Эрон аёллар терма жамоасининг беш футболчиси Австралиядаги Осиё Кубоги вақтида жамоа ихтиёридан қочиб кетди. Жамоа гуруҳ босқичининг сўнгги ўйинида Филиппин терма жамоасига 0:2 ҳисобида имкониятни бой берди ва “А” гуруҳида сўнгги ўринни эгаллаб, турнирни тарк этди.
Аввалроқ Эрон давлат телевидениеси бошловчиси Моҳаммад Ризо Шаҳбози Осиё Кубогидаги дастлабки ўйинида миллий мадҳияни куйламаган футболчиларни кескин танқид қилган эди.
“Уруш пайтида сотқинларга нисбатан қаттиқроқ муносабатда бўлиш керак”, деган эди у.
Ушбу воқеадан сўнг Профессионал футболчилар ассоциациялари халқаро федерацияси (FIFPro) FIFA ва Осиё Футбол Конфедерациясидан (ОФК) футболчи қизларнинг хавфсизлигини таъминлашни сўраган.
“The Athletic” нашрининг хабар беришича, ҳозирда FIFA, ОФК ва Австралия ҳукумати қизларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Эрон аёллар терма жамоасининг мамлакатда қолиш муддатини узайтириш масаласини муҳокама қилмоқда. Айни дамда жамоа учун ортга қайтиш рейси банд қилинмаган.
Шунингдек, Филиппин билан ўйиндан сўнг Эроннинг беш нафар футболчиси меҳмонхонадан қочиб кетгани таъкидланмоқда. Қизларга жамоа қароргоҳини тарк этишда полиция ёрдам берган. Спортчилар 9 март, душанба куни терма жамоанинг режалаштирилган кечки овқатида иштирок этмаган. Ҳозирда қочиб кетган футболчилар Австралия федерал полицияси назорати остидаги хавфсиз жойда сақланмоқда.













