Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Салим Мустафоев: "Бизга етишмаган ягона жиҳат - барқарорлик"

Баҳо:
+ | -

Вадим Абрамов бошқарувида Суперлигага қайтган Самарқанд «Динамо»си жорий мавсум ўз олдига катта мақсадлар қўймаган бўлсада, мазмунли ўйинлари билан ижобий таассурот уйғотди кўпчиликда.

Табиийки, сифатли фууболнинг йўлга қўйилганида бош мураббий баробарида тажрибали ижрочиларнинг роли катта. Хусусан, жамоа сардори Салим Мустафоевни алоҳида эътироф этиш мумкин. Хўш, яқин ўтмишда энг истиқболли ҳимоячилардан бири сифатида кўзга ташланган футболчи «Динамо»нинг якунланаётган мавсумдаги иштирокидан қанчалик қониқмоқда?

- Салим, бошланишига одатий савол - сардорлик боғичи шахсан сиз учун нимани англатади? Бу масъулиятми ёки ўзига хос мақом ёки эътироф?

- Аввало, масъулият, шунинг баробарида қўшимча мотивация. Футболчи сардорлик боғичини бежиз олмаганини мудом исботлаши лозим. Оддий айтганда, боғични тақиб майдонга тушганингизда, ўз-ўзидан икки ҳисса иштиёқ билан ҳаракатланасиз. Сардорлик шу томондан қўшимча куч бағишлайди, лекин масъулияти баландроқ, барибир. 

- Айни пайт «Динамо»нинг энг тажрибали футболчиларидан бири сифатида «сариқ боғич» эгасисиз. Таркибда эса ўйинни ўз қўлига оладиган бошқа етакчи ижрочилар ҳам бор. Улар орасидан кимни ўзингизга ворис ўрнида кўряпсиз?

- Ҳа, жамоамизда натижага жиддий таъсир кўрсатишга қодир маҳоратли йигитлар етарли. Бунга «Динамо»нинг натижалари яққол исбот. Лекин биласизми, бизда маҳаллий футболчилар бош ролга чиқишлари керак. Яъни ҳар бир клубда ўзимизнинг йигитлар етакчиликни қўлга олишларини истардим. Ўзимга ворис кўрсатишим эса жоиз эмас. Бинобарин, жамоада сардорлик боғичи кимга берилишини мураббий ёки футболчиларнинг ўзлари ҳал қилишади.

- Профессионал фаолиятингизнинг энг эсда қоларли қисмини «Локомотив»да ўтказиб, совринларга эга чиққансиз, шунингдек, миллий жамоамиздан чақирув олгансиз. Барчаси кўнгилдагидек кетаётган бир паллада «темирйўлчилар» билан хайрлашиб, «Қизилқум» сафига қўшилгандингиз. Ҳозир бундай кескин ўзгаришнинг асл сабабини айта оласизми?

- Ўша вақт «Локомотив» билан ярим йиллик шартномам қолганди. Жамоадан келишув муддатини узайтириш таклифи тушавермагач, клубимни ўзгартиришга қарор қилдим. Ўшанда фақат Навоий клубидан аниқ таклиф олганман.

- Вадим Абрамов қўл остида фаолиятингиздаги дастлабки совринни қўлга киритиш баробарида турли ёш тои­фасидаги терма жамоаларда ўйнадингиз. Қарангки, жонажон шаҳрингизга қайтишингиз билан йўлларингиз яна туташди. Бу тасодифми ёки Абрамов танлови?

- Ҳар иккиси. Биласизми, Абрамов билан бир-биримизни яхши тушунамиз. У нималарга қодирлигимни билади, мен эса мураббий талабларини тушунаман. Айтганча, Вадим Карленович «Бунёдкор»­ни бошқарган пайт ҳам мени ёнига чорлаганди, аммо «Қизилқум» билан шартномам борлиги учун таклифни қабул қилолмагандим. Насиб экан, мана, «Динамо»да яна бирга ишлаяпмиз.

- Бугунги даражага етишишингизда энг катта ҳисса қўшган мураббий сифатида кимни алоҳида эътироф этасиз?

- Шу давргача қайси мураббий қўл остида шуғулланган бўлсам, улардан ўзим учун керакли нимадир олганман. Лекин муайян мураббийни алоҳида кўрсатишим ноўрин. 

- Иш жараёнида Абрамов билан қандайдир тортишувлар ҳам бўлганми? 

- Йўқ, ўртамизда бирор марта жиддий муаммо туғилмаган. Ўз ўрнида айтишим керак, Абрамов нафақат кучли мутахассис, балки самимий инсон ҳам. Вадим Карленович исталган футболчи кўнг­лига осонгина йўл топади. Асосийси, атрофидагилар билан ҳамиша дўстона муносабатда бўлишга уринади.

- Абрамов Самарқанддек шаҳарнинг асосий жамоаси аслида чемпионлик учун курашиши кераклигини бот-бот таъкидламоқда. Бу фикр­га қўшиласизми?

- Шубҳасиз. Бош мурабби­йимиз айтганидек, Самарқанд юқори ўринларда юрадиган жамоага муносиб. Албатта, биз ҳам жамоа олдига энг юксак марралар қўйилиши тарафдоримиз. Лекин хоҳишнинг ўзи билан ҳеч нарса ўзгармайди. Барқарор жамоа шакллантириш йўлида қилиниши зарур ишлар талайгина. Масалан, футболчиларга қулайлик яратиш учун база керак. Машғулотлар майдони ҳам яхши эмас ва ҳоказо...

