Конго Демократик Республикаси 2026 йил 1 апрель, чоршанба кунини бутун мамлакат бўйлаб расмий дам олиш куни сифатида эълон қилди. Бу қарор миллий терма жамоанинг ЖЧ-2026 финал босқичига чиққани муносабати билан қабул қилинди.
Расмий баёнотда ҳукумат ушбу натижани «тарихий йўлланма» дея баҳолаб, «Леопардлар» учун бу катта ютуқ эканини таъкидлади. Меҳнат ва бандлик вазирлиги эса ушбу кун мамлакат бўйлаб ҳақ тўланадиган дам олиш куни сифатида белгиланганини маълум қилди.
«Конго Демократик Республикаси “Леопардлари”нинг 2026 йилги жаҳон чемпионатига тарихий йўлланма олгани муносабати билан 2026 йил 1 апрель куни бутун мамлакат ҳудудида расман дам олиш куни деб эълон қилинади», — дейилади баёнотда.
«Леопардлар» йўлланмани плей-офф турнирида Ямайкани драматик тарзда мағлуб этиб қўлга киритди. Учрашув қаҳрамонига ҳимоячи Аксел Туанзебе айланди — у 100-дақиқада ҳал қилувчи голни киритиб, жамоасига ғалаба келтирди.
Бу гол Гвадалахарадаги стадионда йиғилган конголик мухлислар орасида катта байрам кайфиятини юзага келтирди. Улар учрашув давомида ўз жамоасининг ҳужумларини катта ҳаяжон билан кузатиб боришган эди.
Ушбу натижа Конго ДР учун 1974 йилдан бери илк бор жаҳон чемпионатида иштирок этиш имконини берди. Ўша пайтда мамлакат Заир номи остида қатнашган ва барча учта ўйинда мағлуб бўлиб, тўплар нисбати -14 билан мусобақани тарк этган эди.
ЖЧ-2026 қуръасига кўра, Конго Демократик Республикаси K гуруҳидан жой олган бўлиб, Колумбия, Португалия ва Ўзбекистонга қарши баҳс олиб боради.
Шунингдек, Ироқ терма жамоаси ҳам Боливия устидан 2:1 ҳисобида ғалаба қозониб, мундиалга йўлланма олди. Бу уларнинг 1986 йилдан бери илк бор жаҳон чемпионатида иштирок этиши бўлади.













