Москвада давом этаётган енгил атлетика бўйича жаҳон чемпионатининг найза улоқтириш мусобақасида ҳамюртимиз Иван Зайцев финал босқичи йўлланмасини қўлга киритди. Бугун бўлиб ўтган саралаш босқичида ўзбекистонлик спортчи 33 нафар атлет ўртасида бешинчи натижани қайд этди. Финалда эса 12 спортчи медаллар учун баҳс олиб боради.
Ҳар бир атлетга 3 мартадан уринишни амалга ошириш имкони берилди. Зайцев дастлабки уринишдаёқ найзани 81 метр 53 сантиметр масофага улоқтирди. Иккинчи уринишда эса Иван техник хатога йўл қўйгани учун натижаси инобатга олинмади. Ҳамюртимиз учинчи уринишни амалга оширишга ҳожат қолмади. Илк уринишдаги натижа унга финал йўлланмасини тақдим этди.
Саралашда финляндиялик Теро Питкямяки 84.39, мисрлик Абдулраҳмон ас-Сайид 83.62, яна бир финляндиялик Антти Руусканен 81.36, норвегиялик Андреас Торкилдсен эса 83.05 метр натижа билан И.Зайцевдан юқорироқ ўринни эгаллашди. Ўзбекистонлик спортчининг шахсий рекорди 85.03 метрга тенг бўлиб, у 2012 йилда ўрнатилган. Унинг ушбу мавсумдаги энг яхши натижаси эса 83.79 метрга тенг.
Найза улоқтириш мусобақасининг финал баҳси 17 август, шанба куни кечки дастурда бўлиб ўтади.
Бугун баландликка сакраш мусобақасида иштирок этган Надя Дусанова эса финал йўлланмасини йўлга кирита олмади. У 183, 188 см баландликдан муаммосиз сакраб ўтдию, аммо 192 см баландликни 3та уринишда ҳам забт эта олмади. Дусанова ундан ҳам сакраб ўтганига финалда қатнашиш ҳуқуқига эга бўларди.