Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Александр Клецков: «Fалаба «Динамо»ни батамом ўзгартирди»

Баҳо:
+ | -

 

Ниҳоят, 8-турга келиб Самарқанднинг «Динамо» жамоаси чемпионатдаги илк ғалабасини қўлга киритди. Равшан Ҳайдаров бошқарувидаги дебют ўйинда кўҳна шаҳарликлар Александр Клецковнинг ягона голи эвазига «Бухоро»ни мағлуб этишди. Мавсум арафасидаги трансферлар давомида «Динамо»нинг энг кўзга кўринган харидларидан бири бўлган ушбу таниқли ҳимоячи мухлислар ишончини оқлашга ҳаракат қилмоқда. Куни кеча Александр Клецков клуб расмий сайти учун интервью берди.

- Саша, авваламбор узоқ кутилган ғалаба билан табриклаймиз. Ўйиндаги ғалабада мураббийлар штабидаги ўзгаришлар қанчалик таъсир этди?

- Менимча, ушбу ўйин олдидан клубимизда рўй берган ўзгаришлар жамоамизга ижобий таъсир қилди. Янги мураббийлар ўйингача бўлган беш кун ичида жамоага ўзгача руҳ олиб кира олишди. Ҳар бир футболчи машғулотларга ҳам янада жиддийроқ муносабатда бўлди. Мураббийлар ва раҳбариятнинг футболчилар руҳиятини кўтара олишгани, якунда ўз самарасини берди, деб ўйлайман. Ўйиндан олдин ўзимиз ҳам бирлашиб, барча натижа учун жонини бериши зарурлиги уқтирилди. Кўрдингиз, бутун жамоа бир-бирининг хатосини тўғрилаб, якдил бўлиб ўйнади. Ўйинда биз устунлик қилдик ва якунда мухлисларимизни хушнуд этдик. Хуллас, омадсизликка барҳам берганимиздан барчамиз бир-биримизни табрикладик. Ўйиндан олдин ва кейин мураббийлар ва клуб раҳбариятининг бизни қўллаб-қувватлаганлиги катта рол ўйнади ва бунинг учун уларга раҳмат. Fалаба, иштиёқ жамоани батамом ўзгартирди.

- Fалаба тўпини пенальтидан сиз киритдингиз. Нуқтага айнан сиз яқинлашишингиз олдиндан аниқмиди?

- Йўқ. Йигитлардан ҳеч ким яқинлашмагач, жавобгарликни ўз бўйнимга олиб тўпга яқинлашишга қарор қилдим. Сўнгги дақиқа, ғалаба тўпи бўлиши мумкинлиги учун совуққонлик билан зарба бериш талаб этиларди. Голни мен урган бўлсамда, бу ғалабада бутун жамоанинг ҳиссаси катта бўлди. Чунки, ушбу ўйин кўрсатдики биз – бир оиламиз.

- Пенальтини «Паненько услуби»да қойилмақом тарзда амалга оширдингиз. Одатда пенальтини мана шундай амалга оширасизми?

- Шундай деса ҳам бўлади. Дарвозабонга қараб, тўпни айёрона зарба билан дарвозанинг ўрта қисмига йўллашни ёқтираман. Икки йил давомида Хитой суперлигасида тўп суриб 5 маротаба гол урган бўлсам, улардан 3тасини айнан худди шу усулдаги пенальтилардан киритганман.

- Ўтган етти ўйиндаги тўрт мағлубиятни айнан нима билан изоҳлаган бўлардингиз?

- Биз ушбу баҳсларда оғир баҳсларни ўтказдик. Дастлаб, Фарғонада «Нефтчи»га қарши йўқ жойдан киритилган пенальти эвазига мағлуб бўлдик, кейин эса чемпионлик учун кураш олиб бораётган уч жамоа «Пахтакор», «Бунёдкор» ва «Локомотив» клубларига қарши баҳсларда мағлуб бўлдик. Бу жамоалар нисбатан кучли таркиб ва тайёргарликка эгалар. Бизнинг жамоамиз эса анча ёш ва шу йил қайтадан йиғилди. Иккинчи давра арафасида жамоа анча кучаяди деб ўйлайман. Fалабадан кейин жамоамизда катта ишонч, иштиёқ пайдо бўлди ва буёғига биз ҳам мухлисларимизни хурсанд этишда давом этамиз.

- Шартномангиз неча йилга тузилган? Жамоада молиявий муаммолар йўқми?

- «Динамо» билан 2014 йилга қадар шартнома имзолаганман. Клубда молиявий жиҳатдан ҳеч қандай муаммо йўқ ва «Динамо» раҳбарияти мажбуриятларини ўз вақтида бажариб келмоқда.

- Бу йил «Пахтакор», «Бунёдкор» ва «Локомотив»нинг чемпионлик учун кураш олиб бориши тахмин қилинмоқда. «Динамо» бу учта гранд рақиб билан ўйнаб бўлди. Сизнингчи, айнан қайси жамоа нисбатан кучлироқ кўринди?

- Бу саволга аниқ жавоб беришим қийин. Чунки, улар орасидан «Пахтакор»да кўп йиллар ўйнаганман ва бу жамоа менга қадрдон. Айнан «Пахтакор»да ўсиб-улғайдим, жамоадагиларнинг барчаси мен учун қадрдон. Фикримча, шахсан менга айнан «Пахтакор» нисбатан кучлироқ кўринди. Жамоанинг потенциали юқори. Кейинги ўринларда «Бунёдкор» ва «Локомотив»ни айтган бўлардим.

- Сиз «Пахтакор»да Равшан Ҳайдаров билан ишлагансиз. Бу мураббийни қайси жиҳатларини алоҳида таъкидлайсиз?

- Равшан Акмалович терма жамоа ва «Пахтакор»да ишлаб катта тажриба тўплаган. Хорижда тажриба алмашиб, Европадан кўп нарсаларни ўзлаштириб қайтган. Жамоа билан ишлашда, футболчиларни руҳлантиришда етук мутахасис деб биламан. Тактик ва техник жиҳатдан ҳам футболчиларга ўз сўзини уқтира олади.

- Давра якунига қадар беш тур қолди. Ушбу учрашувларда «Динамо» тенгкучли рақибларга қарши майдонга тушади. Ёзги танаффус олдидан вазиятни ўнглаш имконияти қай даражада?

- Албатта, пешқадамлар билан ўйнаб бўлганлигимиз яхши, аммо ҳозирда осон ўйиннинг ўзи йўқ. Ҳар бир очко учун бор куч ва имкониятни ишлатмасангиз ютқазишингиз аниқ. Шундай экан, барчамиз бирлашаб бу вазиятдан чиқиб кетишга интиламиз. Бунинг учун биринчи қадам ташланди ва ғалабага эришдик. Навбатдаги турга қадар икки ҳафта вақт бор ва «Сўғдиёна» билан ўйин олдидан Тошкентда бир ҳафта давомида пухта тайёргарлик кўрамиз. Буёғига орқага йўл йўқ, фақат олдинга бориш керак. Бу йўлда бизни мухлисларимиз қўллаб-қувватлаб туришса, ўйлайманки биз кўзлаган мақсадимизга эриша оламиз. Давралар оралиғида жамоамиз янада кучайиб, мухлисларнинг ишончини оқлашига ишонаман.

Усмон Ибодов суҳбатлашди.

Манба: www.fcdinamo.uz
Киритилди: 13:35, 18.05.2013.
Ўқилди: 3743 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.