Кириш Регистрация
19/12 01:30 Вильярреал 1-1 Райо Вальекано
19/12 01:30 Эспаньол 1-1 Валенсия

Жанлуижи Буффон: "Бутун ҳаётим йиқилмоқ ва турмоқдан иборат бўлган"

Баҳо:
+ | -

Катта мақсадларга эришишни ният қилган ҳар қандай инсоннинг умр йўлларида турли паст-баландликлар, қийинчилик ҳамда машаққат, йиқилмоқ ва турмоқ мужассам.

Фаолияти давомида 30дан ортиқ сов-рин ва турли даражадаги мукофотлар эгаси, бир қатор такрорланмас рекордлар соҳиби, IFFHS талқини бўйича 21 асрнинг энг яхши дарвозабони деб тан олинган жаҳон чемпиони Жанлуижи Буффон ҳам узоқ йиллик фаолияти давомида нималарни бошдан кечирмади дейсиз? Жижи тахаллуси билан миллонлаб футбол ишқибозлари кўнглидан жой олган бу пўлат қўлқоп эгаси яқинда Corriere della Sera нашри томонидан уюштирилган суҳбатда болалик кезлари, фаолиятидаги қувончли ва аламли дамлар ҳамда шахсий ҳаётига оид саволларга батафсил жавоб қайтарди.

- Жижи, терма жамоадаги дебютингиз қачон бўлганини эслай оласизми?

- Ўшанда мен 15 ёшга ҳам тўлмаган эдим. Эдинбургда Шотландияга қарши ўйнаш учун Италия U-16 терма жамоасига чақирилдим. Бу менинг Британия стадионларидаги биринчи ўйиним эди: ёғоч трибуналар, ҳайқириқлар, бизга қарши ўттиз минг кишилик "қўшин". Туман. Мен жимгина заҳирада ўтирардим. Қор ёға бошлади, майдон оппоқ. Бироздан кейин мураббий мени ёнига чақирди: "Буффон, сенинг навбатинг".

- Биринчи марта терма жамоа сафида майдонга тушиш қандай ҳис-туйғулар бахш этганди?

- Ўша учрашувда бир неча дақиқа ўйнадим холос ва битта зарбани қайтариб, қорга шўнғидим. Ўйиндан кейин ота-онамни Каррарадаги уйга чақириш учун бир-икки танга йиғиб олгандим. Бувим яшайдиган Фриулига қўнғироқ қилиш учун телефон рақимини нотўғри терганим ёдимда. Болалигимда қишни доим Фриулида бобом ва бувимникида ўтказардим. Чунки, ота-онам иккита синглимдан ортиб ишга боришарди ва менга вақт ажарата олишмасди. Биринчи хотираларим қор билан қопланган майдонлардир. Мен учун барча нарсага тоза кўриниш берадиган бу оқ "кафан"нинг сийрати жуда ёқарди ҳамда унга шўнғирдим. Ўшанда қорга сакраб тушсам, ҳамма ерим ҳўл бўлиши мумкинлигини билмасдим ҳам.

- Яқинда сизнинг Марио Дезиати билан биргаликда ёзган ва Mondadori томонидан нашр этилган "Йиқилмоқ, турмоқ, йиқилмоқ, турмоқ" номли автобиографиянгиз сотувга чиқди...

- Дарвозабон бўлишлик кишидан катта жасорат талаб қилади. Ёдимда, 1970 йилларда ёшлигимдаги майдонлар бетондек қаттиқ бўларди. Ҳозир ҳам ҳар қандай кекса ёшдаги дарвозабонларни бундай ерга сакрайвериш орқали жароҳатланган қўллари ва оёқлари оғриётганидан таниб олиш мумкин. Фаолиятим давомида фақат битта агентим бўлган - Силвано Мартина. Нима учун уни танладим? Чунки, унинг қўллари - чандиқлар билан қопланган ҳақиқий дарвозабоннинг қўллари эди.

- Китобни мутолаа қила туриб, дарвозабонларда телбаворлик бўлса керак деган хаёлга бордим. Ҳеч бўлмаганда сизда...

- Ҳа, шундай вужудимда телбаворлик ҳисси борлигини яширмайман. Дарвозабонлар кўпинча ўзлари билан ўзлари ёки қўлқоплари билан гаплашадилар. Бошқалар қаторида, мен ҳам ҳар доим ҳайратланарли ҳатти-ҳаракатларим билан ажралиб турардим. Ўйлашимча, бундай туйғуларсиз мен омон қололмасдим.

