Эрон терма жамоаси бош мураббийи Карлос Кейрушни бир вақтлар Португалияда Жозе Моуриньо билан ишлаган дейишади. Ҳа, кўриниб турибди. Айниқса, қуйидаги фотодан.
Форслар мураббийининг кечаги матбуот анжуманидаги гаплари сизга ҳам бироз ғалати туюлганмиди? У аввал Чой Канг Хига терма жамоамиз футболкасини совға қилишини, бугунги ўйинда мард бўлиб уни кийиб юришини айтган эди. Аммо унинг кореялик ҳамкасби ҳам анойилардан эмас, "ЖЧни уйингда кўрасан" дея "олиб келсанг 11та футболка олиб кел" дея қистириб ҳам ўтганди. Кеча Кейруш "11та футболкага пули йўқлигини" айтиб, унинг ўрнига кореяликларга гул совға қилишини таъкидлаганди.
Мана бугун эса бу расм. Мураббий ўз ҳамкасбининг Ўзбекистон формасидаги суратини кийимига ёпиштириб олган ҳолда, буни расмга олишларини сўраган. Расмга олинаётган пайтда эса Чой Канг Хининг устидан кулиб турган. Қайдам, тиниб-тинчимас Кейруш балки йигитларига яхши кайфият улашиш учун шундай қилгандир.
Юқорида айтганимиздек, кореялик ҳам анойи эмас. У бу гал ўз жавобини бошқачароқ тарзда - Эронни мағлубиятга учратиб берса яхши бўларди, нима дедингиз?