Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

«Динамо» ортидаги найранглар

Баҳо:
+ | -

Бугунги куннинг раҳбар кишиси энг аввало мустақил фикрга, дунёқарашга эга бўлган, замонавий билимлардан хабардор, ўз касбини мукаммал билган, ҳалол, пок ва барча фазилатларни ўзида жамлаган комил инсон бўлиши керак. Айнан шундагина халқнинг ҳурмати ва эътиборига сазовор бўла олади. Халқ эса унинг ортидан бориб бунёдкорлик ишларида фаол қатнашади.

Ислом Каримов

Сўнгги кунларда «Динамо» ҳақида шундай гаплар юрибдики, буларнинг барчаси клуб вице-президенти Фирдавс Каримов билан чамбарчас боғлиқ бўлиб боряпти. Тўғри, кўпчилик бўлаётган гап-сўзга клуб раҳбари жавобгар бўлганидан сўнг унинг номи тилга олинади дейиши мумкин. Аммо саккиз ойдан бери бутун бир жамоаю, унинг футболчиларини «қонини ичиб» келиши ҳар қандай инсоннинг ҳам жаҳлини чиқариши турган гап.

Ҳаммамизга маълумки, охирги бир ҳафта ичида Александр Клецков Туркия клубида кўрикдан ўтиб, аммо шартнома имзолай олмай қайтиб келгани анча гап-сўзларга сабаб бўлди. Айни пайтда ПФЛ томонидан эркин агент сифатида эълон қилинган украиналик футболчи Владимир Киликевич ҳам деярли қамоқхонага айланиб қолган жамоадан қутулгани учун дўпписини осмонга отиб юрган бўлса ажабмас. Қолаверса, у кўрикдан ўтган «Бухоро» жамоаси футболчини бундай аҳволга солиб қўймаса керак. Ахир айтишадику, сутдан оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичади деб.

Сўзимиз орасида қамоқхона деган совуқ сўзни тилга олганимизга ажабланманг. Боиси клуб айни пайтда ҳақиқатдан ҳам шу даражага келиб қолган. Жамоа базасидан чиқаётган футболчи обдон текширилади. Бу текшириш шу қадар қаттиқ бўладики, ҳатто аэропорту божхонадигалар ҳам ип ечолмай қолади. Нега дейсизми? Клуб раҳбарининг тушунчаси бўйича жамоа футболчилари мисли ўғри. Шу сабабли ҳам уларнинг кириб-чиқиши қаттиқ назорат остига олинган. Ҳатто ўзининг шахсий машинасида базага келган футболчининг чиқишида бензин бакларигача текширилишини қандай тушиниш мумкин. «Динамо»да футболчининг ҳар қадами жарима. Клуб вице-президентининг антиқа қарори асосида футболчилар оладиган маошларини ярмидан кўпини жаримага сарфлаб юборишади. Нега дейсизми? Келинг, Владимир Киликевич билан боғлиқ бўлган бир воқеани ёдга олайлик.

Чўкаётган одам чўпга ҳам суянади деганидек, «Динамо» раҳбарияти Киликевични осонлик билан қўйиб юбормади. Қўлидан келганча, аниқроғи тиш-тирноғи билан футболчини жамоада олиб қолиб, унга ўзига хос Александр Клецковга ваъда қилинган жазони ҳам тайёрлаб қўйган эди. Яхшиямки кўп ҳолларда танқидлар дашномига қолиб кетадиган ПФЛ футболчининг ҳуқуқи борасида одил қарор чиқарди. Акс ҳолда...

Маълумотларга кўра «Динамо» футбол клуби ҳуқуқшуноси Шуҳрат Ҳотамов украиналик футболчи Владимир Киликевичнинг маоши қисқартирилганлигига сабаб сифатида унинг спорт маҳорати йўқолганлиги тўғрисида сохта ҳужжат, яъни буйруқ тайёрлаб ПФЛнинг эътирозлар қўмитасига исботламоқчи бўлган. Бироқ, эътирозлар қўмитаси клуб томонидан чиқарилган қарорда футболчининг ҳам қўли бўлиши, у нима сабабдан ойлиги қисқартирилганини билиши кераклигини айтгандан сўнг жаноб юрист нима дейишни билмай қолган. Хўш, энди айтингчи биргина қўлдан чиқаётган футболчи учун жорий қилинган сохта буйруқлардан қанча-қанчаси чиқарилган экан? Гап фақат буйруқда бўлса-ку майли. Аммо унинг ортида миллионлаб балки миллиардлаб маблағнинг ётганлигини англаган киши клубнинг эртанги ҳоли нима билан тугашини ҳозирдан тахмин қилса бўлади.