- Ўйиндан сўнг доимо рақибларингизни қучоқлаб юргансиз. Нима, ҳамма билан дўст бўлганмисиз?

- Йўқ, барча билан эмас. Қайсидир ўйинда "Бенфика" ҳужумчиси мени қўлимга жароҳат етказадиган даражада қаттиқ тепганини эслайман. Аниқ айтаман-ки, у атайлаб шундай қилганди. Оғриқ кучли эди лекин у парво ҳам қилмади. Ҳатто, кечирим сўрамоқчи бўлмаган қиёфада жуда ёқимсиз қараганди.

- Исмини айта оласизми?

- Қасам ичаман, унутибман. Агар уни яна учратиб қолсам, албатта гаплашардим. Мен учун ҳаммага хушмуомалалик билан муносабатда бўлиш шарафдир. Тўғриси, салбий таассурот уйғотадиган одамларни тезда унутаман.

- Сизга қарши ўйнаган энг кучли рақиб ким бўлган?

- Узоқ йиллик фаолиятим мобайнида уч авлод вакилларига қарши ўйнадим. Ваҳоланки, ҳар бир даврда ўзига яраша кучли ижрочиларга қарши жуда кўп марта майдонга тушганман. Уларнинг орасидан энг кучлисини қандай ажратиб олиш мумкинлигини ҳам билмайман. Эҳтимол, Зидан, Роналдо, Месси, Криштиану, Иньестадир...

- Сиз биттасини танлашингиз керак.

- Неймарнинг исмини айтиш ёдимдан кўтарилибди. У қандай футболчи ва инсон эканлигини инобатга олсак, аслида фаолияти давомида беш марта "Олтин тўп"ни қўлга киритиши керак эди...

- Айтганча, у билан "ПСЖ"да бирга ўйнагансиз. Париж клубига азалий орзуингиз - Чемпионлар лигасини ютиш мақсадида боргандингиз...

- Тўғри, бизда бунинг учун имконият етарли эди. Англияда "Манчестер Юнайтед"га қарши ўйинда 2:0 ҳисобида ғалаба қозондик ва жавоб ўйинига жуда ёмон тайёргарлик кўрганимизни тушунгандим. Лекин бу ҳақда ҳеч кимга ҳеч нарса демадим. Ваҳоланки, таркибимизда жаҳон чемпионлигини қўлга киритган футболчилар бор эди, масалан, Мбаппе...  Тан оламан бу ўйинга керак бўлганидан мутлақо бошқача тайёргарлик кўргандик. Натижада ҳимоя чизиғидаги хато туфайли дарҳол гол ўтказиб юбордик, кейин иккинчиси - ноаниқ пас туфайли, учинчи гол ҳам дарвозамиздан жой олди ҳамда барча амбицияларимиз бекор бўлди.

- Нега "Ювентус" билан Чемпионлар лигасида ғалаба қозона олмадингиз?

- Мен ЕЧЛда шу кунгача учта финалда ўйнадим. 2015 йилда "Барселона" ва 2017 йилда "Реал"га қарши ўйинларда имкониятни бой берганмиз. Аммо тушунинг, биз сўнгги 20 йилдаги энг кучли жамоаларга қарши майдонга тушдик. 2003 йилда эса Шевченко етакчилигидаги "Милан"га ютқазганмиз.

- Ўша финалдан кейин тушкунликка тушиб қолгандингиз. Депрессиядан қандай чиқиб кетдингиз?

- Дори-дармонларни қабул қилишдан бош тортдим. Тўғриси, уларга қарам бўлиб қолишдан қўрқдим. Мен психотерапевтга бор-йўғи уч-тўрт марта борганман, холос. У менга маслаҳат берар экан, футболдан бошқа нарсалар билан ҳам шуғулланишни тавсия қилганди.

- Охир-оқибат нималар билан банд бўлдингиз?

- Ўшанда расм чизишни машқ қилдим. Шу сабабли Туриндаги Замонавий санъат гале-реясига бордим. У ерда рассом Чагаллнинг кўргазмаси бўлаётган эди. Мен бир соат давомида "Юриш" картинаси олдида тўхтаб қолдим. Бу Чагалл ва унинг рафиқаси Белла тасвирланган оддий расмга ўхшарди бироқ, улар бир-бирларининг қўлларини ушлаб фақат учишмоқда эди. Эртаси куни яна қайтиб ўша кўргазмани томоша қилгани бордим. Паттачи: "Буффон, кўргазмада ҳали ҳам кечаги суратлар намойиш қилинмоқда", деди ва мен жавоб бердим: "Ҳа, биламан, лекин уни яна кўрмоқчиман". Биласизми? Бутун ҳаётим шундай эди: йиқилмоқ, турмоқ. Мен ҳам бош-қалар каби хатоларга йўл қўйганман ва уларни ҳеч қачон яширмаганман.

