"Реал" ва Франция терма жамоаси ҳужумчиси Килиан Мбаппе "ПСЖ"нинг маош қарздорлиги бўйича ишини ютиб чиқди.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил сентябрь ойида Франция Профессионал футбол лигаси (LFP) парижликларни "Реал"га текинга ўтган ҳужумчига 55 миллион евро миқдоридаги маош ва бонуслар бўйича қарздорликни тўлашга мажбур қилган эди. Кейинчалик Мбаппе LFP интизом қўмитасига тўлов амалга оширилмагани бўйича мурожаат қилди, аммо клуб LFP устидан Парижда судга мурожаат қилгани учун мурожаат рад этилди.
Мбаппе молиявий талаблардан ташқари, клубга руҳий босим бўйича шикоят қилган, шунингдек, "ПСЖ"ни 2023 йилда янги шартнома имзолашга мажбурлашда айблаган - ўшанда у асосий таркибдаги ўрнидан вақтинча четлатилганди. Сўнгги маълумотларга кўра, Килиан клубдан 253 млн евро, "ПСЖ" эса собиқ футболчидан 440 млн евро талаб қилмоқда.
Бугун меҳнат низолари бўйича Париж суди Мбаппе фойдасига қарор чиқарди. "ПСЖ"нинг собиқ футболчига қўйган талаблари тўлиқ рад этилди.
"ПСЖ"нинг ҳужумчидан қарзи таътил тўловларини ҳисобга олган ҳолда тахминан 61 миллион еврони ташкил этади. Клуб бир ой ичида суднинг тўлиқ қарорини ўзининг расмий сайтида эълон қилиши шарт.