Энг ачинарлиси, нафақат «Динамо»га, балки кўҳна Самарқанду, гўзал Ўзбекистонга меҳмон бўлган бу футболчининг бизга бўлган фикр-қарашлари ўзгариб кетмадимикин? Биргина Фирдавс Каримовнинг найранглари сабаб бутун дунёда ўзбек футболи ҳақида бўлмағур ахборотлар тарқалиб кетмаслигига кафолат борми? Хўш айтингчи, Киликевич Украинага борсаю, у ердаги журналистлар билан суҳбатда бўлса ўзбек, хусусан Самарқанд футболи ҳақида қандай сўзларни айтади? Тасаввур қилаяпсизми?

Ўз муаммолари билан юрган Киликевич билан суҳбатлашганимда футболчилик, ўйин, шартнома, клуб ҳаммасини қўйиб турайлик, инсонийлик жиҳатдан саломингга алик олмайдиган раҳбарни биринчи бор кўришим. Раҳбарда муомала бўлиши керак дея афсус билан гапирди. Хўш, айтингчи. Юртбошимиз юқорида таъкидлаган раҳбарлик хислати аслида шундай бўлиш керакми?

Кези келганда бир гапни айтиб ўтишни лозим топдим. Мавсум аввалида клуб мураббийлари жамоага легионер футболчиларни кўрикдан ўтказиш учун чақиришди. Катта умидлар билан келган украиналик Юрий Мерхел ҳам жамоа назоратида бўлди. Аммо мураббийлар талабига мос келмаган футболчи ўз юртига қайтишда шундай муаммога дуч келдики, буни биргина сўз билан изоҳлаш қийин. Тартиб бўйича жамоага чақирилган легионер футболчиларни келиб-кетиш харажатини клуб ўз зиммасига олади. Бироқ, Фирдавс Каримовнинг буйруғига асосан «Динамо» Юрий Мерхелнинг нафақат келиш харажати, балки кетиш учун ҳам бир сўм бермаган. Бу орада футболчининг оҳ-воҳларию, оворагарчиликларини айтмаса ҳам бўлади. Фақатгина ўша пайтда жамоада ишлаган мураббийлар Олег Горвецдан 500 АҚШ доллари миқдорида қарз олиб футболчини юртига кетишига ёрдам берган. Ана энди айтингчи, бу иш профессионал футболга тўғри келадими? ПФЛ мана шундай жамоалар учун мусобақа ташкил қилиб беряпти?

Аввал ҳам тўхталиб ўтган форма масаласига яна бир бор тўхталиб ўтсак. Мавсум аввалида жамоа футболчиларни кийинтириш мақсадида клуб томонидан 140 миллион сўмлик режа тузилади. Бироқ, бундай катта сумма вице-президент жанобларига ёқмайди ва нархни максимал даражада камайтиришни талаб қилади. Узоқ тортишув ва қисқартирилишлардан сўнг футболчилар 84 миллионга кийинишга мажбур бўлишди. Афсуски, ўша формаларни кийиш жамоа аъзоларининг ҳаммасига ҳам насиб қилмаган. Клубнинг юзи бўлган ўринбосарларнинг кийиниши ҳақидаку гапирмаса ҳам бўлади. Улар клуб формаси деганда жамоа раҳбарларининг ўғлию қариндоши кийиб юрган, кўкрагида «Динамо» деб ёзилган формаларни орзу қилишади холос.

