21 май, сешанба куни "Пахтакор" иккинчи турнинг кечиктирилган ўйинида Ғузорда "Шўртан"га қарши ўйнайди.
8 мартда ўтиши белгиланган учрашув кучли қор ёққани сабабли қолдирилганди. Ғузорликлар бош мураббийи Эдгар Гесс аввалги ҳафталарда истеъфога чиқарилиб, унинг ўрнини Зоир Тўрақулов эгаллади. Энди у жамоадаги вазиятни ўзгартиришга уриниб кўради.
Ҳозирга қадар жамоалар олий лигада 16 марта тўқнаш келганлар. Уларнинг 14тасида "Пахтакор" зафар қучган, битта баҳсда дуранг, яна бирида ғузорликларнинг муваффақияти кузатилган. Гол уриш борасида жамоамиз яққол устун, 45-8. "Пахтакор"нинг энг йирик ғалабаси 6:0, "Шўртан"ники 3:1. Ўтган йилги ўйинларда Ғузорда мезбонлар 3:1 ҳисобида ғалаба қозонишган, Тошкентда эа ҳисоб очилмаган.
Учрашув "Шўртан" стадионида соат 17:00да бошланади. Ўйинни бошқарадиган расмийлар гуруҳида ўзгариш бўлмаган. Ушбу ҳакам ва назоратчи қолдирилган баҳсни ҳам бошқариб бориши зарур эди. Жамоамиз эртага кеч соат 18:00да самолётда Қаршига учиб кетади.
«Шўртан» – «Пахтакор»
Ҳакамлар: Равшан Эрматов (Тошкент), Абдулҳамид Расулов (Тошкент), Жаҳонгир Саидов (Тошкент), Николай Мешков (Самарқанд).
Назоратчи: Радик Серазетдинов (Тошкент).