Ўзбекистон Футбол Федерацияси Президенти Мираброр Усмонов Ўзбекистон U-20 ёшлар терма жамоасини жаҳон чемпионати чорак финал йўлланмаси билан табриклади.
2 июль, сешанба куни Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Туркияда давом этаётган жаҳон чемпионати нимчорак финал учрашувлари доирасида Греция ёшлар терма жамоасига қарши майдонга тушди. Қизиқарли курашларга бой ўтган баҳс 3:1 ҳисобида Аҳмаджон Мусаев шогирдлари ғалабаси билан якунига етди. Ушбу ғалаба Ўзбекистон ёшлар терма жамоасига тарихда илк бор жаҳоннинг энг кучли саккиз термаси қаторига кириш имконини берди.
Учрашув якунига етиши билан «Камил Ўжак» стадионидаги Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси кийим алмаштириш хонасида Ўзбекистон Футбол Федерацияси Терма жамоалар маркази Асқар Толибжонов футболчилар билан учрашди. Толибжонов футболчиларни тарихий ғалаба билан табриклаб, ЎФФ Президенти табригини етказди.
«Ўйин тугаши билан Мираброр Зуфарович билан алоқага чиқдик. ЎФФ Президенти ёш футболчиларни Греция устидан қозонилган ғалаба билан табриклаб, Ўзбекистон халқини бундан кейин ҳам мана шундай чиройли муваффақиятлар билан қувонтиришдаги ҳаракатларингиз бардавом бўлишини тиладилар», - деди ЎФФ Терма жамоалар маркази директори Асқар Толибжонов.
Терма жамоани 2 июлдаги муваффақияти билан боғлиқ табриклар келишда давом этмоқда. Футболчиларни, энг аввало, оила аъзолари, яқин қариндошлари, дўстлари, шунингдек, Ўзбекистон ва жаҳон футбол жамоатчилиги ғалаба билан муборакбод этмоқда. Табрик йўллаганлар орасида Мексикада ўтган ўсмирлар ўртасидаги 2011 йилги жаҳон чемпионатида Алексей Евстафеев ва Аҳмаджон Мусаев жамоаси билан яқиндан ишлаган мексикалик мутахассисларнинг ҳам борлиги эътиборга молик.