Ўзингизга маълум, эртага, яъни 30 июль куни Ўзбекистон Кубоги ярим финалининг дастлабки учрашуви Тошкент шаҳрида "Пахтакор" ва "Насаф" жамоалари ўртасида бўлиб ўтади. "Насаф" жамоаси ана шу учрашувни ўтказиш учун бугун кечга Тошкент шаҳрига ташриф буюради.
Бу ҳақда бизга "Насаф" ПФК матбуот хизмати раҳбари Азиз Нурий маълумот берди. "Бугун кечки пайт жамоамиз Қарши-Тошкент ҳаво йўли орқали пойтахтга жўнаб кетишади. Жамоамиз бугун бир марта Қарши шаҳрида ўйин олди машғулотини ўтказишади ва кечга йўлга чиқишади. Жамоадаги ўзгаришлар ҳақида хабарингиз бор, биринчи даврада "Олмалиқ" сафида фаолият кўрсатган асли жамоамизда ҳам тўп сурган тажрибали ярим ҳимоячи Самандар Шодмонов бундан буён "аждарлар" аъзосига айланди. Жамоани расман дарвозабон Ғайратжон Ҳасанов ва ярим ҳимоячи Мирзакамол Камолов тарк этишди, улар энди Фарғонанинг "Нефтчи" жамоаси аъзоларидир. "Қизилқум"да шуғулланиб турган жамоамиз аъзоси Элдор Бойматов яна жамоамиз сафига қайтиш эҳтимоли бор, бу ҳақда кейинроқ хабар берамиз. Таркибда бошқа ўзгаришлар йўқ. Эртага Ўзбекистон Кубоги ярим финалининг дастлабки учрашуви "Пахтакор" Марказий стадионида кеч соат 19:00да бошланади. Учрашув ўтказилгач "Насаф" яна Қаршига келиб миллий чемпионатимизнинг 14-турига яъни Гулистоннинг "Гулистон" жамоасига қарши ўйинга тайёргарлик кўришади. Ушбу учрашув 3 август куни Марказий стадионда бўлиб ўтади", - дейди Азиз Нурий.
Биз барча "Насаф" мухлислари номидан жамоамизнинг эртага бўлиб ўтадиган учрашувда фақат зафар қозонишини тилаб қоламиз.