Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Сергей Лушан: “Навбаҳор”да мураббийлик қилиш осон эмас”

Баҳо:
+ | -

Суперлиганинг кечиктирилган 14-туридан ўрин олган “Динамо” – “Навбаҳор” (0:1) учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг биринчи қисмида наманганликлар бош мураббийи Сергей Лушан иштирок этиб, ОАВ ходимларининг саволларига жавоб берди.

“Лочинлар” устози одатдагидек, ўз сўзини ўйин ҳақидаги фикрлари билан бошлади.

— Биз ғалаба қозондик. Мени барчаси қониқтирди. Йигитлар ўзларидан талаб қилинган кўрсатмаларни тўлиқ ҳолда бажаришди. Менимча, биз ҳаққоний тарзда зафар қучдик. Юзага келган вазиятдан фойдаланиб, гол урдик. Мезбонлар жамоамиз дарвозаси олдида хавфли ҳолатларни юзага келтира олишмади.

“Динамо” ўзига хос, жуда тезкор, техник тарафдан яхши ўйин намойиш этадиган жамоа. Биз мезбонлар ўйинини таҳлил қилган ҳолда, майдон марказини ёпишга ҳаракат қилиб, бунинг уддасидан чиқа олдик.

— “Навбаҳор” бугун жуда яхши ўйнади. Жамоанинг бугунги баҳсига Ўзбекистон кубоги финалидаги мағлубият ҳам, етакчи футболчиларнинг Ўзбекистон миллий терма жамоасига жалб этилишгани ҳам таъсир қилмади. Шогирдларингиз бугун жуда хотиржам ҳолда ўйнашди. Аммо Фарғонада бўлиб ўтган финал беллашувида бундай хотиржамлик кўринмаганди. Буни нима билан изоҳлайсиз?

— Биласизми, тўпдан ҳар ким ўзи хоҳлаганидек, фойдаланиши мумкин. Финал учрашуви тарихда қолди ва биз у ўйинни унутиб, олдинга интилишда давом этамиз. Шу боис, муаммоларсиз, хотиржам ҳолда фаолият юритишда давом этяпмиз.
— Ўзбекистон кубоги финалидан кейин “Навбаҳор”да кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилади, деган миш-мишлар тарқалди. Бунга қандай муносабат билдирасиз?

— Дунё миш-мишларга тўла. Кенг кўламли ислоҳотлар анча олдин, биз жамоага келганимизда бошланган. Олдимизга вазифа қўйилиб, Ўзбекистон кубогида финалгача етиб боришга ҳаракат қилишимиз айтилганди.
Эътибор берган бўлсангиз, таркибимиздан 12 нафар маҳаллий футболчи ўрин олган. Келаси йилги мавсумда биз жамоада ишлаймизми, йўқми, бундан қатъий назар, бу унчалик аҳамиятга молик эмас, раҳбарият томонидан таркибни янгилаш, “Навбаҳор” таркибидан 80 фоиз маҳаллий тарбияланувчилар жой олиши вазифа қилиб қўйилган. Бу миш-миш эмас, балки нормал ҳолат. Кўплаб клублар, масалан, “Пахтакор” сафида ҳам кўплаб ёшлар тўп тепишади. Янги, ёш футболчиларнинг даврлари келади ва улар катта футболга мослашаишлари шарт. Шунинг учун жамоалар таркибида ўзгаришлар бўлиши табиий.

Биз ҳозир шуни амалга ошириш йўлида меҳнат қиляпмиз. Кўплаб иқтидорли йигитлар бор ҳамда улар вақти келиб, жамоа етакчиларига айланишади.

Мазкур сўзларим билан айни пайтдаги таркибдаги барча футболчилар билан хайрлашамиз, демоқчимасман. Албатта, барчасини позициялар бўйича кўриб чиқиб, керакли футболчилар, уларнинг агентлари  билан профессионал даражада музокаралар олиб борамиз. Бугун кўпчилик танимайдиган 4 нафар янги футболчи таркибдан жой олди.

— Бугунги ўйинга терма жамоага жалб этилган футболчиларнинг йўқлиги таъсир қилдими?
— Ҳа, улар жамоамизнинг энг яхши ўйинчилари саналишади ва ушбу футболчилар бугун таркибда бўлишганида, жамоамиз янада сифатли ўйин намойиш этган бўларди. Уларнинг ўринларига майдонга тушган йигитлар ҳам иқтидорли, бироқ адаптация учун бироз вақт керак. Балки буларда ҳужум ташкил этишда терма жамоамизга жалб этилган футболчиларники сингари интеллект йўқдир, аммо бу вақтинчалик жараён. Лекин улар кўрсатмаларимни тўлиқ бажаришди ва бу кўп нарсадан далолат беради.

— Сўнгги йилларда “Навбаҳор” яна топ даражага қайтди. Жумладан, ўтган мавсумда ОЧЛда ҳам яхши ўйин намойиш этиб, юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди. Бироқ охирги 3 йилда икки марта Ўзбекистон кубоги финалида имкониятни бой берди. Сизнингча, бунинг сабаби нимада?
— Наманганда муҳит шундайки, бу ерда мағлубиятга учраш мумкин эмас. Мухлислар бу борада мураббийлар штаби ва футболчиларга нисбатан жуда  талабчанлар. “Навбаҳор”да фаолият юритиш учун ташриф буюрадиганлар буни билишлари керак. Наманган футболи кўп йиллардан буён шундай хусусиятларга эга ҳамда бу кеча пайдо бўлмаган. “Навбаҳор”да мураббийлик қилиш осон эмас. Чунки биргина хато истеъфога сабаб бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Бу эса нормал ҳолат. Мисол учун, Андижон ва самарқандлик ишқибозлар ҳам ўзгача хусусиятларга эгалар. Мен бунга хотиржам қарайман. Мураббийлик тақдири шундай. Бугун жамоада фаолият юритсанг, эртага истеъфога чиқишинг ҳам мумкин. Буни тушуниш керак.

— Сиз юртимизга анча йиллардан кейин қайтдингиз. Ўзбек футболининг ҳозирги савияси борасида фикрингиз қандай?
— Хориж мамлакатларида фаолият юритганимда ҳам, юртимиз футболини доимо кузатиб турдим. Ўзбек футболи тараққий топмоқда. Олдин Ўзбекистон клубларида ишлаб, кейин хорижга кетган кўплаб мутахассислар маълум вақтдан сўнг, яна юртимизда фаолият олиб бориш учун қайтишмоқда. Албатта, янги мураббийлар буни сезмасликлари мумкин. Бироқ ўзбек футболи жадаллик билан тараққиётга эришаётганини таъкидлаш лозим. Мамлакатимиздаги футбол академиялари Ўзбекистоннинг барча терма жамоаларига маҳоратли футболчиларни етказиб беришмоқда. Миллий ва олимпия терма жамоаларимиз анча кучайди ҳамда зафарларга эришмоқда. Олимпия терма жамоамиз Олимпия ўйинларида қатнашди ва бундай натижа билан саноқли мамлакатларгина мақтана олишади.

Бу асрга татигулик натижа ҳамда катта қадам. Эришилган ютуқлар билан тўхтаб қолмаслик шарт. Футбол инфратузилмаси ҳам ривожланмоқда ва олдинга қадам ташлашда давом этиш керак. Юртимизда кўплаб иқтидорли футболчилар етишиб чиқишмоқда.

“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.

Манба: www.pfcnavbahor.uz
Киритилди: 15:24, 14.10.2024.
Ўқилди: 738 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.