Маълум бўлишича, Чемпионлар лигасининг амалдаги ғолиби "Пари Сен-Жермен" Саудия Арабистонининг "Ал-Иттиҳод" клуби ва Франция терма жамоасининг юлдуз ярим ҳимоячиси Нголо Кантени ўз сафига қўшиб олиш ҳақида ўйламоқда.
Қайд этилишича, таниқли таянч ярим ҳимоячисининг жамоа билан амалдаги шартномаси келаси йилнинг июнь ойига қадар мўлжалланган. Сўнгги маълумотларга кўра, янги битим бўйича ҳали музокаралар йўқ - француз гранди футболчини текинга қўлга киритиши мумкин бўлади.
Эслатиб ўтамиз, футболчи бунгача ҳам Европада тўп тепган, хусусан, Англиянинг "Лестер Сити" ва Лондоннинг "Челси" жамоаларидаги ўйинлари билан ёдда қолганди.
34 ёшли Нголо Канте жорий мавсум Саудия Арабистони клуби сафида 16 та ўйинда майдонга тушди ва 1 та гол уришга муваффақ бўлди. Transfermarkt портали хавбекни 5 миллион еврога баҳоламоқда.













