Кириш Регистрация

Аббосбек Махсталиев: «Жамоам учун фойдали ўйинчи бўлишни истайман»

Баҳо:
+2 | -

2011 йили Мексикада бўлиб ўтган жаҳон чемпионати баҳсларида Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасининг қаҳрамонларидан бири бўлган Аббосбек Махсталиев ўшанда мусобақа доирасидаги илк ўйин –Янги Зеландияга қарши учрашувда майдонга туша олмаганди.

Лотин Америкасида ўтган мусобақаларда ўзаро майдонга тушган ҳар иккала мамлакат ўсмирлари орадан икки йил ёшлар терма жамоаси аъзолари сифатида яна майдонда, яна жаҳон чемпионатида тўқнаш келишди. Аввалгисидан фарқли ўлароқ, бу сафар Аббосбек Махсталиевнинг майдонга тушишига дисквалификациялар ҳам, жароҳатлар ҳам халал бермади. Аксинча, «Пахтакор» ярим ҳимоячиси майдонда энг фаол ҳаракат қилган футболчилардан бири бўлиб, мусобақа ташкилотчилари томонидан учрашувнинг энг яхши ўйинчиси деб топилди.

«Икки йил аввал Мексикада ўтган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг илк ўйинида ҳам Янги Зеландия билан тўқнаш келгандик. Ўшанда, мен саралаш босқичида дисквалификация қилинганим учун, ЖЧ-2011нинг илк ўйинида майдонга туша олмагандим, жамоамиз эса Янги Зеландияга эса имкониятни бой бергандик. Бироқ бугун рақибни 3:0 ҳисобида мағлуб этиб, мусобақадаги дастлабки уч очкони қўлга киритдик. Бундан жуда ҳам бахтиёрман», - деди Аббосбек Махсталиев.

Аббосбек Махсталиевнинг учрашувдаги илк ҳаволатмасиёқ Игорь Сергеевнинг рақиб дарвозасини ишғол этиши билан якун топган эди, бироқ 5-дақиқада юзага келган ушбу вазиятда парагвайлик ҳакам Игорь Сергеевни тўпни қўли билан ўйнади деб топиб, голни инобатга олмади. Бироқ орадан 10 дақиқа ўтар-ўтмас, Игорь Сергеевнинг фаоллиги ва бутун ўйин давомида майдон бўйлаб эркин ҳаракат қилган Аббосбек Махсталиевнинг керакли жойда, керакли вақтда пайдо бўлиши ҳисобнинг очилиши учун етарли бўлди. Иккинчи бўлимда эса айнан Аббосбекнинг тўп узатишидан сўнг Игорь Сергеев ҳисобни 2:0га етказди.

«Албатта, майдонда эркин тўп суриш кўпроқ маъқул келади. Бироқ мураббийлар қандай кўрсатма берса, топшириқни бор кучим билан бажаришга ҳаракат қиламан. Бугунги ўйинда гол урдим, самарали тўп узатишни ҳам амалга оширдим; ҳаракатларим жамоа учун фойдали бўлди, биз мусобақа стартида жуда муҳим ғалабани қўлга киритдик. Мен имкон қадар жамоам учун фойдали ҳаракатларни кўпроқ амалга оширишни хоҳлайман. Шундан келиб чиқиб, давоми гол бўладиган тўп узатишлар мен учун ўз голларимдан кўра қадрлироқдир», - деди Аббосбек Махсталиев Янги Зеландияга қарши ўйиндан сўнг.

Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Жаҳон чемпионати доирасидаги навбатдаги ўйинни 26 июнь куни Хорватия ёшлар терма жамоасига қарши ўтказади. Тошкент вақти билан 23:00да бошланажак ушбу ўйин ҳам Бурсадаги «Bursa Ataturk Stadium» стадионида ўтказилади.

«Биз жаҳон чемпионатида чиройли ўйинлар кўрсатишни, гуруҳдан кейинги босқичга чиқишни, мусобақада имкони борича узоқроққа боришни мақсад қилганмиз. Янги Зеландияга қарши ўйинда дастлабки уч очкони қўлга киритдик. Навбатдаги рақибимиз Хорватия ҳам кучли жамоалардан саналади ва ушбу жамоага қарши чиройли ўйин кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Хорватия устидан қозонилажак ғалаба кейинги босқичга чиқишимиз учун етарли бўлади, деб ўйлайман», - дея қўшимча қилди Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг етакчи футболчиларидан бири Аббосбек Махсталиев.

Манба: www.the-uff.com
Киритилди: 02:23, 24.06.2013.
Ўқилди: 5306 марта.
Фикрлар: 23 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.