Тошкентда қишлоқ хўжалиги кўргазмаси доирасида ўтган хайрия кимошди савдосида 10 бош узум 30 млн, Олимпиада қаҳрамонлари – Диёра Келдиёрованинг кимоноси 6 млн, боксчилар қўлқопи эса 26 млн сўмга сотилди.
Ташкилотчиларнинг айтишича, тушган пуллар оққон ва онкологик касалликларга чалинган болаларни қўллаб-қувватлашга сарфланади.
“Ўзекспомарказ”да ўтказилаётган тадбирлар доирасида бемор болалар томонидан чизилган суратлар кўргазмаси ҳам бўлиб ўтган. Анъанага кўра суратларга нарх белгиланмаган, ташриф буюрувчилар истаган нархларида сотиб олишлари мумкин эди.
Бокс бўйича Олимпиада чемпионлари имзолари туширилган қўлқопнинг аукцион савдоси қизғин ўтди ва нарх 26 млн сўмга қадар чиқди. Ушбу қўлқопни самарқандлик Жўрабек Фармонов харид қилди. Қўлқоп эгаси ва ушбу аукционда унга эришиш учун охиригача курашган фермер аёл боксчи Баҳодир Жалолов билан тушлик қилиш ҳуқуқини ҳам қўлга киритди.
Ғолиб бемор болалар қўллаб-қувватланаётганидан хурсанд эканини билдирган ва кимонони янаги савдоларга қўйиш учун “Сен кучлисан” жамоасига қайта ҳадя қилган.