Кеча бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Эрон ўсмирлар терма жамоалари ўртасидаги ўйиндан кейин меҳмонлар катта мураббийи Иззатиллоий билан қисқача суҳбатлашдик.
"Биз жаҳон чемпионатига тайёргарликни яқинда бошладик. Бундай ўйинлар биз учун фойдали. Таркибда кўп янги ўйинчиларни синовдан ўтказяпмиз. Бугунги ўйинда гол уриш учун кўплаб имкониятларга эга бўлдик, аммо улардан фойдалана олмадик. ЖЧгача ҳали 2 ой вақт бор. Бу вақтда энг юқори формага чиқиб оламиз. Ўзбекистон терма жамоаси ҳақида фикр юритадиган бўлсам, улар тезкор ва ҳаракатчан. Лекин ЖЧда жисмоний жиҳатдан бақувват футболчиларнинг фойдаси кўпроқ тегади. Айниқса, африкалик футболчилар гавда жиҳатдан йирик ҳисобланади. Яккама-якка курашларда бу ўз таъсирини кўрсатади. Мен бу ҳақда ўз фикримни Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийига ҳам айтдим. Насиб қилса, Ўзбекистон ва Эрон ЖЧда яхши иштирок этишади деган умиддаман", дейди мураббий.
Миллий терма жамоа миқёсида икки мамлакат ЖЧ-2014га чиқиш учун бир гуруҳда кураш олиб борди. Якунда эса Эрон йўлланмага эга бўлди. Бу борада эронлик мутахассис Ўзбекистонга омад келмади деб ҳисолайди.
"Мен Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ўйинларини кузатиб бораман. Жамоа — жуда кучли. Саралашнинг сўнгги 2та баҳсида Ўзбекистонга бироз омад кулиб боқмади. Иорданияга қарши плей-офф ўйинларида эса Ўзбекистоннинг имкониятларини юқори баҳолайман", дейди Иззатиллоий.