Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида бокс бўйича ўтказилган халқаро турнирда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Муроджон Аҳмадалиев (-52 кг) ва Улуғбек Мубинов (+91 кг) ўз вазн тоифаларида барча рақиблари устидан ғалабага эришиб, шохсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилдилар.
Дунёнинг ўндан зиёд давлатидан келган 100 нафарга яқин чарм қўлқоп устаси иштирокида ўтказилган мусобақада Муроджон Аҳмадалиев ярим финалда беларуслик Сергей Лобанни иккинчи раундда нокаутга учратиб, финалда арманистонлик Нарек Абгарянни енган бўлса, 91 кг.дан юқори вазнли боксчилар баҳсида Улуғбек Мубинов Россия вакиллари – Алексей Дуюн, Гасан Гимбатов ва Максим Никифоровни катта устунлик билан мағлуб этиб халқаро турнирнинг олтин медали билан тақдирланди.
Мазкур халқаро турнирда ярим финалга қадар кечган жангларни мағлубиятсиз ўтказган беш нафар юртдошларимиз, Бунёдбек Машарипов, Қобилжон Бобожонов, Отабек Иброҳимов, Зуҳриддин Маҳкамов ва Аббос Атоев бронза медални қўлга киритдилар.