Суперлиганинг 3-тури доирасида ўтказилган ОКМК — «Сўғдиёна» (2:2) учрашувидан сўнг жиззахликлар бош мураббийи Иван Бошкович матбуот анжуманида иштирок этди.
— Ўйин ҳақида фикрингиз?
— Ҳар доим бўлгани каби ОКМК ва «Сўғдиёна» ўртасидаги учрашув яна қизиқ кечди. Мухлислар қизиқарли баҳс гувоҳи бўлишди деб ўйлайман. Интрига ўйин охиригача сақлаб қолинди. Режа бўйича иш олиб бордик ва биринчи голни урдик. Шундан сўнг рақиб томонидан босимга дуч келдик, ҳаводан кўп тўп узатишлар амалга оширилди, қанотдан ва ўртадан тўп узатишларни кўрдик. Ғалабани сақлаб қола олмадик, аммо охиригача курашдик. Футболчиларга эътирозим йўқ, бир очкони ҳақли қўлга киритдик. ФИФА кунларига қадар яна битта ўйинимиз қолди, шу учрашувни ҳам кўтаринки руҳда ўтказишга ҳаракат қиламиз.
— Қизиқарли ўйин учун сизга ҳам раҳмат. Саволим шундай: Люпчо Дориев алмаштирилиши нима билан боғлиқ? Чунки усиз жамоа ўзгариб қолди.
— Кичик жароҳат рўй берди. Шу боис футболчимиз ҳолати билан таваккал қилишни хоҳламадик. Олдинда «Пахтакор»га қарши баҳс кутмоқда, шунинг учун Дориевни алмаштирдик ва кейинги ўйинга сақлашга қарор қилдик. Дориевсиз ҳам жамоа ўйнашда давом этди. Гол урдик. Тўғри, Дориев биз учун муҳим футболчи, унинг ўйинчилик маҳоратига кўз юма олмаймиз, лекин футболни бутун жамоа ўйнайди.
— Жамоангиз ўтган йилгидек мавсумни ёмон бошлади. Учта ўйинда атиги бир очко ва бир нечта голлар ўтказиб юбориш. Бу нима билан боғлиқ?
— Бундан афсусланиш керак эмас деб ўйлайман. Ҳали олдинда ўйинлар кўп. Ҳамманинг ўз муаммолари бор. Жароҳатлар халал беряпти: Қаҳрамонов, Ивановичда жароҳат бор. Қобилов қизил карточка олиб қолди. Биз учун ҳамма футболчилар қадрли, захирадагилар ҳам. Шунинг учун дод-фарёд чекмоқчи эмасмиз. Ҳамма ўз ишини қиляпти. Раҳбарият бизга энг яхши шароитни қилиб беришга ҳаракат қилмоқда. Таслим бўлганимиз йўқ.
— Миркович уч ўйинда 8 та гол ўтказди. Унга кейинги учрашувда ҳам ишонасизми? Умуман жамоада дарвозабонлар орасида рақобат қандай?
— Дарвозабон учун гол ўтказишдан ўтказмаслик яхши деган гап бор. Буни биламиз. Лекин ўйинда голларни бутун жамоа ўтказяпти, фақат дарвозабон эмас. Мен ҳам ўз пайтимда кўп йил футбол ўйнаганим учун майдонда нималар содир бўлаётганини жуда яхши тушунаман. Миркович — яхши дарвозабон, у мослашув жараёнини бошдан ўтказяпти. Бу табиий ҳол. Вақти келиб у ҳам ўзини кўрсатади, мана кўрасиз. Яхши натижалар албатта бўлади. Шов-шув кўтариш керак эмас, ишлашда давом этсак, ҳаммаси яхши бўлади.













