Кириш Регистрация
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия 0-4 Япония

Улуғбек Бақоев: «Жаҳон чемпионатига чиққанимиздан кейин суҳбатни давом эттирамиз»

Баҳо:
+1 | -

Улуғбек Бақоев ҳам Ўзбекистонда, ҳам Қозоғистонда ҳурмат қозонган футболчиларан бири. Юртимизда ҳужумчилар ва гол урар футболчилар танқислиги юзага келган пайтда у терма жамоа сафида асосий масъулиятни ўз зиммасига олди. Улуғбек қўшни мамлакат чемпионатида 4 марта йилнинг энг яхши тўпурари бўлган бўлса-да, у 2013 йилги мавсумда унчалик кўп гол ураётгани йўқ. Аммо ўтган ҳафтада у Болгариянинг "Левски" дарвозасига гол уриб, "Иртиш"нинг Европа лигаси кейинги босқичга чиқишига катта ҳисса қўшди. Улуғбек павлодарликларга халқаро мусобақада ёрдам беришга тайёр. Шунингдек, ноябрь ойида 35 ёшга кирадиган футболчи ҳамон жаҳон чемпионатига чиқиш умидидан воз кечмаган.

"Мендан кўпроқ нарса кутишаётганини биламан"

— Ушбу мавсумда олтинчи ўрин "Иртиш"ни қаноатлантирадими?
— Олтинчи ўринни на муваффақият, на муваффақиятсизлик сифатида айта оламан. Лекин барча жамоаларнинг дастлабки мақсади — кучли олтиликка кириш.

— Мавсум олдидан жамоа олдига қандай минимум вазифа қўйилганди?
— Мавсум бошида олдимизга айнан шундай вазифа қўйилгани — олтиликка кириш. Шундан кейин эса кучли учликка киришга ҳаракат қиламиз. Лекин ҳозирча бу ҳақида ҳеч ким ўйламаяпти. Ушбу босқичда дастлабки вазифани бажариш учун ҳаракат қиляпмиз.

— Ушбу мавсумдаги ўйинингиздан қониқиш ҳосил қиляпсизми?
— Йўқ. Ҳозирча ўйлаган кўп нарсаларим амалга ошмаяпти ва мен кам гол уряпман. Албатта, бу нарса мени бироз асабийлаштирмоқда. Лекин ҳали вақт бор ва вазиятни ўнглайман, деб ўйлайман. Раҳбарият ҳам, мухлислар ҳам мендан кўп нарса кутишаётганини сезиб турибман. Айнан улар учун ҳам ишлашда ва жамоага кўпроқ фойда келтиришга ҳаракат қиламан.

"Левски"дан ўтиш мумкинлигини Димитров айтганди"

— Европа лигаси саралаш босқичидаги қуръа натижасига жамоанинг муносабати қандай бўлди?
— "Левски"га нисбатан муносабатлар турлича бўлди. Кимир хурсанд бўлди, кимдир аксинча. Ҳар қандай ҳолатда ҳам бу Европа лигаси даражасидаги жамоа. Лекин биз, биринчи навбатда, Қозоғистон футболи ва бутун мамлакат шаънини муносиб ҳимоя қилишни ўйладик. Тўла ишонч билан айта оламанки, майдонга чиқадиган ҳар бир футболчи ғалаба учун бор кучини беради. Мотивация борасида камчилик бўлмайди. Кўп нарса бу ўйинларга қандай ҳолатда келишимизга боғлиқ бўлади. Лекин ҳар биримиз кейинги босқичга чиқиш учун қўлдан келган барча ишни қиламиз.

— Бўлажак рақиб ҳақида аниқроқ маълумотга эга бўлдингларми?
— Уларнинг чемпионатдаги сўнгги баҳсини ҳали кўрмаганимиз учун ҳозирча ҳеч нарса дея олмайман. Шуниси маълумки, "Левски" ўтган йили сўнгги турда ўз майдонида дуранг ўйнаб, чемпионлик унвонидан маҳрум бўлди ("Левски" - "Славия" - 1:1). Агар жамоа чемпионликни фақат сўнгги турда бой берган бўлса, демак, жуда кучли рақиб. Болгарларга қарши жиддий тайёргарлик кўряпмиз. Ҳозирча мен уларнинг таркиби, схемаси ва ўйин услуби билан танишмадим, лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам бутун жамоа қаттиқ ҳаракат қилади.

— "Иртиш"дан ташқари ушбу ҳафтада Қозоғистоннинг бошқа жамоалари ҳам еврокубоклардаги рақибларини билиб олишди. Клубларимиз кейинги босқичга чиқа олишадими?
— Европа лигаси ўйинлари пайтида биз "Шахтёр", "Актобе", "Астана" клубларига рақиб бўлмай турамиз. Қозоғистон шарафини Европа саҳнасида ҳимоя қиладиган ҳар бир жамоага мухлислик қиламиз. Улар эса бизга мухлислик қилишади. Насиб қилса, тўрттала жамоа кейинги босқичга чиқиши керак. Агар шундай бўлса, мен бундан хурсанд бўлардим. Ҳозир, айнан ҳозир, биз рақиблар эмасмиз — биз дўстмиз ва бир-биримизни қўллаб-қувватлаймиз.