- Қандай хатолар ҳақида гапиряпсиз?

- Мактабни тўлиқ тугатмаганим боис, ота-онам олдида ўзимни айбдор ҳис қилардим. Кейин, университетга кириш хоҳиши пайдо бўлди. Массажчимиз эса бу муаммони ҳал қилиб беришини, барча футболчилар шундай қилишларини айтди... ҳамда сохта диплом олиб беришди. Худо ҳаққи, қандай ақл бовар қилмайдиган соддалик ва мен бунинг учун уларга пул тўладим.

- Сиз Италия терма жамоаси сафида 176та ўйин ўтказдингиз. Энди бу рекордни янгилаш ҳеч кимга насиб қилмаса керак?

- Эҳтимол шундайдир, лекин биласизми, Италия ФФ президенти Гравина хайрлашув учрашуви уюштиришни таклиф қилди. Мен эса буни қилмаслик яхшироқ, деб жавоб бердим.

- Бироқ сиз яна фаолиятингизни давом эттиришга қарор қилдингиз...

- "Аталанта"га керак эдим. Гасперини менга ижтимоий тармоқ орқали: "Сен билан Чемпионлар Лигасида ғалаба қозонамиз" деб хабар юборганди. Лекин Пирло "Юве"да қолишимга ишонтирди.

- Фаолиятингизни эса "Парма"да якунладингиз...

- Менга "Барселона"да иккинчи дарвозабон бўлиш учун таклиф бор эди. Криштиану билан ўйнаш тажрибасидан кейин, Месси билан бир жамоада тўп суриш ғояси ёқаётганди, аммо бир куни радиода Жованоттининг қўшиғини эшитиб қолдим. Мен уни жуда яхши кўраман. Шундан сўнг бутун хаёлимни "Парма"да ўйнаш ҳисси чулғаб олди. Ахир нима учун ҳаммасини бошланган жойда тугатмаслик керак?

- Хўш, Месси сизнингча қандай инсон?

- 2015 йилги Чемпионлар лигаси финалини яхши эслайман. Ўйиндан кейин елкамга кимдир қўлини қўйди: "Жижи, футболкаларни алмаштирмаймизми?" Бу Месси эди. Ҳақиқатдан ҳам буюк футболчилар ҳеч қачон таслим бўлмайдилар.

- Энди Криштиану Роналду ҳақидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз?

- Биз ҳар доим ажойиб муносабатда бўлганмиз. У билан кўпинча ўзаро ва янги келганлар ҳақида суҳбатлашардик. Мен Роналдуда катта кучни, шу билан бирга отасидан айрилганидан сўнг ҳис қилган заифликни кўрдим. Криштиану кўпчилик уддалай олмайдиган жуда машаққатли йўлни босиб ўтди.

- ЖЧ-2006да Италия ниманинг эвазига ғалаба қозонган? Айтайлик, Франция ва Бразилия сизлардан кучлироқ эди.

- Биз ҳеч қачон жаҳон чемпионатига мутлақ фаворит сифатида бормаганмиз. Эҳтимол, 1990 ва 1994 йилларда бизда энг яхши жамоа бўлгандир бу ҳақда аниқ нимадир дея олмайман. Лекин Германиядаги мундиалда ўйиндан ўйинга ўсишга эришдик ва ҳаммага ким эканлигимизни кўрсатиб қўйдик.

- Финалда Францияга қарши ўйинда айнан сиз туфайли Зидан Матераццига ишлатган қўполлиги учун майдондан четлатилди...

- Мен ҳакамнинг эътиборини тортишга уриндим, сабаби Марко ўрнидан турмаслигидан қўрққандим. Чунки ўша вазиятдан 30 сония аввал Зиданнинг бош билан берган зарбасини қайтаргандим. Тўп худди тошдек оғир эди, қўлимни букиб қўйишига сал қолганди.

 ХУРШИДБЕК тайёрлади.

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 08:20, 19.12.2024.
Ўқилди: 349 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.