Ўзбекистон кубогининг чорак финалига етиб келган Биринчи лиганинг ягона клуби — "Машъал" Кубокнинг амалдаги ғолиби "Бунёдкор"га рўбарў келди. Бир қарашда ушбу қарама-қаршилик тақдири илк ўйиндаёқ ҳал бўладигандек эди, аммо муборакликлар рақибга нисбатан жиддий қаршилик кўрсатишди. Ҳаттоки жавоб учрашуви олдидан ярим финалга чиқиш учун яхши имконият ҳосил қилишди.
Ўйинни майдон эгалари фаол бошлагани ҳайрон қоларли жиҳат эмас, аммо ҳисобни "Машъал" футболчилари очишгани стадионга йиғилган кам сонли мухлислар учун ҳам, ўйин натижасини интернетда кузатаётганлар учун ҳам кутилмаган ҳол бўлди. Ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатидан қуруқ қолган Жаҳонгир Абдумўминов 3 нафар бунёдкорчини алдаб ўтиб, "қалдирғочлар"нинг ҳимоясидаги пала-партишликдан фойдаланиб, Мурод Зуҳуров қўриқлаётган дарвозани ишғол қилди.
Голдан бироз вақт ўтиб, "Бунёдкор"нинг ўнг қанотдан бошлаган ҳужуми жуда хавфли кўриниш олди. Дарвозабон билан яккама-якка вазиятда қолган Жасур Ҳасанов имкониятдан фойдалана олмади. Ўз навбатида Санжар Қувватов ҳам ўйин давомида ажойиб ҳаракат қилганини таъкидлаш лозим. 33-дақиқада Лутфулла Тўраев бурчак зарбасини амалга ошириб, Ҳасанов билан девор услубида комбинация ташкил қилди ва дарвозага аниқ зарба йўллади. Санжар Қувватовнинг маҳорати меҳмонларни муқаррар голдан сақлаб қолди. Орадан 3 дақиқа ўтиб, Санжар яккама-якка вазиятда Баҳодир Пардаевдан устун келди.
Ўйинда ҳисоб 39-дақиқада тенглашди. Олег Зотеев чап қанотда очилиб бораётган Жасур Ҳасановни тўп билан таъминлади. Битта футболчини ортда қолдирган Ҳасанов Пардаевни қулай позицияга олиб чиқди ва ҳужумчи тўпни дарвозабон устидан ошириб, дарвозага аниқ йўллади.
Иккинчи бўлимда ҳам устунлик тўлалигича мезбонлар томонида бўлди. Зотеев, Ҳасанов, Пишур, Мусаев жуда қулай имкониятлардан фойдала олишмади.
Жавоб баҳси 8 июль, душанба куни Муборак шаҳрида бўлиб ўтади.
ЎЗБЕКИСТОН КУБОГИ
ЧОРАК ФИНАЛ, ДАСТЛАБКИ УЧРАШУВ
"БУНЁДКОР" - "МАШЪАЛ" - 1:1 (1:1)
Голлар: Баҳодир Пардаев (39) — Жаҳонгир Абдумўминов (21),
Огоҳлантиришлар: Жавлон Иброҳимов (73) — Жаҳонгир Абдумўминов (8), Саломат Қутибоев (13), Рустам Аъзамов (58), Отабек Шукуров (60)
“Бунёдкор”: Муроджон Зуҳуров, Акмал Шораҳмедов, Хайрулла Каримов, Анвар Ғофуров, Жавлон Иброҳимов, Олександр Пишур, Лутфулла Тўраев (Фозил Мусаев 69), Жасур Ҳасанов, Саҳоб Жўраев (Марко Блажич 28), Баҳодир Пардаев (Игорь Таран 53), Олег Зотеев
“Машъал”: Санжар Қувватов, Шаҳзод Шаймонов (Отабек Шукуров 46), Жаҳонгир Абдумўминов, Баҳодир Муртазоев, Жамшид Ҳасанов, Акбар Ҳотамов, Аббос Шодмонов (Рустам Аъзамов 56), Мирзоҳид Ғофуров, Шерзод Файзиев (Искандар Шойқулов 77), Саломат Қуттибоев, Зоҳир Қўзибоев
Ҳакамлар: Владислав Цейтлин, Ҳусниддин Шодмонов, Андрей Цапенко, Анатолий Рубаков
Назоратчи: Рашид Айтеков