Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумчиси Улуғбек Бақоев июнь ойида "Актобе" клубига ўтиши кутилмоқда. Аниқроғи, бугун бўлиб ўтадиган актобеликларга қарши ўйин Бақоев учун "Иртиш" сафидаги сўнгги ўйин бўлади.
Улуғбек "Актобе" раҳбарияти билан келишувга эришди ва шартноманинг молиявий томонлари бир тўхтамга келди.
Бухоролик футболчи "Иртиш" сафида бир ярим йил давомида тўп сурди. Ўтган йили 14та гол билан мамлакат чемпионати тўпурарига айланди (тўртинчи марта) ва кумуш медални кўксига тақди.
Ушбу мавсумда павлодарликлар молиявий қийинчиликларга дуч келишмоқда. Шунинг учун у "Актобе"га ўтишга розилик берди.
Эслатиб ўтамиз, "Актобе" сафида 3 нафар ўзбекистонлик футболчилар — Александр Гейнрих, Темур Кападзе ва Марат Бикмаев тўп суришади. Бақоев бу жамоага қўшилса, актобеликлар сафидаги ўзбекистонлик ўйинчилар сони 4 нафарга етади.