Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Баҳодир Аҳмедов: «Мусобақада ғалаба қозонишни хоҳламаган жамоа - жамоа эмас»

Баҳо:
+ | -

Тошкентнинг "Ардус" футзал клуби Осиё чемпионатида иштирокини бошлашига ҳам икки ҳафтадан камроқ вақт қолди. Ўтган йили Қувайтда бўлиб ўтган мусобақада жамоа анча муваффақиятли қатнашиб турнир финалига қадар етиб борганди. Бу йил қитьа биринчилиги Япониянинг Нагоя шаҳрида 27-август - 1 сентябрь кунлари бўлиб ўтади.

Ушбу мусобақа олдидан клуб расмий сайти бош мураббий Баҳодир Аҳмедов билан суҳбат уюштирди.

-Аввало жамоанинг Осиё чемпионатига қандай тайёргарлик кўргани тўғрисида маълумот берсангиз. "Ардус" қаерда ва қандай тарзда машғулотлар олиб борди?

-Айни вақтга қадар биз Тошкентда иккита йиғин ўтказиб бўлдик. Августнинг катта қисмини асосан йиғинлар билан ўтказдик. Улардан сўнг энди айтишим мумкинки, йигитлар яхши жисмоний ҳолатдалар. Йиғинлар уюштириш борасида ҳеч қандай муаммолар бўлгани йўқ. Шароитлар яратилди, ишлар режа бўйича кетяпти.

-Назорат ўйинлари хусусида нима дея оласиз?

-Албатта, бусиз бўлмайди. Осиё чемпионатининг муҳимлиги ва унда иштирок этиш осон кечмаслигини ҳисобга олиб, бир қатор кучли рақиблар билан учрашувлар белгиланган. Жумладан 18 ва 19 август кунлари Қозоғистоннинг "Қайрат" жамоасига қарши майдонга тушамиз. Хабарингиз бор, ушбу клуб Европанинг амалдаги чемпиони ҳисобланади.

-Сиз "Ардус"ни яқиндагина қабул қилиб олдингиз. Умуман бу ўзи қандай рўй берди? Ахир сиз айни пайтда миллий терма жамоа бош мураббийи ҳам ҳисобланасиз.

-Ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинларидан кейин "Ардус" президенти Жаҳонгир Усмонов билан суҳбатлашдим. У менга жамоани бошқаришимни таклиф этди ва мен рози бўлдим. Қўшимча қилишни хоҳлардимки, янги ишимда менгача бош мураббий бўлиб келган Бахтиёр Тоғаевнинг ёрдами анча қўл келди. Ҳозир у менинг ассистентим, лекин машғулотлар жараёни ва тактикалар танлашда қарорларни бирга қабул қиламиз.

-Демак, жамоадаги муҳит аъло даражада?

-Бўлмасамчи? Биз ҳаммамиз - футболчилар ва мураббийлар - бир-биримизни жуда яхши биламиз. Жамоадаги салбий муҳит ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмас.

-Таркибни аниқлаб олдингизми?

-Ҳа, 14 футболчини танлаб олганмиз. Тайёргарлигимиз доирасидаги илк йиғинимизда 18 ўйинчи қатнашганди. Ҳозирги вақтга келиб фақат энг кучлилари қолдилар.

-Келинг, энди Осиёнинг энг муҳим клуб мусобақасига ўтсак. Гуруҳдаги рақибларимиз ҳақида нима деб ўйлайсиз?

-Қурьа бизни энг кучли рақиблар билан рўпара қилди. Таиланд ва Эрон жамоаларининг кучига ҳеч қачон шубҳа қилмаймиз. Айтиш мумкинки, Қатарнинг "Ас-Садд" клуби ҳам оддий рақиб эмас. Шунинг учун бизни қийин ўйинлар кутмоқда. Биринчи учрашувни Таиланднинг "Чонбури Блувейв" клубига қарши ўтказамиз. Ўйиннинг аҳамияти ҳам, унга тайёргарлик ҳам шунга яраша юқори бўлади. Шунингдек, бу жамоани термамиз собиқ бош мураббийи Хосе Мария Мендез бошқармоқда. У билан бирга ишлаганим учун айта оламанки, у кучли мутахассис.

Ва албатта, гуруҳдаги сўнгги ўйинимиз - турнирнинг амалдаги ғолиби Эроннинг "Санае Гити Пасанд"га қарши учрашувни ҳам эслаб ўтмай иложимиз йўқ. "Ардус" бу жамоага ўтган йили финалда имкониятни бой берганди. Умид қиламизки, жамоаларнинг бу сафарги учрашувида бизнинг қўлимиз баланд келади.

-Терма жамоада Мендезнинг ёрдамчиси бўлиб ишладингиз. Унинг услуби сизга бегона эмас, ўз навбатида у ҳам асосий футболчилари терма жамоада ҳам тўп сурувчи "Ардус" ўйинчиларининг имкониятларидан яхши хабардор. Шуларни ҳисобга олиб, ғалаба қозониш имконияти кимда кўпроқ?

-Буни вақт кўрсатади. Аммо Мендезга қарши биз бошқача тактикада ҳаракат қиламиз. Битта нарса аниқ: тўқнашувимиз жуда қизиқ бўлади.

-Суҳбатимиз сўнггида ушбу турнирда "Ардус" олдига қўйилган вазифа ҳақида билишни истардик.

-Бизнинг энг биринчи вазифамиз - гуруҳдан чиқиш. Кейинроқ биз планкани кўтариб бораверамиз. Мақсадимиз эса турнирда ғалаба қозониш. Агар энг олий мақсадни ўз олдингга қўймас экансан, унда бундай мусобақага бориб нима қиласан? Мусобақада ғалаба қозонишни хоҳламайдиган жамоа - жамоа эмас. Шундай экан, биз энг юқори натижани қайд этиш учун қўлимиздан келган барча ишни қиламиз.

Манба: www.ardusfc.uz
Киритилди: 11:37, 17.08.2013.
Ўқилди: 4262 марта.
Фикрлар: 9 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.