Клуб ходимлари ортиқча харажатларни камайтириб, пулни бўлар-бўлмас нарсаларга сарфламайдиган раҳбар келганидан хурсанд бўлиб юрган бир вақтда жамоа формаси учун 84 миллион эмас, балки 140 миллион сўм кўчирилганини қандай тушуниш мумкин? Тушунишимиз бўйича 84 миллионга форма олган бўлса, айтингчи қолган 56 миллион сўм қаерга ёки кимнинг чўнтагига кетган? 

Бу биргина ҳолат. Сафар харажатларида нархларни максимал даражада юқори қилиб ёзилиши. Шашлик ваъда қилиниб, аслида шўрва бериш ҳолларини ҳисобласа, клубнинг пуллари қаерга кетмоқда деган ҳақли савол туғилади. Машғулотларда футболчилар учун сув берилмаслиги, оддийгина ёрдамчи мураббийнинг зиммасига унинг ўз ойлигидан футболчиларни сув билан таъминлашни буюрган жамоа рахбари ҳақиқатдан ҳам клуб пулларини сақлаб қолаяптимикан?

«Динамо» рахбариятининг нафақат эркак футболчилар, балки аёл футболчиларни ҳам ўз ноғорасига «ўйнатиб» юрганлиги ҳам аянчли ҳолдир. Ҳаммамизга маълумки жорий йилдан бошлаб Олий лига клублари қошида аёллар жамолалари ташкил этиш шарти қўйилди. Кўпчилик қатори «Динамо» ҳам бу талабни қондириши шарт эди. Шу асосда олдинги «Шердор» қизлар жамоасининг футболчилари тамомила «Динамо» аёллар жамоасига ўтказиш шарти қўйилди. Эркакларни чув тушириб юрган одамга аёлга ёлғонлар либосини кийдириб қўйиш ҳайкални кийинтиргандек иш. Айнан Киликевич масаласи билан бир вақтда ПФЛга «Динамо» раҳбарлари устидан шикоят қилган уч нафар қизнинг ҳам дарди оғир. 9 йилдан бери футбол ўйнаб, бирор сўм ҳам олмаган қизлар янги жамоага ўтиш чоғида катта тўсиққа келиши етти ухлаб тушига ҳам кирмаган. Узоқ йиллар давомида сариқ чақасиз бир клуб номини ҳимоя қилган қизлар ишлаган меҳнати учун пул тўлайдиган «Пахтакор» остонасига киришолмай ҳалак. Мана Ўзбекистон футбол федерациясию, Профессионал лигамиз қўяётган талабларга муносабат. Мана аёллар футболини ривожлантириш учун аёлларни қурбон қилиш санъати.

«Динамо» аёллар клубию, унинг бошқарувидаги раҳбардан нолиб юрган қизларнинг бу ҳолга тушиш сабабларини билиш мақсадида жамоанинг собиқ мураббийи Алишер Аҳмедов билан суҳбатлашиб, масалага ойдинлик киритишга ҳаракат қилдик.

— Алишер ака, «Динамо» аёллар жамоасининг уч нафар футболчиси ПФЛга шикоят билан келибди. Бунинг сабабини тушунтириб бера оласизми?
— Тўғриси бундан хабарим йўқ. Сабаби айни пайтда мен жамоада ишламаяпман.

— Нега? Ахир мавсум бошида сизни мураббийликка чақиришган-ку?
— Ҳа, сен ишлаб тур, сени албатта ишга оламан дейишганди. Икки ой ишлаб бердим. Бу вақт оралиғида жамоани қайтадан тузиш ва шакллантириш учун барча керакли ишларни қилдим. Яхши натижага эришиш учун ўз маслаҳатларимни аямадим. Аммо кейин нимадир бўлдию клуб раҳбари сен бизга керак эмассан деб қолди. Шундан сўнг мен жамоани тарк этдим. Кейинчалик билсам клубдан 8-9 нафар қизлар ҳам кетиб қолибди.

— ПФЛга шикоят қилиб келган қизлар клубдан ойлик олишмаганини таъкидлашди.
— Тўғри, қизларнинг ҳеч бири ойлик олмай жамоа манфаатини ҳимоя қилиб келган. Жамоа қизларига фақатгина келиб-кетиши учун 500-1000 сўм йўл харажати бериларди холос.

