Бугун Ғузорда бўлиб ўтадиган Олий лига 2-турининг қолдирилган учрашуви воҳа футбол муҳлислари учун аҳамияти қай даражада? Аксарият муҳлисларни ушбу баҳс қизиқтирмай қолмайди.
Ғузор Марказий стадионидаги учрашувга қизиқишни орттирадиган бир неча омилларни санаб ўтишимиз мумкин.
Биринчидан, бугун "Шўртан" Олий лига доирасида Зоир Тўрақулов бошчилигида илк учрашувини ўтказади. Мухлислар янги мураббийдан натижа ҳамда чиройли ўйин кутиши табиий. Буни тушунган ҳолда Тўрақулов бор имкониятидан фойдаланишга ҳаракат қилади. "Пахтакор"га уриладиган голнинг ўта аниқ, "оффсайд" ёки "дарвозабонга нисбатан қўполлик" каби баҳоналарга ўрин қолдирмаслик даражаси юқори бўлиши талаб этилади.
Иккинчидан, «Пахтакор» мураббийлар штабидаги вазият ҳам бугунги учрашувга эътиборни оширади. “Нефтчи”дан Саркисяннинг кетиши сабаб Мурод Исмоиловнинг атрофида юзага келган гап-сўзларга ушбу ўйиндан кейин аниқлик киритилиши кутилмоқда.
Учинчидан, “Шўртан”нинг кубок баҳсларини тарк этиши сабаб воҳа мухлислари жамоадан Олий лигада муносиб иштирок этишини кутишмоқда.
Тўртинчидан, бугун “Шўртан” ижобий натижа қайд эта олмаса, бу “Насаф”нинг турнир жадвалидаги ўрнига ҳам таъсир этади.
Бугунги кунга келиб вилоятимизнинг икки жамоаси кубок баҳсларидаги иштирокини (чорак финалда) давом эттирмоқда. “Шўртан” эса бу саккизликка кира олмади. Шундай экан, бугунги аҳамиятли баҳсда воҳамиз жамоасини муносиб қўллайлик!
Олим Толипов