Грек матбуоти мамлакат ёшлар терма жамоасига ЖЧнинг нимчорак финалида Ўзбекистон тушганини омад сифатида баҳоламоқда.
"Ёшларимиз гуруҳ босқичини мағлубиятсиз ўтказишди. Терма жамоамизнинг гуруҳда 1-ўринни қўлга киритишида омад ҳам келганини таъкидлаш лозим (гуруҳ ғолибини аниқлаш учун ўтказилган қуръа назарда тутилмоқда — Std.uz). Гуруҳда ўтказилган 3та — Мексика (2:1), Мали (0:0) ва Парагвай (1:1)га қарши ўйинларда йигитлар яхши футбол ўйнай олишларини ва характерларини кўрсатишди. Бу илк марта бундай мусобақада иштирок этаётган юнонлар учун юқори натижа ҳисобланади. Маҳорат ва характер бирданига шаклланиб қолгани йўқ. Бу йигитлар машаққатли меҳнат ва Федерация томонидан амалга оширилган дастур орқали мана шу натижагача етиб келишди. Мураббийлар ҳам ўтган йилдан бери терма жамоани мусобақага тайёрлаб келишди", дея ёзади www.sport24.gr сайти.
"Европа вице-чемпиони ҳисобланган жамоамиз дунёнинг энг кучли 16 терма жамоаси сафига киришга муваффақ бўлди. Ўзига ишонган Костас шогирдлари нимчорак финалга чиқишди. Малига қарши ўйинни инобатга олмаганда (бу ўйинда ҳисоб очилмаганди), Греция қолган 2та ўйинда вазиятлардан фойдалана олишини исботлади. Туркиядаги мусобақада бизга 2 марта омад кулиб боқди — биринчиси, қуръа натижасида гуруҳ пешқадамига айландик, иккинчиси, 1/8 финал босқичда Ўзбекистон билан ўйнайдиган бўлдик", дея ёзади манба.
"Албатта, ҳали чорак финал масаласини кафолатламадик. Костас шогирдлари ҳали Ўзбекистондан устун эканликларини исботлашлари шарт. Ёшларимиз минимум вазифани бажаришди, энди эса 1/4 финалга чиқишлари керак. Агар буни уддаласак, 20 ёшли йигитлар грек футболи учун улкан вазифани бажарган бўлишади. Натижада грециялик футболчиларнинг жаҳон аренасида баҳоси ошарди. Бу эса ўйинчиларнинг келажаги учун ҳам, миллий терма жамоа учун ҳам фойдадан ҳоли эмас. Ушбу терма жамоа кўрсатяптики, мамлакатимиз терма жамоаси кейинчалик ҳам жаҳон футбол элитасида ўз ўрнига эга бўлади", дея мулоҳаза қилади сайт мухбири.
"Сешанба оқшомида "оқ-кўклар" грек футболи тарихида яна бир олтин саҳифани ёзишлари керак. Бунинг учун эса имконият бор...", дейилади www.sport24.gr сайтида.