Кириш Регистрация
28/12 00:30 Брайтон 0-0 Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал 1-0 Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи 1-2 Женоа
28/12 19:00 Парма 2-1 Монца
28/12 22:00 Кальяри 0-3 Интер
29/12 00:45 Лацио 1-1 Аталанта
29/12 16:30 Удинезе - Торино
29/12 19:00 Наполи - Венеция
29/12 19:30 Лестер - Манчестер Сити
29/12 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон
29/12 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон
29/12 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест
29/12 20:00 Фулхэм - Борнмут
29/12 22:00 Ювентус - Фиорентина
29/12 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль
30/12 00:45 Милан - Рома
30/12 22:30 Комо - Лечче

Николо Савона: "Ўзлигимни сақлаб қолишим муҳим"

Баҳо:
+ | -

Жорий мавсум арафасида ёшарган ва тактик чизмаси ўзгарган «Ювентус» ўйинида янги бош мураббий Тьяго Моттанинг «имзо»си яққол сезилмоқда.

Дейлик, яқин ўтмишнинг моҳир ярим ҳимоячиларидан бири катта саҳнани ҳеч иккиланмай ёшларга топширди. Оддий мисол, эндигина 21 ёшини қарши олган ҳимоячи Николо Савона ҳозирда «кекса синьора»нинг ўнг қанотини тўлиқ ўзиники қилди, ҳисоб. Ёш йигитча бў йўлда кимсан Данилони захирага ўтқизиб қўйди. Иқтидорли ҳимоячининг дадил ҳаракатлари Италия миллий жамоаси бош мураббийи Лучано Спалеттини ҳам эътиборсиз қолдирмади. Хуллас, Савона яқинда илк марта «скуадра адзурра» йиғинига чақирилди. Журналистлар эса «мовий гвардия»нинг машғулотига шошилишди - умидли ёш дебютант билан суҳбатлашиш илинжида, албатта...

- Никола, терма жамоа базасига келишингиздан олдин фахрий Жоржо Кьеллини сизга қандайдир маслаҳатлар бердими?

- Ҳа, у баъзи жиҳатларни тушунтирди, ўзимни қандай тутишим кераклиги юзасидан йўл-йўриқлар ҳам кўрсатди. Хусусан, миллий жамоада мақсадга эришиш йўлида камтарликни сақлаган ҳолда, ўз устимда кўп ишлашим кераклигини уқтирди. Шунинг баробарида ҳар бир машғулотдан максимал даражада фойдаланишим, мураббий кўрсатмаларига оғишмай амал қилишим зарурлигини алоҳида таъкидлади.

- Қизиқ, Италия термасидан таклиф олишни кутганмидингиз? Умуман, ҳозирги даражага шу қадар тез эришишни ўйлаганмидингиз?

- Ҳақиқий чемпионлар ёнида шуғуллана бошлаганингиздан кейин табиий равишда катта вазифа ва марралар ҳақида бош қотирасиз. Мен эса болалигимдан «Ювентус» тизимидаман. Шундай экан, мамлакат бош жамоасида ўйнашни орзу қилмаслигим мумкинмиди? Терма жамоага кириш амалга ошмайдиган орзу эмас. Лекин бунинг учун ҳар доим кучли ижрочилар даврасида тинимсиз шуғулланиш талаб этилади.

- Шимолий ҳудуд - Валле-д~Аостда туғилгансиз. Айтингчи, лоақал бир марта бўлсада, футболчи эмас, чанғичи сифатида танилишни хоҳлаганмисиз?

- Уйимизнинг шундоқ яқинида чанғи майдони бор эди ва болалигимда слалом бўйича бир нечта пойгада қатнашганман ҳам. Чамаси 10 ёшга тўлганимда эса футбол ва чанғи спортидан бирини танлашимга тўғри келди. Ахир ҳар иккисининг машғулотларини тенг олиб боролмасдим. Хуллас, қалбимга қулоқ тутиб, футболни маъқул кўрдим. Очиғи, чанғи спорти унча ёқмаганди ҳам.

- Ҳозир қанотда ҳам, марказда ҳам бирдек ўйнашингиз мумкин...

- Замонавий футболда турли хил позицияларда ўйнай билиш жуда муҳим. Ўйлайманки, рақибларга прессинг уюштириш ва ҳимояланишда чакки эмасман. Қолаверса, ўтган мавсум асосан учинчи марказий ҳимоячи сифатида ўйнадим. Ҳа, ҳар икки позицияда ўзимни эркин ҳис қиламан, эҳтимол, бу ўзига хос устунлигимдир... 

- «Ювентус»да ўз олдингизга қандай вазифаларни қўйгансиз?

- Жамоавий мақсадга тўхталсак, барчаси ўз-ўзидан тушунарли - турнир жадвалида имкон қадар юқори ўринни эгаллаш ва совринлар ютиш. Жорий мавсум шу мақсад сари ишлаяпмиз. Ўзим учун шахсий вазифаларни ҳам белгилаб олганман, албатта. Мана, ҳозир терма жамоадаман. Демак, бир ҳафта давомида фақат бош жамоамиз ман­фаати учун ишлайман.

- Мураббийингиз берган энг яхши маслаҳат... 

- Мотта бутун жамоа билан жуда кўп мулоқотга киришади. У яна ҳар бир футболчига индивидуал томондан эътибор қаратади. Мураббийнинг хоҳиши - барча йигитларни машғулотларда қувноқ ҳолатда кўриш. Яна кийиниш хонасида тинч-дўстона  муҳит ҳукм суриши ҳам муҳим. Мотта моҳиятан барчага эркинлик бермоқда. Унинг ўзини футболчиларга яқин тутиши бизга қўшимча қувват бағишламоқда.

- Сиз каби ёш футболчи қандай хавфлардан қўр­қиши керак?

- Қийинчиликлар ҳали олдинда эканлигини яхши тушунаман. Шунинг учун камтарликни сақлаш керак. Фидо­йилик ва қатъиятлилик - катта йўлда ёрдам берадиган фазилатлар. Қисқаси, буларни ҳеч қачон йўқотмаслигим, яна ўзлигимни сақлаб қолишим шарт.

- Терма жамоа базасига қандай ҳис-туйғулар билан кирдингиз? Спаллетти сизга айнан нима деди?

- Бу мен учун ўзига хос биринчи синов саналади. Бизда ажойиб жамоа бор, шунга яраша ҳис-туйғулар ижобий. Спаллетти мени илиқ қарши олди, бунинг учун мураббийдан бағоят миннатдорман.

- Дебютингиз қайси жамоага қарши ўйинга тўғри келишини хоҳлайсиз? Умуман, бўлажак учрашувларда майдонга тушишни кут­япсизми?

- Билмайман, ўзимга қолса, «Сан Сиро»да кечадиган Италия - Франция ўйинини танлардим, лекин айни ҳолатда терма жамоа билан бирга бўлишимнинг ўзи катта воқелик. Имкон берилса, бельгиялик Докуни персонал равишда таъқиб этишни хоҳлардим...

-----------------------------------------

Изоҳ: Николо Савона Италия миллий жамоасининг сафарда Бельгия (1:0 ва ўз майдонида Франция (3:1) термаларига қарши кечган ўйин­ларида иштирок этмади. 

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 23:23, 27.11.2024.
Ўқилди: 451 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.