— Клубни шакллантириш, футболчиларга ойлик бериш учун семета тузилгандир?
— Сметаси бор. Билишимча 100 миллиондан зиёд. Аммо нима сабабдан қизларга ойлик берилмаганини билмайман.

— Жамодан кетган бўлсангиз ҳам унинг тақдири билан қизиқдингизми?
— Албатта, билишимча айни пайтда жамоани Учқун Қобиловга бериш арафасида.

Самарқандда тўп тепиб, тирикчилик қилаётган футболчиларнинг кўпчилиги ойлик масаласида шикоят қилишади. Икки-уч ойлаб маош ололмаётган футболчилар додини кимга айтишни билмайди. «Тежамкор» клуб раҳбаригами ёки жамоани пул билан таъминлайдиган ҳомийларгами? Балки ПФЛга дерсиз? Аммо қаерга мурожжат қилмасин масала барибир «Самарқанд футболи губернатори»га айланиб олган Фирдавс Каримовга бориб тақалади. Вилоят футболида гегемонликни қўлга олган вице-президентсиз ҳеч бир футболчи сариқ чақа ҳам ололмайди.

Оддийгина, Биринчи лигада иштирок этадиган «Регистон» ва «Шердор» жамоалари футболчиларга ойлик бериши учун Фирдавс Каримовнинг рухсатини олиши шарт. Бироқ, қуруқ қошиқ оғизни йиртади, деганларидек жаноб вице-президент қуруқ қўлларга ҳадеганда рухсат беравермайди. Натижада молиявий муаммоларни ҳал қилиш учун раҳбарнинг оғзини “ёғлаш”га тўғри келади. Қандай қилиб дейсизми? Буни Фирдавс Каримовга иши тушган барча билади. Қисқаси, мушук текинга офтобга чиқмайди.

Мазкур мақола юзасидан изланиш олиб боганимда кўпчилик ёзганларингизни бирортаси ҳам ҳоким ўқимайди. Боиси вилоят ҳокимига жамоанинг бундай аҳволини етказишмайди деб нолиб қолишди. Нега, десам “ака, у ерда ҳам манфаатдорлар борда”, дейишдан нарига ўтмади. Ўйлаб қолдим, унда вилоят матбуот хизматини нега ташкил қилди экан. Шунча аҳволни кўриб турган, вилоятда бўлаётган воқеаларни ҳокимга етказиб турадиган матбуот хизматининг ҳам Фирдавс Каримовга келганда ручкаси ёзмай, компьютери ишламай, принтери чиқармай қоладими? Ёки оч қорним тинч қулоғим деб вилоят футболи ўлиб борса ҳам жим тураверадими? Бироқ бир ҳақиқат борки, буни асло унутмаслик лозим. Алломалар айтганидек, бир ҳовуч одамларни бир умр алдаб юриш мумкин, бутун халқни муайян вақт давомида алдаш мумкин, аммо бутун халқни ҳамиша алдаб юришнинг иложи йўқ. Мухтасар қилиб, Юртбошимиз таъбири билан айтганда, мен ақл идрок ва инсонийлик кучлари ғалаба қозониши кераклигига ишонаман.

Фарҳод НОРБЎТАЕВ

P/S: Бир неча йиллар олдин «2012» деган кино чиқиб қолди. Кинонинг ғояси 2012 йил охирзамон бўлиб, ер юзи йўқ бўлиши ҳақида баён этилган. Бироқ, мана 2013 йилни ҳам ярмидан кўпини ўтказиб олдик. Худога шукрки, дунёмиз тинч. Лекин бир нарса борки, Самарқанд футболига бефарқ бўлмаган барчани бирдек ташвишлантиради. «Динамо» жамоаси вице-президенти Фирдавс Каримов клуб бошқарувини 2018 йилгача бошқариш ҳуқуқига эга. «2012» киносидаги охирзамон гапларига ишонмайману, аммо бу кетишда 2018 йилда «Динамо» «қизил китоб»га киритилган жамоалар қаторидан жой олса ҳеч ҳам ажабланмайман.

Манба: www.norbutayev.blogspot.com/
Киритилди: 17:50, 11.08.2013.
Ўқилди: 12318 марта.
Фикрлар: 103 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.