Transfermarkt порталининг сўнгги янгиланишига кўра, Фермин Лопеснинг бозор қиймати 100 миллион еврога етди.
«Барселона» ярим ҳимоячиси мураббий Ханси Флик қўл остида ажойиб мавсумни ўтказмоқда — у 37 та ўйинда майдонга тушиб, 11 та гол ва 15 та голли узатмага муаллифлик қилди.
Ушбу мавсумдаги самарали кўрсаткичларидан сўнг, футболчининг баҳоси 70 миллион евродан 100 миллион еврога кўтарилди ва бу 43 фоизлик ўсишни англатади. Бундай кўтарилиш Ферминни жаҳон футболидаги энг қиммат 20 нафар футболчи қаторига олиб кирди ва унинг «Барселона» ярим ҳимоясидаги роли тобора ортиб бораётганини яққол кўрсатди.
«Кўк-анорранглилар»нинг бошқа аъзоларида ҳам ижобий ўсиш кузатилди. Хусусан, Марк Бернал жароҳатдан сўнг сафга қайтиб, асосий таркибдан мустаҳкам ўрин эгаллагани боис, унинг нархи 10 миллион евродан 30 миллион еврогача кўтарилди.
Шу билан бирга, Педри 150 миллион евролик кўрсаткич билан дунёнинг энг қимматбаҳо футболчилари қаторида қолмоқда. У бу борада фақат Ламин Ямал, Эрлинг Холанд ва Килиан Мбаппедан ортда қолмоқда.













