Жаҳон чемпионати-2026’нинг "К" гуруҳидаги ҳал қилувчи учрашув — Португалия — Колумбия баҳси мундиал учун чипта харидорлари орасида энг оммабоп ўйинга айланди, дея хабар берди "Marca" нашри.
«FIFA Жаҳон чемпионати-2026 гуруҳ босқичи доирасида Португалия ва Колумбия терма жамоалари ўртасидаги учрашув чипталарнинг иккилламчи бозорида мисли кўрилмаган мақомга эга бўлди. Иккилламчи бозордаги турли таҳлилларга кўра, ушбу баҳс бутун турнирда чипта нархи энг қиммат бўлган тўртинчи ўйин сифатида қайд этилди ва чорак финал ҳамда нимчорак финал ўйинларининг деярли барчасини ортда қолдирди.
Майами-Гарденс шаҳрида (АҚШ) жойлашган Hard Rock стадионида бўлиб ўтадиган К гуруҳининг ушбу муҳим ўйини учун чипта нархлари фақат Нью-Йорк ва Нью-Жерсида ўтказиладиган ярим финаллар ва финал баҳслари чипталари билан рақобатлаша олади.
Чипталарни қайта сотишдаги юқори нархлар ҳақидаги хабар ЖЧ-2026 қуръаси ўтказилиб, гуруҳлар ва ўйинлар манзиллари аниқлангандан сўнг дарҳол тарқалди. Катта талаб нархларнинг жадал ошиб кетишига сабаб бўлди.
Португалия — Колумбия ўйини эълон қилинганидан бир соат ўтиб, айрим чипталарнинг қайта сотиш нархи 2000 АҚШ долларига етди, энг юқори пайтда эса 3200 долларгача кўтарилди. Кейинчалик нархлар барқарорлашган бўлса-да, айрим ўринлар учун ўртача нарх ҳали ҳам бир чипта учун тахминан 2200 доллар атрофида қолмоқда.
Португалия — Колумбия учрашуви К гуруҳининг сўнгги ўйини сифатида белгиланган. Гуруҳ босқичидаги охирги тур баҳси бўлгани учун натижа энг кучли саккизликка чиқишни ҳал қилиб бериши эҳтимоли юқори. Бу эса ўйинга қўшимча драматизм ва аҳамият бағишлаб, қизиқишни, шу билан бирга чипталар нархини ҳам оширмоқда», — деб ёзади нашр.
Қайд этиш жоизки, қуръа натижаларига кўра, Португалия ва Колумбия терма жамоалари К гуруҳига тушган бўлиб, ушбу гуруҳдан Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳам ўрин олган.













