Испания футбол федерацияси (RFEF) президенти Рафаэль Лусан “Реал Мадрид” сардори Даниэль Карвахал билан “Барселона” ҳужумчиси Ламин Ямал ўртасида 10-тур доирасида бўлиб ўтган ўзаро учрашувдан кейин юз берган вазият ҳақида фикр билдирди. Учрашув “қироллик клуби”нинг 2:1 ҳисобига ғалабаси билан якунланди.
«Бу осон вазият эмасди, аммо жиддий нарса йўқ. Иккала футболчи ҳам жамоамиз учун муҳим, иккаласи ҳам жаҳон даражасидаги юлдузлар. Миллий жамоа бош мураббийи Луис де ла Фуэнте билан бу ҳолатни муҳокама қилишга ҳали улгурмадим. Футболда шундай ҳолатлар бўлиб туради», — деди Лусан Mundo Deportivo нашрига берган интервьюсида.
Бундан олдин Ямал мадридликларни айёрлик ва шикоят қилишда айблаган эди. “Реал” ғалабасидан сўнг Карвахал “Барселона” футболчисига жим туришни ифода этувчи ишора билан мурожаат қилди.













