Эстониянинг 28 та футбол клуби Европа футбол ассоциациялари иттифоқи (УЕФА) бош котиби Теодор Теодоридисга Россия жамоаларига солидар тўловларни тўхтатиш чақируви билан мактуб йўллади. Бу ҳақда Err.ee хабар бермоқда.
Манба маълумотларига кўра, Россия жамоалари УЕФА тасарруфидаги мусобақаларда иштирок этмаётганига қарамай, ташкилот Россия клубларига солидар тўловларни амалга оширишда давом этмоқда. Жорий мавсум бошига қадар бундай тўловларнинг умумий миқдори 10 миллион еврога етган.
«Ҳуқуқий нуқтаи назардан тўловларни тўхтатиш Ижроия қўмитаси томонидан тегишли қарор қабул қилинишини талаб қилади. Ушбу мурожаатнинг мақсади — айнан шундай қарор қабул қилишга чақиришдир.
Бу масала долзарб ва муҳим, чунки кеча ФИФА бош котиби (Жанни Инфантино — “Чемпионат” изоҳи) Россияга халқаро футбол мусобақаларида иштирок этишга қайтишга рухсат бериш керак, деган фикрни билдирди. Барча белгилар УЕФА Ижроия қўмитаси февраль ойи охирида бўлиб ўтадиган йиғилишда ушбу масалани муҳокама қилишини кўрсатмоқда.
"Биз УЕФА Ижроия қўмитасида Эстония номидан иштирок этувчи Эстония футбол ассоциацияси (ЭФА) президенти Айвар Похлак ҳам Россияга тўловларни тўхтатиш ва Россия футбол клубларининг Европа футбол оиласига қайтмаслиги тарафдори бўлишидан умидвормиз», — деб иқтибос келтиради манба «Тарту Велько» клуби бошқаруви раиси Март Рааматнинг ОАВга йўллаган баёнотидан.













