Янги Зеландия терма жамоаси ЖЧ-2014 саралашининг сўнгги босқичи якуний турида Соломон ороллари терма жамоаси меҳмони бўлди ва 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Ушбу ўйинда 22-рақамда ўйнаган Андрей Дюранте борасида ФИФА Янги Зеландия футбол федерациясига сўров юборди. Ушбу футболчи Янги Зеландия терма жамоаси сафида ўйнаш ҳуқуқига эга эмаслиги тахмин қилинмоқда ва федерация энди ушбу футболчининг майдонга тушиши "қонуний"лигини исботлаши керак.
Агар янги зеландияликлар бунинг уддасидан чиқа олишмаса, терма жамоанинг Соломон оролларига қарши ўйинида мағлубият ёзилади. Лекин бу ҳолат Янги Зеландия учун ҳеч қандай хавф туғдирмайди. Боиси, улар Янги Каледонияни 6 очко ортда қолдирган ҳолда, ЖЧ-2014 қитъалараро плей-офф босқичини қўлга киритишган. Улар КОНКАКАФ минтақасининг 4-жамоаси билан плей-офф баҳсида иштирок этишади. Андрей Дюранте эса ноябрь ойида бўладиган ўйинларда майдонга туша олмаслиги мумкин.
"Велингтон Феникс" клуби сардори ҳисобланган Дюранте Янги Зеландияда 5 йил яшаганидан кейин ушбу мамлакат фуқаролигини олган. Бироқ 2011 йил давомида у Австралиянинг "Сидней" клуби сафида ўйнаган.