. Ҳар икки жамоа олий лигада шу кунгача 34 бор куч синашган. “Пахтакор” 27та ўйинда ғалаба қозонган. 4 учрашувда “Сўғдиёна”нинг қўли баланд келган. 3 баҳсда дуранг қайд этилган. Тўплар нисбатида устунлик “шерлар” томонида: 94:31. “Пахтакор” ўзаро ўйинларда 84 очкога эга бўлган, “Сўғдиёна” эса 15 очкони қўлга киритган. “Пахтакор”нинг “Сўғдиёна” устидан қозонган энг йирик ғалабаси 6:1га тенг бўлса, “Сўғдиёна”нинг тошкентликлар устидан эришган энг йирик ғалабаси - 4:1.
Бу жамоаларнинг охирги ўйинлари 2011 йилда бўлиб ўтган. Ўша йилги ҳар иккала ўйинда ҳам “шерлар” муваффақият қозонишган. Жиззахда бўлиб ўтган ўйинда Душан Савич дубл қайд этган, бунга майдон эгалари сафида Артурос Фоменко жавоб берган - 1:2. Тошкентдаги ўйинда Кахи Махарадзенинг голи барчасини ҳал қилган - 1:0.
“Сўғдиёна” Жиззахда ўтказган 17 ўйиннинг учтасида ғолиб чиққан. 2 беллашувда томонлар очколарни бўлиб олишган. Қолган 12 учрашувда “Пахтакор” сафарда уч очкони ўзиники қилган. Сўнгги бор “Сўғдиёна” 1999 йил 17 май санасида “Пахтакор”ни мағлуб эта олган. Шундан сўнг олий лига доирасида Жиззах клуби “Пахтакор”га кетма-кет 19та ўйинда мағлуб бўлиб келмоқда. Агар фақат “Сўғдиёна” мезбон бўлган ўйинларни ҳисобласак, бу рақам 9тани ташкил этади.
Ёшлар жамоалари ўйини 4 май, шанба куни соат 16:00да бошланса, асосий таркиблар беллашуви 5 май, якшанба куни соат 17:00да старт олади.
«СЎҒДИЁНА» - «ПАХТАКОР»
Ҳакамлар: Зокир Қодиров (Навоий), Рафаэл Илёсов (Тошкент), Маъмур Саидқосимов (Тошкент), Вилоят Нажафалиев (Тошкент).
Назоратчи: Сайфиддин Эрматов (Тошкент).