“Шўртан” ва “Насаф” ўртасидаги Ўзбекистон Кубогининг 1/8 финал жавоб баҳси якунига етганидан сўнг ҳар иккала жамоа мураббийлари ўз фикрларини билдиришди.
Зоир Тўрақулов (“Шўртан” футбол клуби бош мураббийи вазифасини бажарувчи)
— Мени клуб раҳбарияти бош мураббий вазифасини бажарувчи этиб тайинлаганидан бери бу ўйин мен учун биринчи учрашув бўлди. Албатта, ўзига яраша ҳаяжон бўлди. Ўзингиз кўряпсиз, чемпионат ўйинлари “Шўртан” учун тиғиз келган. 21 май куни “Пахтакор”ни қабул қилсак, 26 майда “Бунёдкор” билан ўйнаймиз. “Насаф”га қарши баҳсда шогирдларимнинг ҳаракатидан қониқдим. Фақат яна гол ура олмаганимиз алам қилди. “Насаф”ни эса ғалаба билан табриклайман.
— Бу ўйинда шу пайтгача ўринбосарлар сафида тўп суриб келган етти нафар футболчини синаб кўрдингиз.
— Чиндан ҳам йил бошидан бери ёшларимиз асосий таркибда деярли ўйнамай келишаётганди. Лекин барибир қачондир улар ҳам ўйнаши керак. Ҳозир футболчиларимизнинг жисмоний ҳолати яхши, агар тўпни назорат қилишни ҳам бирмунча яхши ўрганиб олсак, кейинги ўйинларда бизга осонроқ бўлади.
— “Пахтакор” билан ўйинга ҳам ёшларга имконият берасизми?
— Бу учрашувгача ҳали уч кун бор ва шу вақт оралиғида машғулотларда ким яхши ишласа ўша майдонга тушади.