— Болгария чемпионати ўйинларини биргаликда томоша қилиш борасида "Астана" жамоасидагилар билан қўнғироқлашдингларми?
— Бу менинг ваколатимга кирмайди, балки раҳбарият ўзаро гаплашгандир (кулади). Рақибни ҳали диққат билан ўрганмадик. Ҳозирча қилган ишим — болгариялик дўстим Станимир Димитровга қўнғироқ қилдим. Биз у билан "Левски" ҳақида гаплашдик. Мен ундан бу жамоа ҳақида сўрадим. У бу жамоадан ўтиш мумкинлигини айтди. Энг асосийси, руҳий тайёргарлик борасида муаммо бўлмаса бўлгани. Шунингдек, "Астана"нинг "Ботев"га қарши ўйиндаги имкониятлари ҳақида суҳбатлашдик. Димитров ушбу жуфтликда астаналиклар ғолиб чиқиши кераклигини айтди. Мен барча Қозоғистон клубларига омад тилайман ("Иртиш" "Левски" тўсиғидан ўта олган бўлса, "Астана" кейинги босқичга чиқа олмади — Std.uz).

"Стадион сукунатга чўмди"

— Келинг, энди унчалик ёқимли бўлмаган, аммо сиз учун долзарб бўлган мавзу ҳақида суҳбатлашамиз. Терма жамоа барчасини тўғри қилган ҳолда, лекин ўз мақсадига эриша олмаганида қандай ҳолатга тушдингиз?
— Қатар устидан ғалаба қозонилган ўйиндан кейин (5:1, Бақоев битта гол урди) ҳеч қандай ҳиссиёт бўлмади. Кийиниш хонасида мутлақо жимжитлик ҳукм сурди. Ғалаба қозондик, аммо ҳеч қандай қувонч ёки эйфория бўлмади. Аксинча, аламни ҳис қилдик. Албатта, Эрон Жанубий Кореяни мағлуб этганидан ғазабландик. Лекин нима ҳам қила олардик? Кореяликларга умид қилгандик, аммо улар бизнинг умидларимизни оқлашмади.

— Ушбу натижани мухлислар қандай қабул қилишди?
— Қатар билан ўйинда бизни қўллаб-қувватлаш учун йиғилган стадион тўла одам сукунатга чўмганди. Биз шундай муҳитда майдонни тарк этдик.

— Ўзбекистон шундай юқори натижа қайд этиб, параллел баҳсдаги натижа туфайли гуруҳда учинчи бўлиб қолганидан қандайдир адолатсизлик ҳиссиёти бўлмадими?
— Билмадим. Кореяликлар Эронга қарши ўйинда ҳаракат қилишди, балки унчаликмасдир, аммо эронликлар ягона имкониятдан фойдаланиб, кейин ҳимояга ётиб олишди.

— Ўзбекистон футбол федерацияси раҳбарияти ЖЧ йўлланмаси учун алоҳида мукофот ваъда қилганмиди?
— Албатта. Мукофотлар ваъда қилинганди. Лекин, тўғрисини айтсам, ҳеч ким моддий рағбатлантириш ҳақида ўйламаганди. Бизни пул қизиқтирмасди. Биз Ўзбекистон шаъни учун курашдик, ҳар биримиз ватанпарварлик бурчимизни бажардик. Мен сизни ишонтириб айтаман, пул биринчи ўринда эмасди. Барчамиз фақат ЖЧга чиқиш ҳақида ўйладик.

— Жаҳон чемпионатига чиқишни болаликдан орзу қиласизми?
— Гап шундаки, мен биринчи марта Жаҳон чемпионатига яқин келаётганим йўқ. Ҳар сафар нимадир етмай қолади. Бу сафар муддатидан аввал ЖЧга чиқишимизга ишонгандим, бироқ яна мундиалга яқин келиш билан чегараландик. Мен ишонч билдираман, ҳаттоки ишонаман, терма жамоамиз албатта ЖЧга чиқади. Ҳали имкониятимиз бор. Плей-оффдаги рақибларимиздан қатъий назар Мундиал йўлланмаси учун жон-жаҳдимиз билан курашишга тайёрмиз. Ҳар биримиз "жон чиқар" даражада ўйнаймиз. Қолганини эса вақт кўрсатади.

— Агар бироз орзуга бериладиган бўлсак, бўлажак ЖЧда қайси терма жамоага қарши, қайси ҳимоячига қарши ўйнашни истардингиз?
— (кулади). Ҳозир бу ҳақда гапиришга эрта. Бундай келишамиз: ушбу мавзуда плей-офф ўйинларидан кейин сиз билан гаплашамиз. Жаҳон чемпионатига чиқиб олганимиздан кейин суҳбатимизни давом эттирамиз.

Манба: www.prosportkz.kz
Киритилди: 05:40, 16.07.2013.
Ўқилди: 7270 марта.
Фикрлар: 38 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.