- «Динамо» қувноқ футбол кўрсатиш асносида чемпионатда барча рақибларга муносиб қаршилик кўрсатмоқда. Аммо натижалар мақтанарли даражада эмас...

- Айни пайт бизга етишмаётган ягона жиҳат - барқарорлик. Айтганингиздек, имкон қадар чиройли ўйин намойиш этяпмиз. Лекин ўйинимизда ҳали хато ва камчиликлар ҳам етарли, уларни бартараф этсак, натижалар ўз-ўзидан яхшиланади. Дейлик, жорий мавсум очко йўқотилган ўйинларда ҳам шунчаки, енгилмадик. Ўйлайманки, рақиблар ҳам бизга қарши ўйинларда анча қийналишганини тан олишади.

- Жамоа етакчилари ва тўпурарлари ҳақида нима дея оласиз? Улар янада сермаҳсул ўйнашлари мумкинмиди?

- Етакчиларимизга эътироз йўқ. Айниқса, ҳужумчиларимиз ўз вазифаларини аъло даражада бажаришмоқда. Ҳар ҳолда, «Динамо» Суперлигада энг кўп гол урган жамоалардан бири эканлиги фикримга асос.

- Жумладан, Анвар Ҳожимирзаев авваллари унча кўзга ташланмаганди. У фаолия­тининг ярмидан ўтган паллада бирданига юқори даражага кўтарилди...

- Ҳа, Анварга гап йўқ. Унинг бундан-да кучлироқ тўп сура олишига ишонаман. Менимча, миллий жамоамиз учун муносиб футболчи. Ҳожимирзаевнинг энг кучли хислати - гоҳида йўқ жойдан ҳам гол уради ёки жамоадошини қулай позицияга олиб чиқади.

- Оғриқли савол: ҳимоя доимо ўзбек футболининг асосий муаммоларидан бўлиб келган. Охирги йилларда бу борада вазият бироз яхшилангани ҳам рост. Мана, «Ланс»да тетик ўйнаётган Абдуқодир Ҳусанов Европанинг гранд клублари эътиборига тушди. Ҳимоячи сифатида айтингчи, ёш истеъдодларимиз Ҳусанов йўлидан бориш учун нималарга эътибор қаратишлари керак?

- Футболчи қачон юксакликка кўтарилади? Фақат ўз устида тинимсиз ишлаш ор­қали. Бунга Ҳусановнинг йўли яққол мисол. Дейлик, Абдуқодир елкама-елка курашда беназир. Бу ўз-ўзидан юзага чиққан устунлик эмас-ку. Демоқчиманки, Ҳусанов жисмоний ҳолати устида кўп шуғулланган. Ҳимоячи учун яна бир зарур жиҳат - бу дадиллик. Агар қайсидир ҳимоячи қаршисидаги ҳужумчи билан далил курашишдан чўчиса, унда бошқа амплуани танлагани маъқул.

- Ҳусановга АПЛнинг бир қатор жамоалари қизиқаётгани айтилмоқда. Сизнинг­-ча, у Англияда ўйнашга тайёрми?

- АПЛда шу пайтгача ўзбекистонлик футболчи тўп сурмаганини инобатга олсак, Ҳусановнинг Англия клубига ўтиши алоҳида воқеликка айланарди. Лекин шахсий фикримча, бунга бироз эрта. Яхшиси, «Ланс»да яна бир-икки йил тажриба тўплагани маъқул, менимча. Яна ким билади... 

Маълумот учун

Салим МУСТАФОЕВ

Туғилган санаси ва манзили: 1991 йил 7 март, Самарқанд шаҳри 

Бўйи: 178 cм., вазни: 72 кг. 

Амплуа бўйича: ҳимоячи 

«Динамо» (Самарқанд) мактаби тарбияланувчиси. 2009 йили айнан шу клубда профессионал фаолиятини бошлаган ва 2012 йилгача 67та ўйинда майдонга тушиб, 1та гол урган. 2013-2018 йиллар оралиғида «Локомотив» шарафини ҳимоя қилиб, 2 марта Ўзбекистон чемпиони бўлган, 3 марта миллий кубок ва 1 марта мамлакат суперкубоги соҳибига айланган. 2018 йилги мавсумнинг ёзги трансферлар ойнасида «Қизилқум»га ўтган. Навоий клубидаги фао­лияти: 4,5 йил давомида 105та ўйин, 2та гол. 2023 йили эса «Динамо» билан шартнома тузди. Мустафоев шунингдек, Ўзбекистон олимпия жамоаси таркибида Осиё ўйинлари-2014да иштирок этган. 2011 йилнинг 28 июль куни эса Ўзбекистон миллий жамоасидаги дебютини Қирғизистон термасига қарши ўйинда нишонлаган (миллий жамоада 7та ўйин). Ҳимоячи жорий мавсум «Динамо»нинг жами 23та ўйинида қатнашиб, 1та гол урди ва 3 марта сариқ карточка олди. Transfermarkt портали талқини бўйича Салим Мустафоевнинг трансфери 125 минг еврога баҳоланмоқда.

Хуршид ЮСУПОВ суҳбатлашди

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 08:00, 25.11.2024.
Ўқилди: 669 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.